СОЛИҚ ТЎЛАШДАН БЎЙИН ТОВЛАШ: ШАКЛЛАРИ, САБАБЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИК ЧОРАЛАРИ

Солиқ тизими мамлакат иқтисодий тизимининг муҳим таркибий қисми ва давлат даромадларининг асосий манбаи ҳисобланади.
Конституциямизнинг 63-моддасига мувофиқ, фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва йиғимларни тўлаши шарт.
Солиқ тўловидан бош тортиш яширин иқтисодиёт шаклланиши учун замин яратади, бозор муносабатлари ривожланиши ва фаолиятига тўсқинлик қилади. Оқибатда, бир томондан, бюджет сиёсатининг барқарорлиги бузилади; иккинчи томондан, жамиятда ижтимоий кескинлик ва сиёсий беқарорлик кучаяди.
Солиққа оид ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун юридик жавобгарлик ва солиқ қонунчилигини бузганлик учун юридик жавобгарлик тушунчаларини бир-биридан фарқлаган ҳолда ўрганиш лозим. Чунки солиқ қонунчилигини бузганлик учун жавобгарлик ўз ичига юридик жавобгарликнинг молиявий, маъмурий ва жиноий турларини қамраб олса, солиққа оид ҳуқуқбузарлик уни содир этганлик учун молиявий жавобгарликни назарда тутади.
Солиқ қонунчилигини бузганлик учун юридик жавобгарлик – солиқ қонунчилиги билан муҳофаза қилинувчи ижтимоий муносабатларга айбдор шахс томонидан у ёки бу тарзда зарар етказилиши натижасида унга нисбатан давлат органлари ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан қўлланилувчи мажбурлов чораларидир.
Солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашда юзага келадиган ноқонуний ҳаракатларни икки хил турга бўлиш мумкин. Бунда даставвал солиқларни четлаб ўтиш ва улардан бўйин товлаш тушунчаларининг бир-биридан фарқли ва ўхшаш жиҳатларини таҳлил қилиш ўринлидир.
Бу икки тушунчадаги умумийлик – солиқларни кам тўлаш ёки тўламасликдир. Фарқли хусусиятлари эса, солиқлардан четлаб ўтишда қонуний воситалар ёрдамида солиқ мажбуриятларини камайтириш ёки бартараф этишга қаратилган ҳаракатлар орқали амалга оширилишида кўринади.
Солиқ тўлашдан бўйин товлашда солиқ тўловчининг солиқ мажбуриятларини ноқонуний камайтириш ёки улардан қочиш учун қасддан ёки эҳтиётсизлик оқибатида қилган ҳаракатлари назарда тутилади. Бу жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин бўлган ноқонуний ҳаракат ҳисобланади.
Олимларнинг фикрича, солиқ ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш каби мажбуриятни бажармасликнинг икки тури мавжуд.
Биринчиси, қонуний – тўламаслик; иккинчиси, ғайриқонуний – бўйин товлаш, яъни солиққа оид ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир этишдир.
Солиқларни қонуний жиҳатдан тўламаслик – солиқ тўловчининг тегишли бюджетларга солиқ ёки бошқа турдаги мажбурий тўловларни камайтиришга қаратилган, формал-ҳуқуқий нуқтаи назардан солиқ қонунларини бузмайдиган ҳаракатларини англатади. Ушбу ҳолатда давлат томонидан айрим тоифалардаги солиқ тўловчиларга солиқ имтиёзлари яратиб берилади.
Бу жараёнда солиқларни мақбуллаштириш муҳим аҳамият касб этади.
Мақбуллаштириш деганда, солиқ тўловчининг изчил қонуний ҳаракатлари, шу жумладан, қонун ҳужжатларида белгиланган барча имтиёзлар ва бошқа ҳуқуқий воситаларидан тўлиқ фойдаланиш ҳисобига солиқ мажбуриятлари миқдорини камайтириш тушунилади.
Солиқ ҳуқуқи ва молия ҳуқуқи ҳаддан ташқари қамровдорлиги ва мураккаблиги билан ажралиб туради.
Фикримизча, солиқ тўловчиларнинг солиқ мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаш усулларини қуйидаги тарзда туркумлаш мақсадга мувофиқ:
– даромадларни яшириш – корхона ёки фуқаро ўз реал даромадларини декларацияда акс эттирмаслиги;
– қалбаки ҳужжатлардан фойдаланиш – сохта ҳисоб-фактураларни ёки молиявий ҳисоботларни тақдим этиш;
– солиқ имтиёзларидан ноқонуний фойдаланиш – фақатгина имтиёзга эга бўлган субъектларга берилган имтиёзларни ноқонуний равишда талаб қилиш;
– яширин иқтисодиёт, яъни “қора бозор” фаолияти – давлат органларидан яширин ҳолда товарлар ва хизматлар кўрсатиш.
Ўз навбатида, солиқдан бўйин товлашнинг жиноий оқибатлари қуйидагиларни, яъни:
– давлат бюджетига зарар етказиш;
– иқтисодий ноаниқлик ва яширин иқтисодиётнинг ўсиши;
– корхоналар ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида нопок рақобатни келтириб чиқариш;
– жиноий жавобгарлик ва молиявий жарималар каби омилларни ўз ичига олади.
Солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлашга қарши курашнинг бир қанча самарали усуллари мавжуд. Жумладан:
– солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва рақамлаштириш;
– солиқ тўловчиларни қонуний ҳаракат қилишга рағбатлантирувчи механизмлар яратиш;
– солиқ органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ҳамкорлигини кучайтириш;
– жамоатчилик назоратини ошириш ва аҳоли ўртасида солиқ маданиятини ривожлантириш ана шундай самарали усуллар қаторига киради.
Шундай қилиб, солиқдан бўйин товлаш нафақат давлат иқтисодиётига зарар етказади, балки мамлакатдаги тадбиркорлик муҳити ва ижтимоий барқарорликка ҳам салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун давлат органлари бу иллатга қарши қатъий чора кўриши лозим. Хусусан, солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, солиқ тўлаш тизимини соддалаштириш ва шаффофлаштириш орқали бу муаммони янада қулай ҳамда осон ҳал қилиш мумкин.
Давронбек Солиев,
Судьялар олий мактаби тингловчиси