ТЎҒРИ ЙЎЛДАН АДАШГАНЛАР ҚИСМАТИ

Ҳаётда пешона тери тўкмай енгил йўл билан бойлик орттиришга уринган кимсаларнинг қилмиши ҳамиша аянчли якун топган. Чунки бундай нопок йўл кишини нафақат бадном қилади, балки тегишли жиноий жавобгарликни ҳам келтириб чиқаради.
Масалан, Қўшкўпир туманидаги Ошоққалъла маҳалласида яшовчи Ризо Рўзиматов, Асрор Ражабов, Ҳаёт Ҳасанов, Улуғбек Юсупов ҳам ҳаётнинг тўғри, равон ва фаровон турмушга элтувчи йўл қолиб, қора қилмишга — гиёҳвандфурушликнинг чиркин гирдобига ўзини уришди. Ҳамтовоқлар инсон умрини заҳарлаш, унга рахна солишга қаратилган жиноий қилмишни узоқни кўзлаган ҳолда бошлашди. Аввалига эл кўзидан пинҳона ва хуфёна тарзда содир этилган қилмишлар бесамар кетмади. Катта миқдордаги гиёҳвандлик моддаси ана шу бадният кимсаларнинг қўлига тушиб, меҳнатсиз бойиш манбаига айланди. Бироқ қинғирликнинг умри қисқа ва бошида иллати борнинг тиззаси қалтирайди. Айни шундай ҳолат 2023 йилнинг 26 октябрь тунида Урганч туманидаги “Чолиш” йўл-патрул хизмати масканида рўй берди. Вилоят ҳудудидан чиқиб кетаётган “Cobalt” русумли “90 Е 685 SА” давлат рақам белгили автоулов ҳайдовчисининг бежо ҳаракати ҳуқуқ-тартибот идораси ходимларининг эътиборини ўзига тортмай қолмади.
“Ҳаёт Ҳасановман. Қўшкўпир туманининг Ошоққальа маҳалласида яшайман. Тошкентга йўловчи ташиш билан шуғулланаман, ҳозир ҳам шу йўналиш бўйича кетяпман”, — дея жавоб берди автомашина ҳайдовчиси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари саволларига.
Бир қарашда ҳаммаси рисоладагидай. Аммо коса тагида нимкоса ҳам бор ва у ҳали бўй кўрсатганича йўқ. Ўша “нимкоса”ни йўл-назорат маскани ходимлари кўтаришди. Автомашинанинг орқа ойнаси олдидан қандайдир бир бўлак жигарранг моддани топиб олишди. Кейин аниқланишича, бу модда вазни 97,56 граммга тенг “тарьяк” гиёҳвандлик воситаси экан.
Шундан сўнг изқуварлар сўраб-суриштириб, калаванинг учини топишга муваффақ бўлишди. Назорат ходимларининг аксарияти ўша тунни бедор ўтказишди: дастлаб ножўя қилмиш устида қўлга тушган Ҳ. Ҳасановнинг уйига боришди. Улар излаган матоҳ ётоқхонадаги темир печка ичидан топилди — 2 та 1 литрлик шиша идишларга жойланган номаълум модда пировардида вазни 108,52 граммдан иборат кўп миқдордаги “марихуана” (кандир) гиёҳвандлик воситаси бўлиб чиқди. Ҳ. Ҳасанов ушбу заҳри қотилни сотиш учун ҳозирлаб қўйгани, аммо бу ишни ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра, охирига етказа олмагани маълум бўлди. Ҳ. Ҳасанов чорасиз қолгач, айбини тан олди.
Орадан кўп ўтмай Ҳ. Ҳасановнинг автомашинасидан топилган “юк” қаердан келиб қолгани ҳақидаги саволга ҳам жавоб топилди. “Юк” аслида Ҳ. Ҳасановнинг яқин қариндоши Р. Рўзиматовга тегишли бўлиб чиқди.
Аниқланишича, у Ҳ. Ҳасановдан гиёҳвандлик воситасини Тошкентга олиб боришни илтимос қилган. Ўз навбатида, Р. Рўзматов хонадонига куёв бўлмиш Ҳ. Ҳасанов бу сўровни рад этмаган. “Юк”ни юқорида қайд этилганидек, автомашинанинг орқа ойнаси олдига жойлаган. Р. Рўзматов ҳам куёвининг хизматини “муносиб” тақдирлаган. Яъни у Ҳ. Ҳасановнинг гиёҳвандлик касалига чалинганини назарда тутиб, унга 1,06 граммга тенг гиёҳвандлик моддасини тортиқ этган.
Бунинг устига, вазни салкам 100 граммдан иборат гиёҳвандлик воситаси Р. Рўзиматовнинг қўлига ҳам ўз-ўзидан келиб тушмаган. Аниқроқ айтадиган бўлсак, қўшкўпирлик бу кимсалар ўзларини мунтазам равишда гиёҳвандлик воситаси билан таъминлаб келган Тошкент шаҳрида яшайдиган Алишер Тўлагановдан (А. Тўлаганов ва унинг шерикларига оид жиноят иши алоҳида ажратиб олинган ҳолда тергов қилинган ва судга ўтказилган) 2023 йилнинг сентябрь ойи бошларида кўтарасига сотиб олган. Ўз навбатида, Р. Рўзиматов харид қилинган гиёҳвандлик моддасининг 569,56 грамми, шунингдек, 56,44 грамм оғирликдаги “героин” гиёҳвандлик воситасини ҳамқишлоғи Асрор Ражабовга насия тўлов эвазига сотган. Ҳамтовоқлар ўртасида “тарьяк”нинг ҳар бир грамми — 14, “героин”нинг ҳар грамми эса, 50 АҚШ долларига баҳоланган. Кейинчалик Р. Рўзиматов А. Ражабовдан ҳали ҳақи тўланмаган 569 граммдан кўпроқ оғунинг 100 граммини қайтариб олган ва Тошкентга олиб бориш учун Ҳ. Ҳасановга берган. Бироқ юқорида баён этилганидек, Ҳ. Ҳасанов ўз жиноий қилмишини охирига етказолмади.
Шундан сўнг Ҳ. Ҳасановнинг уйида ўтказилган текширув тадбири орадан кўп ўтмай Р. Рўзиматовга қарашли бир неча хонадонда ҳам давом эттирилади. Бу жараёнда унинг Ошоққалъа маҳалласидаги уйидан, 8,42, Дарбанд кўчасидаги уйидан — 4,61, “Чаманзор” маҳалласидаги хонадонидан — 21 килою 421,27 грамм “тарьяк”, 4 килою 322,75 грамм “героин”,134,1 грамм “марихуана” моддаси, 9,99 грамм оғирликдаги “метамфетамин” дориси топилади. Бу ҳали ҳаммаси эмас, яна бир гумондор А. Ражабовнинг чўнтагидан — 2,63, уйидан эса, 469,37 грамм миқдорида “тарьяк”, 56,44 грамм “героин” гиёҳвандлик воситаси, унинг отаси Улуғбек Юсуповнинг кийимлари орасидан эса, 0,61 грамм “тарьяк” гиёҳвандлик моддаси ашёвий далил сифатида олинади.
Тадбир жараёнида Ҳ. Ҳасанов бошқариб келган автоулов яна бир марта кўздан кечирилганда, яна 3,36 грамм оғирликдаги “марихуана” гиёҳвандлик моддаси яшириб қўйилгани маълум бўлди.
Ҳукмингизга ҳавола этилган факт ва далиллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан амалга оширилган тадбир давомида умумий вазни 30 килога яқин ўткир таъсир қилувчи гиёҳвандлик воситалари савдоси ва истеъмолининг олди олингани, шу йўл билан неча минглаб кишиларнинг ҳаёти ва соғлиғи сақлаб қолинганидан дарак беради.
Айбланувчилар пировардида ўтказилган тергов ва суд жараёнида чоғи мусодара этилган гиёҳвандлик воситаларини сотиш, фойда кўриш, мўмай молдунё орттириш учун эмас, балки ўзлари истеъмол қилиш учун асраб юришганини пеш қилишди. Аммо бу масалага ҳам тўлиқ аниқлик киритилди. Қарийб 30 килодан иборат “ажал уруғи” юқорида исм-шарифи зикр қилинган кимсалар томонидан истеъмол этилиши ҳақидаги важ- баҳоналар асоссиз эканлиги, айбланувчиларнинг деярли барии (У. Юсуповдан ташқари) гиёҳвандлик воситалари олди-сотдиси билан мунтазам шуғулланиб келгани кундай равшан бўлди.
Суд жиноий қилмиш қатнашчиларига нисбатан қўйилган айбларнинг деярли барини эътироф этди. Судланувчи Р. Рўзиматов Жиноят кодексининг гиёҳвандлик моддаларини тақиқланган йўллар ва усуллар билан мамлакатмизга олиб кириш ҳамда чиқариш — контрабандага оид 28,246-моддаси 2-қисмида (у тергов чоғи ана шу модда бўйича ҳам айбланган) назарда тутилган айбни содир этмагани боис оқланди. Лекин ушбу кодекснинг 273 ҳамда 25,273-моддалари (оғуфурушлик ва унга суиқасд) 5-қисми, 276-моддаси (гиёҳвандлик)нинг 2-қисми “а” бандига асосан, жазоларни қисман қўшиш асносида, жами 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Айни шундай айб А. Ражабовга нисбатан ҳам татбиқ этилди. Айбланувчига жами 12 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Ҳ. Ҳасановнинг қилмиши эса, Жиноят кодексининг 28 ва 25,273-моддалари 5-қисми, 276-моддасининг 1-қисми бўйича малакаланди. У 10 йилу бир ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Жиноят кодексининг 276-моддаси 1-қисми бўйича айбланган У. Юсупов эса, иш ҳақининг 20 фоизини ушлаб қолган ҳолда, 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига маҳкум қилинди.
Хулоса қилиб айтганда, ҳаётда қинғирликнинг умри қисқа эканлиги аллақачон ўз исботини топган. Буни юқорида тафсилоти ҳукмингизга ҳавола этилган жиноий қилмиш ва унга берилган қонуний баҳо мисолида ҳам кўриш мумкин. Мажозий маънода айтадиган бўлсак, ушбу жирканч қилмишга бош қўшган кимсалар ўт-олов билан ўйнашгувчи парвонадан андоза олишди. Ўзларини мисоли ўша жонзот янглиғ аланга қаърига отишди. Уйида чирқиллаб қолган зурриётлари, ота-онаси, суюкли ёстиқдоши ва яқинларининг тақдирига қўл силташди. Ҳаётда ҳеч нарсага алмашилмайдиган тинч, осуда, бахтиёр турмушдан кўра айрилиқ ва азоб-уқубатга тўла эрксиз ҳаётни афзал билишди. Инсон зоти бу каби жирканч кирдикорлар ва унинг ажри учун эмас, аксинча, бахтли ҳаёт учун яралган.
Буни доимо ёдда тутиш лозим.
Муродбек Ҳасанов,
жиноят ишлари бўйича
Урганч шаҳар суди раиси,
Абдулла Собиров,
журналист