СОХТА «ИШҚ» МОЖАРОСИ
Ҳаётда ҳар бир инсон учун оиладан муқаддас ва азиз маскан йўқ. Чунки оилада келажагимиз эгалари — фарзандларимиз дунёга келиб, вояга етади, миллий қадрият, урф-одат ва анъаналар ҳам фақат шу гўшада ривож топади.
Албатта, ҳар бир оиланинг мустаҳкам ва тинч-тотув яшаши, аввало, эр-хотиннинг аҳил-иноқлиги, масъулиятни нечоғлик ҳис этишига бевосита боғлиқ.
Яъни эр ва хотин оила масъулиятини чуқур ҳис этса, ҳар доим бир-бирига ҳурмат билан муносабатда бўлса, бундай оила, табиийки, мустаҳкам бўлади.
Ўз навбатида, эр ёки хотиннинг оилавий қадриятларга беписандлик билан қараши, нафақат ушбу масканнинг хароб бўлишига, балки оғир фожиаларга ҳам олиб келади.
Шоҳиста Бобожонова (исм-шарифлар ўзгартирилган) оилавий турмушга аввал-бошданоқ енгил назар билан қаради. Бошида кўз очиб кўрган умр йўлдоши турганини назарига илмади. Натижада бир неча йилгина муқаддам яралган оила инқирозга юз тутди. Орадан яна икки йил вақт ўтди. 2023 йилга келиб, оилани сақлаб қолишга қаратилган уринишларнинг бари зое кетди. Бу орада эр саналмиш Сардор Қурбонов бошқа аёл билан турмуш қурди. Оила қўрғони буткул барбод бўлди, ўртадаги қонуний никоҳ бекор қилинди. Бунинг индаллоси эса, 2019 йили бўлиб ўтган арзимасгина бир воқеадан бошланди. Ўшанда С. Қурбонов бир неча ой муқаддам хонадонига келин бўлиб тушган Шоҳистани “Хоразм Шифо” (номи ўзгартирилган) хусусий корхонаси раҳбари Фарида Жуманиёзованинг ҳузурига бошлаб келади.
С. Қурбонов Фарида Жуманиёзова билан илгаридан таниш, муқаддам ушбу хонадондаги қурилиш-таъмирлаш ишларни бажариб, уларнинг ишончини қозонганди.
Шу боис хусусий корхона раҳбари Ф. Жуманиёзова унинг хотинини тадбиркорлик шохобчаси қарамоғидаги дорихонага сотувчи сифатида ишга олиш ҳақидаги илтимосини ерда қолдирмади. Ш. Бобожонова ҳам тез орада дорихона юмушларини ўрганиб олди. Дастлаб ишлар рисоладагидай кечди. Фарида Жуманиёзова ҳам Шоҳистанинг ишидан мамнун эди, у бир неча марта энди дорихона сотувчига ёлчиди, деб мақтаб ҳам қўйди. Шоҳиста корхона раҳбарининг турмуш ўртоғи Сафарбой ака билан айниқса, тез тил топишди. Улар ўртасидаги муносабатлар қуюқлаша борди. Орадаги “сир”дан деярли ҳеч ким хабар топмади. Фақат Шоҳистанинг сирли қадамларию кун сайин ўзгариб бораётгани эри С. Қурбоновнинг эътиборини тортмай қолмади.
Шу тариқа уларнинг ҳаёти муаммолар гирдобига тушди. С. Қурбонов атиги бир неча ой муқаддам хотинини ишга жойлаштиришни Ф. Жуманиёзовадан илтимос қилган бўлса, энди фикрини ўзгартириб, уни ишдан бўшатишни сўради. Унинг бу талаби, табиийки, хотинига ёқмади. У турмуш ўртоғининг ишдан бўшаш ҳақидаги талабини кескин рад этди.
Бунинг устига Ф. Жуманиёзованинг эри Сафарбой ака ҳам бунга қарши чиқди.
Шу тариқа бу оила боши берк кўчага кириб қолди. С. Қурбонов аччиқ устида бошқа аёлга уйланиб олди. Бунга тоқат қилолмаган Шоҳиста хусусий корхона раҳбари Фарида опага бир неча марта дардини ёрди. У Сафарбой акадан эса, имкон бўлса, шаҳарнинг бошқа ҳудудидан янги дорихона очиб беришни сўради. Бу таклиф Сафарбой акага ҳам маъқул тушди.
Хусусий корхона раҳбари томонидан ташкил этилган янги дорихона 2023 йилнинг октябрь ойида Урганч шаҳрининг бошқа ҳудудида тадбиркорлик субъектининг 2-шохобчаси сифатида ўз фаолиятини бошлади.
Шоҳистанинг айтишича, хусусий корхона раҳбари Ф. Жуманиёзова билан муносабати ўша кезларда ҳам илиқ бўлган. Лекин бу ҳол узоқ чўзилмаган.
2023 йилнинг ноябрига келиб, Ф. Жуманиёзова ҳам эри билан Шоҳиста ўртасидаги гап-сўзлардан хабар топган ва жанжал кўтарган. Эри Сафарбойнинг Шоҳистага “Бизнинг оилавий турмушимиз яхши эмас, шу сабабли сени иккинчи хотинликка олмоқчиман”, деган гаплари қулоғига чалинганини пеш қилган. Шундан сўнг бу икки аёл ўртасидаги муносабатлар буткул издан чиқиб, низо пайдо бўлган.
Орадан кўп ўтмай навбатдаги жанжал рўй беради. Бунга Фарида Жуманиёзова Шоҳистанинг Сафарбой акага ёзган “Барини хотинингизга айтаман”, — деган “СМС” хабарини ўқигани сабаб бўлади. Ф. Жуманиёзова аламдан ўзини қаерга қўйишни билмай дорихона томон ошиқади. Хотинининг жаҳлини кўриб, Сафарбой ака ҳам унинг ортидан дорихонга етиб келади. Шоҳистанинг онаси ҳам шу ерда эди.
Сафарбой ака қараса, вазият таранг, шу боис кўнглидагини очиқ-ошкор тўкиб солади: у Шоҳистага уйланишини маълум қилади.
Буни эшитиб, Ш. Бобожонова ҳам сесканиб тушади. Эрининг гапини эшитиб, Ф. Жуманиёзованинг эси оғаёзди. У ўзига нисбатан бу ҳақоратни ҳазм қилолмайди, заҳрини эри бир ёқда қолиб, Ш. Бобожоновага сочди.
Буни қарангки, бир-икки йил муқаддам Ш. Бобожонованинг оиласи бошига ёғилган кулфат энди Ф. Жуманиёзованинг хонадонига аросат уруғини сочади. Учовлон ўртасидаги зиддият-келишмовчиликлар одатий тусга киради. Ш. Бобожонова бошқараётган дорихона низо ва ғавғонинг уясига айланади.
2023 йилнинг 30 ноябрь куни улар ўзаро муносабатга “аниқлик киритиш” учун яна Ш. Бобожонова ишлаётган дорихонага йиғилишади. Аммо Ш. Бобожонова қаттиқ жазавага тушиб, эр-хотинга бақиради: “Мени ўлдиринглар, ҳаммасидан қутуласизлар!…”
…Вазият кескин тус олади ва кутилмаганда, мудҳиш воқеа рўй беради. Ш. Бобожонова қаттиқ жазавага тушган кўйи ёнидагиларга “Ҳозир ўзимни-ўзим ўлдираман”, — дея таҳдид солади ва ҳеч иккиланмай стол устидаги пичоқни қўлига олади. У пичоқни даст кўтарганча ҳеч кутилмаганда, ўзига эмас, балки ёнида турган Ф. Жуманиёзовага санчади…
Оғир жароҳат олган аёлни зудлик билан касалхонага олиб боришади.
Судланувчи Ш. Бобожонова судда айбига қисман иқрорлик билдирди.
Дорихонада содир бўлган мудҳиш воқеа тафсилотларига аниқлик киритди, ўзи қўл урган жиноий қилмишни эҳтиётсизликка йўйди. Шифокорларнинг тезкор саъй-ҳаракати боис ҳаёти сақланиб қолган жабрланувчи Ф. Жуманиёзова ва унинг машъум ҳодисага бевосита гувоҳ бўлган турмуш ўртоғи Сафарбой ака ҳам воқеага айнан шу тарзда аниқлик киритишди.
Судда айбланувчининг бу қилмиш оддий эҳтиётсизлик оқибатида рўй бергани ҳақидаги кўрсатмаси далиллар етишмагани боис инобатга олинмади. Аслида, бу қилмиш қасддан қилинган ҳаракатнинг мантиқий натижаси бўлгани тасдиғини топди. Шу боис тергов идораси томонидан Ш. Бобожоновага нисбатан Жиноят кодексининг баданга қасддан оғир шикаст етказишни назарда тутувчи 104-моддаси 2-қисми “л” банди бўйича қўйилган айб асосли, деб топилди. Айни пайтда Ш. Бобожонованинг қилмишига иқрорлиги, оилавий шароити, қарамоғида бир нафар фарзанди борлиги жиноят учун тайинланиши лозим бўлган жазони сезиларли даражада енгиллаштиришга асос бўлиши қайд этилди. Судланувчига нисбатан Жиноят кодексининг енгилроқ жазо тайинлашни тақозо этувчи 57-моддасини тадбиқ этиш мақсадга мувофиқ, деб топилди. Судланувчи Ш. Бобожонова ана шу ҳуқуқий асосларга кўра, икки йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Юқорида баён этилганлардан ҳам кўринадики, оилавий муносабатларга енгил-елпи назар билан қараш ҳеч қачон хайрли якун топмайди. Чунки оила муқаддас маскан, уни кўз қорачиғидек асраб-авайласак, дахлсизлигини таъминласак, ўзлигимизни, фарзандларимиз келажагини таъминлаган бўламиз.
Руслан Бобожонов,
жиноят ишлари бўйича
Янгибозор тумани суди раиси,
Абдулла Собиров,
журналист