ЭГРИ ЙЎЛНИНГ ОХИРИ

Ҳаётда нафс қутқусига учиб, охир-оқибат аянчли қисматга гирифтор бўлганларнинг афсус-надомати, аслида, барчага сабоқ бўлиши керак. Чунки нафсга берилиб, тўғри йўлдан адашиш фожиали қилмишларга сабаб бўлиши ҳаётда аллақачон ўз исботини топган.
Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида яшовчи Максим Копшин (исм-шарифлар ўзгартирилган) анчадан буён яширинча гиёҳванд моддаларни ташиш ва сақлаш билан шуғулланар, шу боис бу нопок йўл орқали бироз пул ҳам жамғариб қўйганди. Кунлардан бир кун қибрайлик Фатҳиддин Алихонов бундан хабар топиб қолади.
Шундан сўнг Ф. Алихоновнинг кўнглида М. Копшиннинг жамғармасини қўлга киритишдек ғаразли фикр пайдо бўлади. Аммо у буни бир ўзи амалга оширишга кўзи етмагач, шерикларидан ёрдам сўрайди.
— Менинг яхши бир режам бор, лекин сал қалтисроқ, — дейди у танишлари Ибрат Ғайбуллаев ва Рашид Дўстмуродовга.
Унинг сўзларини эшитиб, шериклари ҳам қизиқиб қолишади.
— Қани, айтчи, нима гап? — дейишади улар.
Шундан сўнг Ф. Алихонов М. Копшинни таниш-билишлари орқали анча вақтдан буён кузатиб юргани ва чўнтаги қуруқ эмаслигини айтиб, ўзининг жиноий режасини баён қилади. Буни эшитиб, шериклари ҳам қизиқиб қолишади. Айниқса, И. Ғайбуллаевнинг кўзлари чақнаб кетади. Аслида, у муқаддам босқинчилик ва ўғрилик жиноятларини содир этиб, “тажриба орттиргани” туфайли яна жиноий қилмишга қўл уришдан тап тортмасди.
Қисқаси, ўша куни И. Ғайбуллаев, Ф. Алихонов ва Р. Дўстмуродов олдиндан жиноий режа тузиб, ўзаро тил бириктиришади. Сўнг 2024 йил 19 август куни соат 19.30 ларда Мирзо Улуғбек туманининг Аҳмад Югнакий мавзесидаги М. Копшин истиқомат қиладиган хонадон ёнига келишади.
Жиноий шериклар юзларига қора матодан ишланган ниқоб таққан ҳолда ғайриқонуний равишда унинг уйига бостириб киришади.
Жиноятчилар уйга бостириб киришлари билан М. Копшинга ҳужум қилиб, уни дўппослаб, тепкилашга тушишади. Сўнг босқинчилар унинг қўл-оёқларини боғлаб, ўлдириш билан қўрқитиб, пул ва қимматбаҳо буюмларини беришни талаб қилишади. Шу аснода босқинчилар “Iphone 14 Pro” русумли уяли телефонидаги “Тенге банк” иловаси орқали электрон ҳамёнидаги 2 миллион сўм, “AppleWatch” қўл соати ва хотира қурилмаси, 600 минг сўм нақд пул, кумуш тақинчоқ ва телефон қувватлаш мосламасини қўлга киритишади. Аммо бу “ўлжа” жиноятчиларни қониқтирмайди. Бинобарин, улар бошқача ҳийла ўйлаб топишади.
— Ёз мана бу қоғозга!, — дейди улардан бири М. Копшинга.
Яъни босқинчилар М. Копшинга уларга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги ҳақида мажбурлаб гапиртириб, бу ҳолатни видеотасвирга олишади. Қолаверса, гўёки улардан бир ой муддатда қайтариш шарти билан 10 000 АҚШ доллари олганлиги, қарзининг ярмини 10 кунда, қолган 5 000 АҚШ долларини эса, 2024 йил 15 сентябрда тўлиқ қайтариб бериши тўғрисида тилхат олишади. Босқинчилар “IPhone 14 Pro” русумли уяли телефони, хорижга чиқиш паспорти ва 34 дона ўрамдаги гиёҳвандлик воситасини гаров тариқасида олишади. Шунингдек, улар пулни бермаса, видеотасвирни ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиб, жиноий жавобгарликка торттириш билан қўрқитишади.
Буни қарангки, гарчи ўзи ҳам жиноятчи бўлса-да, шу ўринда М. Копшин қонуний йўл тутади. Яъни у босқинчиларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилади.
Унинг мурожаати асосида 2024 йил 21 август куни соат 21.30 ларда тезкор тадбир ўтказилади. Ушбу жараёнда М. Копшин аввалига Мирзо Улуғбек туманининг Юзработ кўчасида жойлашган “Korzinka” супермаркети олдида Ф. Алихонов билан учрашади. Ф. Алихонов эса, унга Қибрай тумани Салар қўрғони, “Фаровон” маҳалласи ҳудудида жойлашган ёнғинга қарши кураш бўлими ёнига боришини айтади.
Хуллас, М. Копшин белгиланган манзилга етиб боради. Бироздан сўнг “GENTRA” русумли, давлат рақами eчиб қўйилган автомашинада И. Ғайбуллаев келади. Шунда у М. Копшиндан талаб қилинган пул ҳисобидан 3 000 АҚШ долларини олган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан далилий ашё билан ушланади. Жиноий шерикларнинг қилмишини И. Ғайбуллаевнинг автомашинасидан топилган М. Копшиннинг гаровга олинган буюм ва ҳужжатлари ҳам тасдиқлайди.
Бинобарин, ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилади.
Ушбу қилмиш жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида кўриб чиқилди. Суд И. Ғайбуллаев ва Р. Дўстмуродовни Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми “в” банди, 165-моддаси 2-қисми “б”, в” бандлари, 227-моддаси 2-қисми “а” банди ва 271-моддаси 2-қисми “б”, “е”, “ж” бандлари, Ф. Алихоновни эса, 28,164-моддаси 3-қисми “в” банди ва 28,165-моддаси 2-қисми “б”, “в” бандлари билан айбдор деб топиб, тегишли муддатларга озодликдан маҳрум этди.
Юқорида баён этилган жиноий қилмиш таҳлил этилганда, нафс қутқусига учиш, енгил йўл билан бойлик орттиришга уриниш кишини қандай тубанликка бошлаши яққол кўринади. Хўш, жиноий шериклар бу қилмишга қўл уриб, нима топишди?
Ҳа, шундай, узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, шунингдек, оила, маҳалла-кўйда бадном бўлишди.
Демак, бундан келиб чиқадиган хулоса шуки, ҳаётда инсонни фақат ҳалол меҳнати улуғлайди. Жиноий қилмиш эса, ҳеч қачон жазосиз қолмайди.
Дилноза ҲОЛИҚНАЗАРОВА,
жиноят ишлари бўйича
Мирзо Улуғбек тумани
судининг судьяси