ҚАЛБАКИЧИЛИК ВА СОХТАКОРЛИК СУДЛАНУВЧИНИНГ ЮЗИНИ ШУВУТ ҚИЛДИ
Ҳаётда ҳалол фаолият юритиб, рўзғор тебратган одам ҳамиша қадру эъзоз топади, катта-кичик орасида иззат-ҳурмат қозонади, қолаверса, топган-тутгани баракали бўлади. Афсуски, ҳаётда ҳалолликдан чекиниб, қинғирликни касб қилиб олган кимсалар ҳам учраб туради.
Мисол тариқасида айтсак, Турдибек Даминов (исм-шарифлар ўзгартирилди) яқинда қалбакичилик ва сохтакорлик йўли билан давлат бюджети маблағларини талон-торож қилганлиги учун қонун олдида жаовб берди.
Афсусланарли томони шундаки, Т. Даминов биринчи марта бундай жиноий қилмишга қўл ураётгани йўқ. Оилали, 3 нафар гулдай фарзанднинг отаси бўлса-да, ўрта-махсус маълумотли бу “шоввоз” давлат бюджети маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш ҳамда ҳужжатларни қалбакилаштириш жиноятларини муқаддам ҳам уч марта содир этиб, жиноят ишлари бўйича Пастдарғом тумани, Каттақўрғон шаҳри, Қўшработ тумани судларининг ҳукмлари билан жазога тортилган.
Т. Даминов ҳар сафар қилмиши учун озодликдан маҳрум қилинишини ўйлаб, талон-торож этилган маблағлар ўрнини қоплаган. Шу боис қонунларимиздаги инсонпарварлик ҳамда бағрикенглик тамойиллари боис унга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.
Нафс измига кирган Т. Даминовнинг бу галги қилмиши тафсилоти шундай: каттақўрғонлик тадбиркор Ф. Сувонқулов “Н. Н. Н.” масъулияти чекланган жамияти ташкил этиб, давлат рўйхатидан ўтказади ва уни бошқаришни қариндоши Т. Даминовга топширади. Аммо Т. Даминов ўзига билдирилган ишончни ҳалол меҳнати билан оқлаш ўрнига, ноқонуний даромад топиш йўлига киради.
Президентимизнинг 2023 йил 10 апрелдаги “Ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимларини давлат-хусусий шериклик асосида модернизaция қилиш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, Халқ депутатлари Нарпай тумани кенгашининг 2023 йил 4 июлдаги VI-71-617-98-К/23-сонли қарорига асосан, туман ҳокимлиги ва “Н. Н. Н.” масъулияти чекланган жамияти ўртасида тузилган “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги битимга биноан, давлат бюджети улуши ва хусусий шерик улуши тенг ҳолда 4 миллиард 164 миллион 903 минг 642 сўмдан, жами 8 миллиард 329 миллион 807 минг 283 сўмлик иш бажарилиши лойиҳалаштирилади. Лойиҳага кўра, тумандаги 51 та давлат ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимлари давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиниши керак эди.
Кўпни кўрган, бой ҳаёт тажрибасига эга кексалар таъкидлаганидек, қалбакичилик ва сохтакорлик билан бошланган иш ҳеч қачон яхшилик билан якун топмаган. Буни таъкидлашган мақсад шуки, Т. Даминов ҳам ишни сохтакорликдан бошлайди. Битим ва бошқа расмий ҳужжатларга масъулияти чекланган жамиятининг расмий раҳбари Ф. Сувонқуловнинг имзоларини сохталаштириб қўяди.
Аниқроқ айтганда, Т. Даминов ижтимоий соҳа объектларининг ички қисмларида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддати давомида зарурий иссиқлик ҳароратини етказиб бериш, иситиш учун меъёр бўйича талаб этиладиган кўмир ва электр энергияси харажатларини камида 20 фоизга, иссиқлик энергияси йўқотишларини 30 фоизга камайтириш каби вазифаларни ўз зиммасига олганди. Шунингдек, республикамизда камида бир йил давомида синовдан муваффақиятли ўтган ва хизмат қилиш кафолати камида 15 йилни ташкил қиладиган қозонларни ўрнатиши ва унинг сифатини кафолатлаш, шунингдек, яроқсиз ҳолатга келган иситиш қозонларини янгилаши, умуман, лойиҳани муддатида амалга ошириш чораларини кўриши керак эди.
Афсуски, амалда бундай бўлмайди. Т. Даминов ўзига мансабдор шахс ваколатлари берилганлигидан қасддан фойдаланиб, объектларда, яъни Нарпай тумани 62-сонли умумтаълим мактабида — 33 миллион 360 минг 435 сўмлик, 66-сонли умумтаълим мактабида — 27 миллион 210 минг 566 сўмлик, 61-сонли умумтаълим мактабида — 24 миллион 256 минг 785 сўмлик, 9-сонли умумтаълим мактабида — 7 миллион 059 минг 652 сўмлик, 13-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида — 27 миллион 785 минг 882 сўмлик, 35-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида — 26 миллион 451 минг 158 сўмлик, 19-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида — 26 миллион 291 минг 064 сўмлик, 42-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида — 22 миллион 830 минг 124 сўмлик ва 21-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида — 22 миллион 484 минг 794 сўмлик, жами 217 миллион 730 минг 461 сўмлик модернизация ишлари бажарилмаган бўлса-да, гўёки, уларнинг бажарилганлиги ҳақида сохта маълумотлар киритилган шакл — 1, 2, 3-сонли ҳисоб-фактураларни тайёрлайди.
Мазкур қалбаки ҳужжатларнинг сохта эканлигини билгани ҳолда, уларни туман Иқтисодиёт ва молия бўлимига тақдим этиб, масъулияти чекланган жамиятининг ҳисоб рақамига 4 миллиард 164 миллион 903 минг 642 сўм маблағни ўтказишга эришади.
Нарпай тумани прокуратурасининг 2024 йил 28 январдаги 10.6/-24-сонли хатига асосан, мутахассислар томонидан тумандаги 1-лот таркибига кирувчи 51 та бюджет муассасаларининг иссиқлик тизимини модернизация ва эксплуатация қилиш бўйича назорат ўлчови ўтказилганда, Т. Даминовнинг ғайриқонуний қилмиши фош бўлади.
Судда ушбу жиноят ишини мазмунан кўриш жараёнида давлат бюджети маблағларининг мақсадли сарфланиши, шунингдек, ижтимоий объектларга куз-қиш мавсуми учун кўмир маҳсулотлари захирасини яратиш ва сотиб олиниши ҳолати бўйича Нарпай туман Иқтисодиёт ва молия бўлими ходимлари томонидан ўтказилган текшириш маълумотномалари ва унга илова қилинган ҳужжатлар нусхалари, 2024 йил 1 июлдаги Самарқанд вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” давлат унитар корхонаси ходими томонидан ўтказилган текшириш маълумотномаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар, сўроқ баённомалари ҳамда жиноят ишида тўпланган ҳужжатлар билан Т. Даминовнинг айби тўлиқ ўз исботини топди.
Маълумки, давлат бюджет маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож этганлик учун Жиноят кодексининг 167-моддасида жиноий жавобгарлик назарда тутилган. Ушбу модданинг 4-қисмида етказилган моддий зарарнинг ўрни тўлиқ қопланган тақдирда, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмаслиги белгиланган. Шу боисдан суд судланувчи Т. Даминовни Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 228-моддаси билан айбдор деб топди ва унга нисбатан 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси белгилади.
Гувоҳи бўлганингиздек, нафс измида қалбакичилик ва сохтакорлик йўли билан давлат бюджети маблағларини талон-торож этган кимса қонун олдида жавоб берди. Энг ёмони, у қариндош-уруғ, маҳалла-кўй олдида юзшувут бўлди. Бу билан демоқчимизки, ишониб топширилган ёки ихтиёрида бўлган ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш оқибати бундан бошқача тугамаслиги яна шундай кайфиятга мойил кимсаларга сабоқ бўлиши лозим.
Баҳодир АҲМЕДОВ,
жиноят ишлари бўйича
Нарпай тумани суди раиси