Click to listen highlighted text!

ФАРЗАНД ҲАҚИГА ХИЁНАТ ЁКИ ОДАМ САВДОСИ ОҚИБАТИ

photo_2024-12-20_17-28-53

Бу дунёда аёл учун энг катта саодат бу – оналик бахтидир. Аммо ҳаётда баъзан шундай аёллар ҳам учрайдики, ўзининг ўткинчи ҳою­ҳавасини деб жигарбандидан воз кечишгача бориб етади.

Шовотлик Юлдуз Тўрамуротова (исм-шарифлар ўзгартирилган) дугоналари сингари тўй-томоша қилиб эмас, балки йигирма беш ёшида Улуғбек Козимов билан шаръий никоҳ асосида турмуш қуради. Орадан тўрт йил ўтгач, тўнғич қизи Дилдора, 2019 йилда эса, кичиги Лола дунёга келади. Аммо кичик гўдаги ҳали икки ойга тўлиб-тўлмай эр-хотин ўзаро келишмовчилик туфайли жанжаллашиб, ажрашиб кетишади. У. Козимов катта қизи Дилдорани ўзи билан олиб қолади. Ю. Тўрамуротова эса, қўлида гўдаги билан уйдан чиқиб кетади.

Шундан сўнг аёл қаёққа боришини билмай тумандаги хиёбонда бемақсад юради. Баъзан одамлар раҳми келиб, хонадонидан унга гўдаги билан бирга бошпана беради. Бу орада у ўша ҳудудда яшовчи, муқаддам оиласидан ажрашган Хурсанд Қурбонов билан танишиб қолади. Натижада улар бирга яшай бошлашади.

Бироқ аёлнинг бу турмуши ҳам узоққа чўзилмайди. Чунки уч-тўрт ой бирга яшашгач, Х. Қурбонов хорижга ишлаш учун кетади ва Ю. Тўрамуротова эса, қўлида боласи билан яна бошпанасиз қолади. У ҳатто ота уйига ҳам қайтиб боролмайди. Нега дейсизми?

Гап шундаки, Ю. Тўрамуротова У. Козимов билан ажрашгач, ота уйидан қўним топганди. Аммо “чиққан қиз чиғириқдан ташқари”да деганларидек, кўп ўтмай у отаси билан келишмай қолади. Шунинг учун бу гал у туғилиб ўсган хонадонига қайтиб боришга юраги бетламайди. Аммо унинг аҳволи оғир эди, энг ёмони, у қизи Лолани ўзига “ортиқча юк” деб билади.

Аниқроғи, ўз жигарбандини сотиш пайига тушади. Буни қарангки, тез орада харидор ҳам топилади, у бефарзанд яшаётган Жасур Матёқубовга болани 200 миллион сўмга сотиб юбормоқчи бўлади. Икки ўртада савдо “пишгач”, кутилмаганда, харидор фикридан қайтади. Аниқроғи, бу жиноий қилмиш эканини билиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилади. Жорий йилнинг 27 май куни Ж. Матёқубовнинг мурожаати юзасидан тезкор тадбир ўтказилди. Натижада Ю. Тўрамуратова қизчасини сотиш эвазига ундан 2 900 АҚШ доллари ва 6 миллион сўм нақд пулни олган вақтда ушланди.

Албатта, ушбу ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилди. Суд жигарбандини сотмоқчи бўлган онани Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топиб, кодекснинг 57-моддаси тартибида тегишли муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Ушбу аянчли воқеани баён этишдан мақсад шуки, бу ҳаётда аёл учун энг юксак саодат — оналик бахтига эришишдир. Аммо Ю. Тўрамуратова ана шундай саодатнинг қадрига етмади. Бу ҳақда фикр юритганда, Ю. Тўрамуротованинг бундай тубан қилмишга қўл уришида, аввало, қонуний никоҳдан ўтиб, оила қурмагани сабаб бўлганини таъкидлаш жоиз.

Оқибатда икки сафар ҳам омонат оила тез орада бузилган. Агар Ю. Тўрамуротова қонуний никоҳдан ўтиб оила қурганда, унинг барча ҳуқуқ ва манфаатлари кафолатли ҳимоя қилинган бўларди.

Демак, ҳар бир йигит-қиз, аввало, қонуний никоҳдан ўтиб, оила қурса, нафақат эр-хотиннинг, балки дунёга келадиган фарзандларининг ҳам ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаган бўлади.

Баҳромжон БЕРДИЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек тумани суди судьяси

#thegov_button_676bb3c419da9 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_676bb3c419da9:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_676bb3c419da9 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_676bb3c419da9:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!