ЕРГА НИСБАТАН МУЛК ҲУҚУҚИ
Ҳар бир давлатда ер жамиятнинг иқтисодий негизларидан бири сифатида алоҳида аҳамият касб этади. Хусусан, янги таҳрирдаги Конституциямизда ер умуммиллий бойлик ҳисобланиши, ундан оқилона фойдаланиш зарурлиги ва у давлат муҳофазасида эканлиги қатъий белгилаб қўйилган. Юртимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар доирасида ерга оид қонунчилик бугунги давр талабидан келиб чиққан ҳолда изчил такомиллаштирилди.
Маълумки, 2023 йил 30 апрелда янги таҳрирдаги Конституциямиз қабул қилингунига қадар ерга нисбатан хусусий мулк ҳуқуқи бериш таъқиқланган эди. Тадбиркорлар ва фуқароларга янада қулайлик яратиш, уларнинг ерга бўлган муносабатини ижобий томонга ўзгартириш мақсадида бевосита давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ерга нисбатан мулк ҳуқуқи берилиши Конституциямизда кафолатланди.
Бундан ташқари фуқаролар ва ташкилотлар томонидан ортиқча эгалланган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга ёки ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисида бир марталик акция ўтказилди.
Шу билан бирга, яқинда «Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»ги қонун ҳам қабул қилинди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган бундай халқпарвар ислоҳотлар натижасида кўплаб фуқаролар ва тадбиркорлар маълум бир даврда ўзбошимчалик билан эгаллаб олган ер участкаларига мулк ҳуқуқи эътироф этилишига эришди. Афсуски, берилаётган имкониятларга қарамасдан, жамиятда ер участкаларини ноқонуний ўзлаштириш, ер майдонларини қонунга хилоф равишда сотиш, шунингдек, бошқа бир қатор ер билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ва жиноий ҳаракатлар содир этилмоқда.
Шу ўринда қайси ҳолатларда ер участкалари ноқонуний эгалланган деб ҳисобланиши ҳамда бунинг учун қандай жавобгарлик белгилангани ҳақида тўхталадиган бўлсак, юқорида қайд этилган қонунга кўра, ортиқча эгалланган ва ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига шундай таъриф берилган: “ортиқча эгалланган ер участкаси — ер участкасига бўлган ҳуқуқларни белгиловчи ҳужжатларда кўрсатилган ер участкаси майдонидан ортиқ бўлган, ер участкасининг чегарасидан ташқарида, унга туташ ҳудудда жойлашган ер майдони;
ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаси — фуқаролар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва резидент бўлган юридик шахслар томонидан ер участкасига бўлган ҳуқуқларни белгиловчи ҳужжатларсиз, шу жумладан, бундай ҳужжатлар йўқолган ёки тўлиқ расмийлаштирилмаган ҳолда эгаллаб келинаётган ёки ортиқча эгалланган ер участкаси”.
Маълумки, ер — давлат мулки. Шундай экан, ер участкаларини кўрсатиб ўтилган тарзда ноқонуний равишда эгаллаб олган шахсларга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддасига мувофиқ ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, шу жумладан, ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда улардан фойдаланиш — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари, мансабдор шахсларга — эллик баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Шунингдек, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, ажратилган ер участкасига туташ бўлган ва туташ бўлмаган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга ошириш — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик баравари, мансабдор шахсларга — уч юз баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Шу билан бирга, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, шу жумладан, ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда улардан фойдаланиш, худди шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, Жиноят кодексининг 229-1-моддасига асосан, жавобгарликка сабаб бўлади.
Қонунчиликда суғориладиган ер майдонлари алоҳида муҳофазага эга бўлиб, суғориладиган ерлардан фақат Ер кодексида назарда тутилган мақсадлар учунгина фойдаланиш мумкин. Мазкур тоифадаги ер участкаларини уларда қурилиш ишларини амалга оширган ҳолда ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлик учун Жиноят кодексининг 229-1-моддаси 2-қисмида базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Бундан ташқари Жиноят кодексининг 229-6-моддасида суғориладиган ер участкасига ёки унинг бир қисмига бўлган ҳуқуқни сотиш ёхуд қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга берганлик учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, бунинг учун базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан беш юз бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Албатта, ер тўғрисидаги қонунчиликнинг асосий вазифалари жамиятимиз ва келажак авлодларнинг манфаатларини кўзлаб, ердан илмий асосланган тарзда оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш, ер муносабатларини тартибга солиш, шунингдек, бу соҳада қонунийликни мустаҳкамлаш ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдан иборат. Ўз навбатида, фуқаролар ҳам Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий, маданий, илмий ва табиий меросини асраб-авайлаши уларнинг бурчи эканини унутмаслиги лозим.
Соҳибжон Бешимов,
Олий суд катта консультанти