Click to listen highlighted text!

КОНСТИТУЦИЯ ТАРҒИБОТИГА МАСЪУЛМИЗ

photo_2024-11-05_17-08-48

Президентимизнинг 2024 йил 17 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Фармойиши билан биз, судьялар зиммасига ҳам юксак масъулият юклатилди. Аввало, Асосий Қонунимизнинг 32 йиллик тантаналари “Конституция — эркин ва фаровон ҳаёт гарови!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ҳолда ўтказилишини таъкидлаш лозим.

Байрам дастурида судлар томонидан амалга оширилиши белгиланган тарғибот тадбирлари ҳам ўрин олган. Хусусан, янги таҳрирдаги Конституциямиз мазмун-моҳияти ва “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг асосий устувор йўналишлари доирасида белгиланган туб ислоҳотлар ҳақида маҳаллалар, таълим ва меҳнат жамоаларида туркум маърифий учрашув ва суҳбатлар ўтказилади.

Бунда сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва бу борада эришилаётган натижаларни мустаҳкамлашда янги таҳрирдаги Конституциянинг ўрни ва ролини ҳамюртларимизга халқчил тилда тушунтириб беришимиз талаб этилади.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023 йил 23 июндаги “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 16-сонли қарори адолатли суд ҳукмларини қабул қилишимизда муҳим асос бўлмоқда.

Бундан ташқари байрам муносабати билан конституциявий ҳуқуқлар бўйича суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бурчаклари ташкил этилиши белгиланган. Шу орқали биз “Конституция — эркин ва фаровон ҳаёт гарови!” шиорининг моҳияти ҳамда аҳамиятини, янги таҳрирдаги Конституция асосида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида мутлақо янги босқичга ўтилганини ҳаётий мисоллар асосида кўрсатиб беришимиз зарур.

Судлар зиммасидаги яна бир муҳим масъулият – фуқаролар кундалик ҳаётида кўп учрайдиган вазиятларда Конституция нормаларининг тўғридан-тўғри қўлланишини жамоатчиликка етказишдир. Дахлдор ташкилот ва муассасалар шаҳар, туман марказларидаги давлат органлари биноларига ўқувчи ва талабаларни саёҳатга олиб келишлари ҳам қайд этилганини ҳисобга олиб, судларнинг эшиги ёшларимиз учун очиқ эканини таъкидлаймиз.

Шунингдек, “Конституция ойлиги” доирасида суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари учун Конституциямизнинг қоида ҳамда нормаларини чуқурлаштириб ўргатишга қаратилган ўқув-семинарлар ўтказиш ҳам режалаштирилган. Айни тадбирлар судьяларнинг Асосий Қонунимизга оид билимларини янада ошириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Кези келганда юртдошларимизга Бош Қомусимизнинг айрим нормаларини яна бир карра эслатиб ўтишни лозим топдик. Конституциямизнинг 15- ва 54-моддаларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида Конституция ва қонунларнинг устунлиги сўзсиз тан олинади. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадидир. Давлат инсон ҳамда фуқаронинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди.

Шунингдек, Бош Қомусимизнинг 59- ва 60-моддаларида барча фуқаролар Конституцияда белгилаб қўйилган бурчларини бажаришлари, фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа инсонларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбур эканликлари ҳам белгиланган.


Хулоса ўрнида бир таклифни айтиб ўтмоқчиман. Яъни мактабгача ва бошланғич таълимда Конституция сабоқларини янада такомиллаштириш зарур. Бу борадаги билимларни болажонларга расмлар ҳамда кўргазмали қуроллар асосида тушунтиришни йўлга қўйиш, албатта, ўзининг ижобий самара беради. Қолаверса, дафтар муқовалари ҳамда бошқа ўқув қуролларини турли суратлар билан эмас, балки Конституциямизда акс этган ҳуқуқ ва эркинликларимиз, фуқаролик бурчларимиз, оила, она табиат, ота-она ва фарзанд ўртасидаги муносабатларга оид моддалар билан безасак, мақсадга мувофиқ бўларди.

Нодиржон КИМСАНОВ,

жиноят ишлари бўйича

Косонсой тумани суди судьяси

#thegov_button_67697375aa294 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_67697375aa294:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_67697375aa294 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_67697375aa294:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!