Click to listen highlighted text!

ҚОНУНЧИЛИКДА «ЖАМОАТ ЖОЙИ» ТУШУНЧАСИ: ТАЪРИФ, ТАҲЛИЛ ВА ТАКЛИФ

photo_2025-03-11_16-24-47

Сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоялашга қаратилган ислоҳотлар қатъият билан амалга оширилмоқда. Натижада жазолашнинг озодликдан маҳрум қилиш ҳолларини қисқартириш ҳисобига қонунчиликнинг адолат ва инсонпарварлик каби тамойиллари кучайтирилмоқда.

Амалдаги қонун ҳужжатларида Жиноят кодексида белгиланган жиноятларда учрайдиган термин ва тушунчалар мазмуни очиб берилган бўлса-да, лекин суд-тергов амалиётида айрим турдаги жиноятлар бўйича баъзи атамалар аниқ ёритилмаган.

Масалан, Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда “безорилик” атамаси кўп учрайди. Жумладан, бу сўзни:

• Жиноят кодексининг 97-модда 2-қисми “л” бандида — безорилик оқибатида қасддан одам ўлдириш;

• 104-модда 2-қисми “е” бандида – безорилик оқибатида қасддан баданга оғир шикаст етказиш;

• 277-моддада – безорилик жиноятлари;

• Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида эса, майда безорилик ҳуқуқбузарлигига тааллуқли нормаларда учратиш мумкин.

Бу борада 2002 йил 14 июнда Олий суд Пленумининг “Безориликка оид ишлар бўйича суд амалиёти ҳақида”ги қарори ҳам қабул қилинган. Мазкур нормалар мазмунига кўра, безорилик жамоат тартибига қарши қаратилган қилмишдир.

Безорилик деганда, жамиятда юриш-туриш қоидаларини, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, одоб ва ахлоқ нормалари, урф-одат, анъаналар билан белгиланган жамоат тартибини, яъни одамлар ўртасидаги муносабатлар, юриш-туриш қоидалари, шаклланган ижтимоий турмуш тарзини қўпол тарзда бузиш тушунилади. Ушбу ҳуқуқбузарлик жамоат жойларида уятли сўзлар айтиш, беҳаё қилиқлар кўрсатиш, фуқароларга нисбатан ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартиби ва фуқаролар осойишталигини бошқача тарзда бузиш каби жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимасликда ифодаланади.

Эътиборлиси, безориликнинг энг асосий белгиларидан бири қилмиш жамоат жойида содир этилиши ҳисобланса-да, айни тушунча қонунчилигимизда бир хил ва аниқ белгиланмаган.

Яъни “жамоат жойи” атамаси Жиноят кодексининг фақатгина 127-1-моддасида қайд этилган. Ушбу моддада аэропортларда, вокзалларда, хиёбонларда, истироҳат боғларида, бозорларда ва савдо мажмуалари ҳудудларида, шунингдек, уларга туташ ҳудудларда, автомототранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларида, кўчаларда, стадионларда, бекатларда, йўлларнинг қатнов қисмида, моддий маданий мерос объектлари жойлашган ҳудудларда, жамоат транспортининг барча турларида ва бошқа жамоат жойларида пул, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа моддий қимматликлар беришни фаол тарзда сўраб, тиланчилик билан шуғулланиш учун жавобгарлик белгиланган.

Ушбу атама Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг бир нечта моддасида учрайди. Бу ўринда, жумладан:

• 54-модда – эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш;

• 183-модда – майда безорилик;

• 184-4-модда – жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган кўринишда бўлиш;

• 185-2-модда – совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юришга оид нормалар ҳақида сўз бормоқда.

Шундай бўлса-да, фақатгина 3 та моддада “жамоат жойи” тушунчаси қисман ёритилган. Хусусан:

биринчидан, 56-1-моддада – иш жойларида, соғлиқни сақлаш, таълим, спорт-соғломлаштириш муассасаларида, ёнғин чиқиш хавфи бўлган жойларда, шу жумладан, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида ва бошқа жамоат жойларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш, бундан тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш учун махсус ажратилган жойлар ва (ёки) хоналар мустасно;

иккинчидан, 187-моддада – иш жойларида, кўчаларда, стадионларда, хиёбонларда, истироҳат боғларида, жамоат транспортининг барча турларида ва бошқа жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш, бундан тўйлар, юбилейлар ҳамда бошқа тантаналар ва маросимлар ўтказиладиган жойлар, шунингдек, алкоголь маҳсулотини қуйиб реализация қилишга рухсат этилган савдо ва умумий овқатланиш объектлари мустасно;

учинчидан, 188-3-моддада – аэропортларда, вокзалларда, хиёбонларда, истироҳат боғларида, бозорларда ва савдо мажмуалари ҳудудларида, шунингдек, уларга туташ ҳудудларда, автомототранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларида, кўчаларда, стадионларда, бекатларда, йўлларнинг қатнов қисмида, моддий-маданий мерос объектлари жойлашган ҳудудларда, жамоат транспортининг барча турларида ва бошқа жамоат жойларида пул, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа моддий қимматликлар беришни фаол тарзда сўраб, тиланчилик билан шуғулланишга оид нормаларда “жамоат жойи” тушунчасига муайян даражада изоҳ берилганини кўриш мумкин.

Қонун ҳужжатлари таҳлилига қараганда, фақат 2023 йил 24 майдаги “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонуннинг 24-моддасидагина жамоат жойлари ва унга тенглаштирилган жойларга умумий тушунча берилган.

Мазкур қонунга кўра, жамоат жойлари ва унга тенглаштирилган жойлар, деганда:

• иш жойлари, кўчалар, стадионлар, хиёбонлар, боғлар, барча турдаги жамоат транспортида ва бошқа жамоат жойлари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, шу жумладан, умумий овқатланиш корхоналари;

• кинотеатрлар, театрлар, цирклар, концерт, клублар, дискотекалар, компьютер заллари, кўрик ва кўргазма заллари ҳамда оммавий дам олиш учун мўлжалланган бошқа ёпиқ иншоотлар;

• музейлар, ахборот-кутубхона муассасалари ва маърузахоналар; маҳаллий ва узоққа қатнайдиган поездлар, дарё кемалари, автобуслар, метрополитен вагонлари, такси, шаҳар электр транспорти, ҳаво кемалари, шунингдек, жамоат транспортининг бошқа турлари;

• ер ости ўтиш жойларида, метрополитен станциялари, темир йўл вокзаллари, автовокзаллар, аэропортлар, дарё бандаргоҳлари, транспорт бекатлари ва автотранспорт воситалари вақтинчалик сақланадиган ёпиқ жойлар;

• ёнғин хавфи мавжуд бўлган жойлар, шу жумладан, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари;

• корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва давлат органларининг бинолари, шу жумладан, иш жойи, йўлаклар, лифтлар, зинапоялар, вестибюллар, дам олиш хоналари, уларга туташ хоналарда ва ходим томонидан меҳнат фаолияти вақтида фойдаланиладиган шунга ўхшаш бошқа жойлар;

• соғлиқни сақлаш тизими ташкилотлари, дорихоналар, таълим ташкилотлари, маданият муассасалари, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларида, санаторий ва тиббий-ижтимоий муассасалар;

• уй-жой хизматлари, меҳмонхона хизматлари, кўп квартирали уйларнинг йўлаклари ва лифтлари, шунингдек, болалар ва спорт майдончалари, шу жумладан, уйларга туташган ҳудудда жойлашган майдончалар;

• хиёбонлар, боғлар, пляжлар тушунилади.

Айни чоғда, Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексдаги 183-модда (майда безорилик) ҳуқуқбузарликларида, Олий суд Пленумининг 2002 йил 14 июндаги “Безориликка оид ишлар бўйича суд амалиёти ҳақида”ги қарорида ҳам “жамоат жойи” тушунчаси аниқ ёритиб берилмаган.

Қонунчиликда ва Пленум қарорларида “жамоат жойи” тушунчаси аниқ белгиланмаганлиги учун айрим ҳолатларда суд-тергов органлари томонидан бу турдаги ҳуқуқбузарликларни малакалашда муайян қийинчиликлар юзага келади.

Шу муносабат билан қонун ҳужжатларига ёки Олий суд Пленумининг тегишли қарорига “жамоат жойи” тушунчасини киритиш лозим, деб ҳисоблаймиз. Бунда жамоат жойида ҳуқуқбузарлик иштирокчиларидан бошқа бегона шахсларнинг бўлганлиги ва бу қилмиш натижасида фуқароларнинг осойишталиги бузилганлиги, шахс жамоат тартибини бузаётганлигини англаган бўлиши каби белгилар моҳияти очиб берилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, “жамоат жойи” тушунчасининг қонунчиликка киритилиши ёки белгиланиши суд-тергов органлари томонидан шу турдаги жиноятлар ва маъмурий ҳуқуқбузарликларни тўғри ва аниқ малакалашда яқиндан ёрдам беради.

Шерзод Абдуқодиров,

жиноят ишлари бўйича

Бўка тумани судининг раиси,

юридик фанлар доктори, доцент

#thegov_button_67d3451d219dd { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_67d3451d219dd:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_67d3451d219dd { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_67d3451d219dd:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!