Click to listen highlighted text!

БОЛА ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАНФААТЛАРИНИНГ КАФОЛАТЛИ ҲИМОЯСИ БОРАСИДАГИ ҲУҚУҚИЙ БАЗА ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИЛМОҚДА

photo_2024-12-02_17-32-03

Ҳаммамиз бир пайтлар бола бўлганмиз. Болалик дунёси нима эканлигини яхши биламиз. Яъни киши болалигида қандай тарбия олса, келажакда шундай инсон бўлиб вояга етади. Демак, болаликдаги тарбия, олинган билим инсоннинг бутун умр йўлини белгилайди. Шу боис амалдаги қонунчилигимизда бу масалага жиддий эътибор қаратилган.

Чунончи, Бош Қомусимизнинг 78-моддасига биноан, боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбуриятидир.

Бинобарин, мамлакатимизда болаларнинг барча ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланган. Бироқ айни пайтгача болаларга нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик тарзидаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар ва жиноий қилмишлар содир этганлик учун жавобгарлик белгиланмаганлиги бу борада жиддий муаммо бўлиб келаётганди.

Президентимиз томонидан 2024 йил 21 октябрда имзоланган “Оилавий (маиший) зўравонликдан ҳимоя қилиш чоралари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ана шу бўшлиқни тўлдирди. Мазкур қонун асосида Жиноят ва Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Шу ўринда бу ҳақда батафсилроқ фикр юритадиган бўлсак, Жиноят кодексининг 126-1-моддаси “Оилавий (маиший) зўравонлик” дея номланиб, айни жиноят учун жавобгарлик белгиланган. Хусусан, ушбу модданинг иккинчи қисмига мувофиқ, хотинини (эрини), собиқ хотинини (собиқ эрини), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсни ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсни дўппослаш, ушбу шахсларга соғлиқнинг қисқа муддат ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига олиб келмаган қасддан баданга енгил шикаст етказиш, ўша ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима ёки бир юз олтмиш соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Янги қонун асосида ушбу қисмдаги “шахсни ёки” деган сўзлар “шахсни ёки болани, шунингдек” деган ибора билан алмаштирилди. Шунингдек, юқоридаги модданинг учинчи ва тўртинчи қисмларига ҳам худди шундай ўзгартишлар киритилди.

Шу билан бирга, Жиноят-процессуал кодексининг “Ярашув тўғрисидаги ариза” дея номланган 583-моддаси биринчи қисми эса, “Ярашув тўғрисидаги ариза жабрланувчи (фуқаровий даъвогар) ёхуд унинг қонуний вакили томонидан суриштирув ва дастлабки терговнинг, шунингдек, суд муҳокамасининг исталган босқичида, аммо суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киришидан олдин берилиши мумкин, бундан ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно” деган таҳрирда баён қилинди. Айнан мазкур модда янги иккинчи қисм билан тўлдирилди. Унга кўра, оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ ишлар юзасидан ярашув тўғрисидаги ариза суд муҳокамасининг исталган босқичида, аммо суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киришидан олдин берилиши мумкин.

Маълумки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2-моддасига биноан, жиноят аломатлари мавжуд бўлмаган ҳолда, оилавий (маиший) зўравонликка қўл урган шахс жавобгарликка тортилади. Шу модданинг иккинчи қисмида “Хотинини (эрини), собиқ хотинини (собиқ эрини), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсни ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсни дўппослаш, ушбу шахсларга соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига олиб келмаган қасддан баданга енгил шикаст етказиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади” дея қайд этилган.

Айнан шу қисмдаги “шахсни ёки” деган сўзлар “шахсни ёки болани, шунингдек” деган сўзлар билан алмаштирилди. Шу боис фуқаролар, айниқса, қаҳри қаттиқ ота-оналар жамиятимизда эндиликда болага нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик қилганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланганини унутмасликлари керак.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, кундалик ҳаётимизда болаларга нисбатан зўравонлик қандай омиллар туфайли юзага келади?

Бунга жавобан шуни айтиш керакки, баъзи оилаларда ота, она ёки катта ёшдаги бошқа шахслар томонидан қўл остидаги болаларга нисбатан текин хизматкор сифатида қараш ҳолатлари учраб туради. Бу ҳам етмагандек, хушмуомалалик билан айтиш ўрнига буйруқ бериб, болаларни сўзсиз итоат этишга мажбурлашга уриниш ҳолатлари тез-тез содир этилади.

Боланинг эса, бундан кўнгли ранжиб, гапимизни икки қилади ёки айтганимизни бажармайди. Ваҳоланки, боланинг қалби жуда беғубор бўлиб, ўзига нисбатан қилинган қўполлик ёхуд тазйиқни сира ҳазм қилолмайди. Бинобарин, боланинг қалбидаги ана шу беғуборлик ва самимийликни асраб-авайлаш, унга ҳамиша дўстона муносабатда бўлган ҳолда миллий қадриятларимиз ва шарқона одоб-ахлоқ қоидаларига, миллий ўзлигимиз тутумларига хос тарзда тарбиялаб, улғайтиришимиз шарт. Натижани эса, кўп ўтмай кўз ўнгимизда хушмуомала, ростгўй, самимий, ҳамфикр, оқилу оқила йигит-қизлар пайдо бўлганда кўрамиз.

Зеро, бугун биз фарзандларимизга муносиб тарбия берсак – эртанги тинч-осойишта ҳаётимизга салмоқли ҳисса қўшган бўламиз.

Шуҳрат БАКАЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек тумани суди раиси

#thegov_button_6750125a94cd4 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6750125a94cd4:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6750125a94cd4 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6750125a94cd4:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!