ТАФТИШ ИНСТАНЦИЯСИДА НОҲАҚ АЙБЛАНГАН ШАХС ОҚЛАНДИ
Адолат — давлатнинг мустаҳкам пойдевори ва устуни. Шу маънода, юртимизда судларни чинакам адолат қўрғонига айлантириш йўлидаги кенг кўламли ислоҳотлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Суд ислоҳотлари самарасини Хоразм вилояти судлари фаолиятида ҳам яққол кўриш мумкин. Айниқса, дастлабки терговда қилмиши нотўғри малакаланган ёки муқаддам ноҳақ айбланган шахсларнинг оқланаётгани давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган инсонпарварлик сиёсати ҳамда “Инсон қадри учун” тамойилининг яққол намунасидир.
Шу маънода айтганда, жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи мобайнида Хоразм вилояти судлари томонидан 17 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми ва ажримлари чиқарилди.
Оқланиб, элу юрт, таниш-билиш ва ҳамкасблари орасида юзи ёруғ бўлганлар орасида Урганч шаҳар ИИБ ҳузуридаги қўриқлаш бўлими 3-взвод ходими Бунёд Авезов ҳам бор. У жиноят ишлари бўйича Шовот туман судининг 2017 йил 6 февралдаги ҳукмига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортилган эди.
Суд ҳукмида баён этилишича, О. Уллиевнинг “Хоразмавтотеххизмат” акциядорлик жамиятидан “Captiva S-6” русумли автомашина олмоқчи эканлигидан хабар топган Б. Авезов ва унинг ҳамкасби Р. Эгамбердиев харидорнинг маблағини қўлга киритмоқчи бўлишади.
Яъни улар аввалига О. Уллиевга ўзларининг жамият мансабдор шахслари билан яқин муносабатда эканликларини айтишади. Сўнгра 2 000 АҚШ доллари миқдоридаги манфаатдорлик эвазига автомашина сотиб олиш бўйича шартномани ҳал қилиб беришни билдиришади. Натижада 2016 йил 18 ноябрь куни улар “Туронбанк”нинг Урганч филиали халқаро пул ўтказиш шохобчасида О. Уллиевдан келишилган пулнинг 1 000 АҚШ долларини олаётган вақтда ушланган. Оқибатда иккала ходимга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Суд Бунёд Авезовни Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топиб, кодекснинг 45 ва 59-моддалари тартибида унга нисбатан 2 йил муайян ҳуқуқдан маҳрум қилинган ҳолда 2 йил 1 ой муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлаган.
Судланувчининг бундан норози бўлиб ёзган кассация шикояти Хоразм вилояти суди томонидан қаноатлантирилмаган, суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилгач, Б. Авезов Олий судга мурожаат қилган.
Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 15 сентябрдаги ажрими билан вилоят суди кассация инстанциясининг 2019 йил 7 майдаги ажрими бекор қилиниб, жиноят иши апелляция инстанцияси судига янгидан кўриш учун юборилган.
Хоразм вилоят суди апелляция инстанциясининг 2021 йил 4 ноябрдаги ажрими билан эса, суд ҳукми ўзгартирилиб, Бунёд Авезовнинг жиноий ҳаракати Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “в” бандидан, эски таҳрирдаги Жиноят кодекснинг 25,168-моддаси 2-қисми “в” бандига қайта малакаланган. Аниқроқ айтганда, собиқ ИИБ ходимига эски таҳрирдаги Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 2-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан тайинланган жазолар бекор қилиниб, у жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетганлиги сабабли кодекснинг 64-моддаси 1-қисми “б” банди тартибида жазо тайинланмасдан жазодан озод қилинган.
Аммо Бунёд Авезов ўзини айбсиз деб билар эди. Шу боис у ҳимоячилари билан бирга Хоразм вилоят судига тафтиш тартибида мурожаат қилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу жиноят ишини вилоят судининг тафтиш инстанциясида кўриш жараёнида Б. Авезов айбсиз экани маълум бўлди.
Гап шундаки, 2016 йил 17 ноябрь куни унга таниши О. Уллиев қўнғироқ қилиб, “Captiva” русумли автомашинаси харид қилиш бўйича шартнома олишда ёрдам беришни сўрайди. Шунинг учун Бунёд Авезов О. Уллиевнинг ёнида “Хоразмавтотеххизмат” акциядорлик жамиятининг қўриқлаш хизматида ишлаган ҳамкасби Р. Эгамбердиевга қўнғироқ қилиб, қандай ҳужжатлар талаб қилинишини сўрайди. Шундан сўнг Б. Авезов таниши О. Уллиев ва Р. Эгамбердиев билан бу ҳақда бошқа гаплашмаган.
Аниқроғи, фирибгарлик йўли билан О. Уллиевни бирон-бир шахсга пора беришга ундамаган. Бироқ биринчи инстанция суди Б. Авезовнинг айбсизлиги ҳақидаги важларига, шунингдек, ишдаги далилларнинг мақбуллигига етарлича баҳо бермаган. Қолаверса, далилларнинг ишончли ёки ишончсизлигини ҳам муҳокама қилмай, қўшимча далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолаш орқали иш ҳолатига аниқлик киритмаган.
Яна бир ҳолат: чиндан ҳам, О. Уллиевнинг тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага тақдим қилган аудиоёзувида Р. Эгамбердиевнинг “Captiva S-6” русумли автомашинаси олди-сотди шартномасини олиш учун “Хоразмавтотеххизмат” акциядорлик жамияти мансабдор шахсларига 2 000 АҚШ доллари бериш лозимлиги ҳақида айтган гаплари қайд этилган ва у 2016 йил 18 ноябрь куни О. Уллиевдан келишилган пулнинг 1 000 АҚШ долларини олаётган вақтда ушланган. Лекин ушбу процессуал ҳаракатлар давомида Б. Авезов ҳақида сўз юритилмаган. Терговга қадар текширув ходимлари томонидан ҳам Б. Авезовнинг ушбу ҳолатга алоқадорлиги текширилмаган. Жумладан, тезкор тадбир жараёнида холис сифатида иштирок этган У. Атабеков ва И. Маткаримов ҳам ўз тушунтириш хатлари ҳамда кўрсатмаларида Б. Авезовни тилга олишмаган. Қолаверса, Р. Эгамбердиев ҳам айни ҳолатга Б. Авезовнинг алоқаси борлиги ҳақида кўрсатма бермаган.
Бундан ташқари О. Уллиев дастлабки тергов ва судларда таниши Б. Авезов “Captiva S-6” автомашинаси шартномасини олиш учун 4 000 АҚШ доллари талаб қилганини билдирган бўлса-да, унинг бу важларини тасдиқловчи далиллар, хусусан, пора предмети, аудио ёки видеоёзувлар, айнан пора олиш факти билан боғлиқ телефон ёхуд бошқа мосламалар орқали амалга оширилган сўзлашувлар каби аниқ далиллар ишда мавжуд эмас.
Бош прокуратура, Олий суд, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизмати томонидан 2014 йил 24 июнда имзоланган “Порахўрлик жиноятлари ҳақидаги ариза ва хабарларни кўриб чиқиш, бу тоифадаги жиноят ишларини тергов қилиш ва судда кўришда қонун талабларига қатъий риоя қилинишини таъминлаш бўйича” Қўшма кўрсатманинг 8.1-бандида, аризачининг кўрсатмаларидан ташқари бошқа объектив далиллар аниқланмаганда жиноят иши қўзғатилишига йўл қўйилмаслиги, Жиноят-процессуал қонун талабларига риоя қилинмаган ҳолда олинган номақбул далиллар асосида жиноят иши қўзғатиш ҳақида қарор қабул қилиниши мумкин эмаслиги, ҳар қандай ҳолатда айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти, уларни бартараф этиш имконияти тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозимлиги ҳақидаги Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддаси талабларига оғишмай риоя қилиниши, аризачининг кўрсатмаси шахснинг айбига иқрорлик кўрсатмалари билан тасдиқланган ҳолатлар ҳам, бошқа объектив далиллар аниқланмаган тақдирда, айблаш учун етарли асос бўла олмаслиги инобатга олиниши қайд этилган.
Айтиш керакки, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 28-моддасига биноан, айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак.
Қисқаси, Хоразм вилоят судининг тафтиш инстанцияси юқорида қайд этилган асосларга таяниб, Бунёд Авезовни айбсиз деб топди ва оқлади.
Шу билан бирга, оқлов ҳукмида Б. Авезовга ўзига етказилган мулкий, маънавий ва бошқа зиённи қоплаш масаласида Жиноят-процессуал кодексининг 304-312-моддалари тартибида фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди. Энг муҳими, собиқ ИИБ ходими яна хизматини давом эттириб, юртимизда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлашга ўз ҳиссасини қўшадиган бўлди.
Шу ўринда ҳамюртларимизга тафтиш тартиби хусусида яна бир карра тушунча беришни лозим топдик. 2023 йил 27 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди.
Мазкур қонун билан Жиноят-процессуал кодексига киритилган энг муҳим янгилик — бу судда ишларни тафтиш тартибида кўриш босқичининг жорий қилинишидир. Шу боис, ушбу кодекс 510-521-21-моддаларни ўз ичига олган ва “Суднинг ҳукми, ажрими устидан тафтиш тартибида шикоят (протест) бериш” деб номланган янги 56-2-боб билан тўлдирилди.
Жиноят-процессуал кодексининг 510-моддасига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси судида, вилоятлар, Тошкент шаҳар судларида, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларининг, ҳудудий ҳарбий судларнинг апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари, шунингдек, ушбу судларнинг туман (шаҳар) судлари, ҳудудий ҳарбий судлар томонидан кўрилган ишлар бўйича апелляция ва кассация инстанциясида чиқарилган ҳукмлари, ажримлари тафтиш тартибида кўриб чиқилади.
Ушбу кодекснинг 511-моддасига асосан, маҳкум, унинг ҳимоячиси, қонуний вакили, жабрланувчи, унинг вакили биринчи инстанция судининг апелляция ёки кассация, тегишли тафтиш тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари, шунингдек, апелляция ёки кассация, тегишли тафтиш инстанцияси судларининг ҳукмлари, ажримлари устидан шикоят бериши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, амалдаги қонунчилигимизда адолат тамойиллари ҳар томонлама мустаҳкамланган. Бу, ўз навбатида, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш, жамиятда қонунустуворлигини таъминлашга хизмат қилади.
Шуҳрат КАМОЛОВ,
Хоразм вилояти суди раиси