ЎЗБОШИМЧАЛИККА СУД ОРҚАЛИ БАРҲАМ БЕРИЛДИ
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги Тошкент вилоят бошқармаси бир нечта даъво аризалари билан фуқаролик ишлари бўйича Зангиота тумани судига мурожаат қилди. Даъво аризаларида баъзи фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонини дастлабки ҳолатига қайтариш сўралган.
Келинг, шу ўринда даъво аризаларга асос бўлган қонунбузилиш ҳолатларидан бирига эътибор қаратайлик. Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси масъуллари томонидан Президентимизнинг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик, шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активларига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ўрганиш ўтказилган.
Мазкур жараёнда Тошкент туманининг Ойдин маҳалласи, Файзли кўчаси, 40-уйга туташ бўлган 220 метр квадрат ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, фойдаланиб келинаётгани аниқланган. Бу ноқонуний ҳолат фуқаро Расулжон Бобоев (исм-шарифлар ва жой номлари ўзгартирилган) томонидан содир этилган. Бинобарин, бошқарма ходимлари ва Р. Бобоев иштирокида тегишли далолатнома тузилган. Шу билан бирга, Р. Бобоев ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонини аввалги ҳолатига қайтариш юзасидан огоҳлантирилган. Бироқ у давлат хизматчиларининг қонуний талабини бажармаган.
Шунингдек, Дилдора Собитова ҳам туманнинг Гўзалкент массиви, Чинобод маҳалласи, қишлоқ хўжалик харитасининг 61Қ-контурида жойлашган 150 метр квадрат ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб, ноқонуний равишда бино қурган. Кадастр агентлигининг Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари айни ҳолат бўйича ҳам тегишли далолатнома расмийлаштиришган. Шунингдек, Д. Собитовани тегишли тартибда огоҳлантиришган. Лекин Д. Собитова ўз манфаатини қонун талабидан устун қўйган, ўзбошимчалик билан эгаллаган ер майдонини дастлабки ҳолатига қайтармаган.
Шу боис икки ҳуқуқбузар ҳам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси 3-қисми билан жавобгарликка тортилган. Аммо шундан сўнг ҳам қонунбузилиш ҳолатлари бартараф этилмаган. Натижада Кадастр агентлигининг Тошкент вилояти бошқармаси судга даъво аризалар билан мурожаат қилган.
Таъкидлаш жоизки, ишни судда кўриш жараёнида юқорида қайд этилган ер майдонига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳолатлари борасида бирон-бир ҳуқуқий ҳужжат мавжудлиги аниқланмади.
Ер кодексининг 90-моддасида ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган айбдор шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлиши белгиланган. Шунингдек, кодекснинг 91-моддасига мувофиқ, ўзбошимчалик билан ва ғайриқонуний равишда эгаллаб олинган ер участкаларига қилинган сарф-харажатлар қопланмаган тарзда, тегишлилигига кўра, қайтарилади. Ер участкаларини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш, шу жумладан, ундаги иморатларни бузиш ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслар ҳисобидан амалга оширилади. Суд бу қонуний асосларга таянган ҳолда даъво аризаларни қаноатлантириб, жавобгарлар зиммасига ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонларини бўшатиш ва дастлабки ҳолатига қайтариш мажбуриятини юклаш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилди.
Конституциямизнинг 68-моддасига биноан, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир. Ер қонунда назарда тутилган ҳамда ундан оқилона фойдаланишни ва уни умуммиллий бойлик сифатида муҳофаза қилишни таъминловчи шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк бўлиши мумкин.
Шундай экан, мазкур конституциявий қоидани ҳеч ким унутмаслиги керак.
Нодира ЗИЯЕВА,
фуқаролик ишлари бўйича
Зангиота туманларо
суди судьяси