Click to listen highlighted text!

КАФИЛ БЎЛИШ ОСОН, АММО…

photo_2025-03-11_16-14-04

Мамлакатимизда иқтисодиётни янада мустаҳкамлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, камбағалликни қисқартириш борасида тизимли ва самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Шу маънода айтганда, юртимизда яратилган ушбу имконият ва қулайликлардан оқилона фойдаланиб, ўзларининг турмуш фаровонлигини таъминлаётган оилалар кўпчиликни ташкил этади.

“Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури асосида кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, оила аъзолари бандлигини таъминлаш орқали уларнинг моддий аҳволини яхшилаш мақсадида, имтиёзли кредит маблағлари ажратилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Аммо ҳаётда бу эзгу имкониятлардан ғаразли мақсадда фойдаланаётган кимсалар ҳам учраб туриши ачинарлидир. Хусусан, аҳолига ажратилаётган имтиёзли кредитларни бошқа эҳтиёжларга сарфлаб юбораётган, бундан ҳам ёмони, кредит олишда кафил бўлган шахсларнинг ишончини суиистеъмол қилиб, уларга ташвиш туғдираётган кимсаларнинг қилмишини сира оқлаб бўлмайди.

Аччиқ бўлса-да, шуни айтиш керакки, айрим ҳолларда давлат ташкилотида фаолият юритадиган ходим бир неча банкдан кредит маблағи олади. У ўз ҳамкасбларининг кафил бўлишига эришади.

Бироқ тўловга навбат келганида зиммасидаги мажбуриятни бажаришдан бўйин товлайди. Оқибатда кредит тўловларини кафил тўлашга мажбур бўлади. Ҳатто оқибатини чуқур ўйламай кафиллик мажбуриятини зиммасига олиш ортидан оилалар бузилиш ёқасига келиб қолганлик ҳолатлари ҳам учрайди.

Бу эса, ўз навбатида, фуқароларга кафиллик аслида нима, унинг жавобгарлик доираси нималардан иборат экани ҳақида тушунтириш бериш фойдадан холи бўлмайди.

Амалдаги Фуқаролик кодексининг 292-моддасига кўра, кафиллик шартномаси бўйича кафил бошқа шахс ўз мажбуриятини тўлиқ ёки қисман бажариши учун унинг кредитори олдида жавоб беришни ўз зиммасига олади. Кафиллик шартномаси ёзма шаклда тузилади. Ёзма шаклга риоя қилмаслик кафиллик шартномасининг ҳақиқий эмаслигига олиб келади.

Одатда, муайян даромад манбаига эга шахс кафил бўлиши мумкин. Чунки келгусида қарздор банкдан олган кредити ёки бошқа мажбуриятини бажармаганда, кафил у билан бирга тенг равишда жавоб беради.

Шу ўринда ҳаётий мисолларга эътибор қаратсак, даъвогар Савдо-саноат палатаси Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси “Микрокредитбанк” манфаатини кўзлаб, жавобгарлар Камол Омонов ва Дилшод Бўриевларга (исм-шарифлар ўзгартирилган) нисбатан кредит қарзини солидар тартибда ундириш ҳақида судга даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Даъво аризасида қайд этилишича, жавобгар кредит тўловларини ўз вақтида тўлаш мажбуриятини олган, лекин шартномавий мажбуриятини бажармасдан, келишувни жиддий равишда бузиб, кредит ва унга ҳисобланган фоизни узоқ вақтдан буён тўламаган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, “Микрокредитбанк”нинг Жиззах вилояти филиали ва Камол Омонов  ўртасида 2023 йил 9 март куни 3225-сонли кредит шартномаси тузилган. Мазкур шартномага кўра, банк Камол Омоновга 3 йил муддатга 14 фоиз устама тўлаш шарти билан асаларичиликни ривожлантириш учун 35 миллион сўм миқдорда кредит маблағи ажратган.

Кредит таъминоти сифатида банк ва Дилшод Бўриев ўртасида кафиллик шартномаси тузилган, унга кўра, Дилшод Бўриев кредит ва унинг фоизлари тўланмаган тақдирда, қарздорликни тўлиқ тўлаб бериш кафиллигини ўз зиммасига олган.

Фуқаролик ишлари бўйича Фориш тумани судининг 2024 йил 10 августдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талаби қаноатлантирилган.

Банк филиали фойдасига жавобгар Камол Омонов ва Дилшод Бўриевдан 27 миллион 856 минг 114,56 сўм кредит қарзи, 33 минг сўм почта харажати ҳамда 1 миллион 114 минг 244 сўм давлат божини солидар тартибда ундириш белгиланган.

Юқорида баён этилганлардан ҳам кўринадики, чуқур ўйламай кафилликни зиммага олиш шундай нохуш якун топди.

Ўрни келганда яна шуни айтиш керакки, миллий қонунчилигимизда кафил тўлаб берган пуллар, кўрилган зарар масаласида ҳам аниқ ҳуқуқий ечимлар белгилаб қўйилган. Масалан, Фуқаролик кодексининг 295-моддаси кўра, мажбуриятни бажарган кафилга кредиторнинг ушбу мажбурият бўйича ҳуқуқлари ҳамда гаровга олувчи сифатида кредиторга тегишли бўлган ҳуқуқлар кафил кредиторнинг талабини қанча ҳажмда қаноатлантирган бўлса, шунча ҳажмда ўтади. Кафил кредиторга тўланган суммага фоизлар тўлашни ва қарздор учун жавобгарлик муносабати билан кўрган бошқа зарарини тўлашни қарздордан талаб қилишга ҳақли.

Мазкур қонун талабига кўра, суд қарори ижросини бажарган кафил келгусида қарз олувчига нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, барча тўлаган пуллари, кўрилган зарар ва бошқа тўловларни ундириб олиш ҳуқуқига эга.

Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир фуқаро ўзининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини яхши билса, ортиқча оворагарчиликка дуч келмайди.

Чунки ҳар бир шартномага имзо қўйиш, тилхат ёзиб бериш — оддий ҳолат эмас, балки муайян ҳуқуқий оқибатларни юзага келтиришини ҳеч қачон унутмаслик керак.

Нодиржон РАСУЛОВ,

Жиззах вилояти суди раисининг ўринбосари

 – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

#thegov_button_67d3744fc55bd { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_67d3744fc55bd:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_67d3744fc55bd { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_67d3744fc55bd:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!