Click to listen highlighted text!

ШАРТНОМАВИЙ ЛАФЗСИЗЛИК ЖАВОБГАРГА ҚИММАТГА ТУШДИ

photo_2025-04-21_17-38-53

Фуқаролик кодексининг 353-моддасига биноан шартнома икки ёки бир неча шахснинг фуқаролик ҳуқуқлари ва бурчларини вужудга келтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги келишувидир. Табиийки, шартнома имзолангач, тарафлар ўртасида муайян мажбурият юзага келади.

Бинобарин, кодекснинг 234-моддасида “Мажбурият – фуқаролик ҳуқуқий муносабати бўлиб, унга асосан бир шахс (қарздор) бошқа шахс (кредитор) фойдасига муайян ҳаракатни амалга оширишга, чунончи: мол-мулкни топшириш, ишни бажариш, хизматлар кўрсатиш, пул тўлаш ва ҳоказо ёки муайян ҳаракатдан ўзини сақлашга мажбур бўлади, кредитор эса – қарздордан ўзининг мажбуриятларини бажаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади”, дея қайд этилган.   

Аммо тилга олаётганимиз – Фарғона туманлараро иқтисодий судида кўрилган ишлар жавобгарларнинг шартномавий мажбуриятни ҳис этмагани туфайли юзага келган.  

“Фарғона дон кластер” масъулияти чекланган жамияти мансабдорлари ҳам зиммаларида ана шу жиддий масъулият борлигига парво қилишмади. Гап шундаки, 2023 йил 15 сентябрда “Фарғонадон кластер” МЧЖ шаклидаги қўшма корхонаси билан  Қўштепа туманидаги “Ферузбек нурли замин” фермер хўжалиги ўртасида бошоқли дон харид қилиш бўйича 33-сонли фьючерс шартномаси тузилган. Шунга кўра, фермер хўжалиги деҳқонлари куздан то 2024 йил июнь ойига қадар тер тўкиб меҳнат қилишади. Хусусан, бу вақт мобайнида экинни суғориш ва зарар агротехник тадбирларни амалга ошириш учун бир неча кун уйига ҳам бормай, тунни далада ўтказишган. Натижада кўзланганидан зиёда – 320 тонна ҳосил етиштирилиб, корхонага топширилади. Бироқ “Фарғона дон кластер” МЧЖ масъуллари маҳсулотнинг бир қисм ҳақини бериб, асосий 301 миллион 58 минг сўмлик қарзларини тўлашмаган. Ҳаттоки, фермернинг мазкур қарздорликларни бартараф этиш юзасидан йўллаган талабномаси ҳам эътиборсиз қолдирилган.     

Юқоридаги шартноманинг 4.2-бандида етказиб берилган маҳсулот ҳақи ўз вақтида тўланмаган тақдирда, корхона ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун кечиктирилган тўлов суммасининг 0,4 фоизи, лекин 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорида пеня тўлаши ҳам белгиланган. Шу боис, фермер Фарғона туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритиб, жавобгардан асосий қарз ва пеняни ундириб беришни сўради.   

Ёки Фарғона вилоятидаги “Vodiy maxsus texno montaj” масъулияти чекланган жамияти раҳбари хоразмлик ҳамкори – вилоятнинг Гурлан туманидаги “Soliy Xorazchi” фермер хўжалигини алдайди. Маълум бўлишича, 2024 йил 26 апрель куни “Vodiy maxsus texno montaj” масъулияти чекланган жамияти билан “Soliy Xorazchi”  фермер хўжалиги ўртасида 1/107/1-сонли пудрат шартномаси тузилган.

Бу билан водийлик тадбиркор воҳалик фермерга томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологияси материаллари ҳамда ускуналарини етказиб бериши, қолаверса, хўжалик ер майдонларида монтаж ишларини сифатли бажариб бериш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Шартномада бажарилиши лозим бўлган иш ҳажми 127 миллион сўмни ташкил қилган.

Бунинг учун фермер хўжалиги шартноманинг 6.1-банди талабига риоя қилиб, шу куннинг ўзидаёқ дастлабки бўнак (аванс) тариқасида 87 миллион 500 минг сўм маблағ ҳам ўтказиб беради.

Шартноманинг айни бандига мувофиқ, пудратчи тўлов амалга оширилган кундан эътиборан ишларни бажаришга киришиши шарт эди.   

Афсуски, “Vodiy maxsus texno montaj” МЧЖ шундан кейин шартномавий мажбуриятини буткул унутади. Ҳатто гурланлик фермер унга келишилган ишни бажариб беришини сўраб, расмий равишда мурожаат ҳам қилади.

Лекин лафзсиз тадбиркор ваъдасининг устидан чиқмайди. Бинобарин, Гурлан тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши “Vodiy maxsus texno montaj” МЧЖдан “Soliy Xorazchi” фермер хўжалиги фойдасига 87 миллион 500 минг сўм маблағни пенсияси билан бирга ундириш ва пудрат шартномасини бекор қилиш юзасидан Фарғона туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритди.   

Конституциямизнинг 55-моддасига мувофиқ, ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланади. Фуқаролик кодексининг 357-моддасида эса “Шартнома тузилган пайтидан бошлаб кучга киради ва тарафлар учун мажбурий бўлиб қолади”, дея қайд этилган. Ана шу асосларга таянган суд иккала даъво аризани ҳам қисман қаноатлантирди. Яъни “Фарғона дон кластер” МЧЖ шаклидаги қўшма корхонаси ҳисобидан “Ферузбек нурли замин” фермер хўжалиги фойдасига 301,5 миллион сўм асосий қарз, 18,5 миллион сўм пеня, “Vodiy maxsus texno montaj” масъулияти чекланган жамиятидан “Soliy Xorazchi” фермер хўжалиги фойдасига 87,5 миллион сўм асосий қарз, 12,8 миллион сўм пеня ундириш хусусида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Бошқача айтганда, шартномавий лафзсизлик жавобгарларга қимматга тушди. Шунингдек, суд қарорида “Vodiy maxsus texno montaj” МЧЖ ва “Soliy Xorazchi” фермер хўжалиги ўртасида 2024 йил 26 апрель куни имзоланган 1/107/1-сонли пудрат шартномасини бекор қилиш ҳам белгиланди.   

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, иқтисодий судлар фаолиятидан тадбиркорлар ҳуқуқлари ҳимояланган бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Негаки, сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан судлар тадбиркорлар ва тадбиркорлик субъектларининг чинакам ҳимоячисига айланиб бораётир.   

Тоҳиржон Маматожиев,

Фарғона туманлараро иқтисодий суди раиси

#thegov_button_6844b4cd0d46b { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6844b4cd0d46b:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6844b4cd0d46b { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6844b4cd0d46b:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!