СУДЛАР ТОМОНИДАН 2024 ЙИЛНИНГ I ЯРИМ ЙИЛЛИГИДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАРГА ОИД ИШЛАР ЮЗАСИДАН АХБОРОТ
Жорий йилнинг биринчи ярмида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 342 109 нафар шахсга нисбатан 285 651 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди.
222 101 нафар шахсга нисбатан жарима, маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш, маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни мусодара қилиш, муайян шахсни унга берилган махсус ҳуқуқдан маҳрум этиш, маъмурий қамоққа олиш, чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш ҳамда ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб этиш каби маъмурий жазолар қўлланилди.
Ярашилганлиги муносабати билан 39 935 нафар шахс маъмурий жавобгарликдан озод этилди.
Кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг аксариятини
майда безорилик, автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик, ҳақорат қилиш, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши, электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар ташкил этади.
Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича 18 403 нафар шахсга нисбатан 17 982 та иш кўриб тамомланган. Шундан 11 568 нафар шахсга нисбатан жарима ва транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш каби маъмурий жазолар қўлланилди.
Шу билан бирга таранспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш ҳамда транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича 14 556 нафар шахсга нисбатан 14 427 та иш кўриб тамомланган. Шундан 12 867 нафар шахсга нисбатан жарима, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш ва маъмурий қамоққа олиш каби маъмурий жазолар қўлланилди.
Апелляция тартибида 5 417 нафар шахсга нисбатан 4 448 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. 1 446 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 1 500 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.
Кассация тартибида 2 394 нафар шахсга нисбатан 2 183 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. 786 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 611 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.
Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 935 нафар шахсга нисбатан 852 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. 187 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 226 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Жамоатчилик билан алоқалар маркази