Click to listen highlighted text!

НОҚОНУНИЙ ҚАРОР СУД ТАРТИБИДА БЕКОР ҚИЛИНДИ, ТАДБИРКОРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ТИКЛАНДИ

photo_2024-10-25_15-56-15

Маълумки, судлар зиммасидаги энг долзарб ва масъулиятли вазифалардан бири тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилишдан иборатдир.

Ҳолбуки, тадбиркорлик субъектлари тўлақонли фаолият юритса, халқимизнинг иқтисодий фаровонлиги ошади, янги иш ўринлари яратилади.

Шу маънода судлар томонидан тадбиркорлик фаолиятига тегишли ҳар бир низо қонун талаби асосида адолатли ҳал этилмоқда. Масалан, “GRAND EMPIRE MARKET” масъулияти чекланган жамияти Бухоро туманлараро маъмурий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Бухоро вилоят давлат солиқ бошқармасининг 2022 йил 16 августдаги 20/1-01414-kt-сонли буйруғини ҳақиқий эмас, деб топишни сўраган.

Хўш, тадбиркорлик субъекти билан солиқ идораси ўртасида нега низо келиб чиқди? Тадбиркор нимадан норози?

Бу саволларга жавоб тариқасида шуни айтиш керакки, солиқ бошқармасининг юқорида қайд этилган буйруғи асосида “GRAND EMPIRE MARKET” масъулияти чекланган жамиятида 2022 йилнинг март-июнь ойларида қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғи тўғри ҳисобланиши ҳамда бюджетга тўланиши юзасидан камерал солиқ текшируви ўтказилган. Орадан 4 ой ўтгач, яъни 2022 йил 26 октябрда текшириш жараёнида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан далолатнома ва хулоса расмийлаштирилган. Қолаверса, айнан шу куни масъулияти чекланган жамиятга солиқ ҳисоботларига тузатиш киритиш хусусида талабнома юборилган.

Шундан сўнг вилоят давлат солиқ бошқармаси масъулияти чекланган жамиятини солиқ текширишига оид материаллар 2022 йил 11 ноябрь куни кўриб чиқилиши ҳақида хабардор қилган. Мазкур хабарнома солиқ тўловчига 2022 йил 31 октябрь куни юборилган. Аммо текширув материаллари 2022 йил 11 ноябрда эмас, балки 2022 йил 14 ноябрда кўриб чиқилган. Лекин “GRAND EMPIRE MARKET” масъулияти чекланган жамияти бу ҳақда тегишли тартибда хабардор этилмаган. Бироқ бунга қарамай солиқ бошқармаси 2022 йил 21 ноябрь куни “Камерал солиқ текширувида аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар материалларини кўриб чиқиш тўғрисида” қарор қабул қилган.

Ўрни келганда шуни қайд этиш жоизки, Конституциямизнинг 55-моддасига мувофиқ, ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади. Бинобарин, масъулияти чекланган жамияти вакиллари вилоят давлат солиқ бошқармасининг юқорида қайд этилган қарорини ҳақиқий эмас, деб топишни сўраб, Бухоро туманлараро маъмурий судига ариза билан мурожаат қилишган.

Аммо суднинг 2022 йил 26 декабрдаги ҳал қилув қарори билан даъво аризасини қаноатлантириш рад этилган. Бухоро вилоят маъмурий суди апелляция инстанцияси ҳам 2023 йил 26 июндаги қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган.

Шундан сўнг “GRAND EMPIRE MARKET” масъулияти чекланган жамияти Олий судга кассация шикояти билан мурожаат қилиб, суд қарорларини бекор қилган ҳолда аризани қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўраган.

Хўш, масъулияти чекланган жамияти мутасаддилари ҳақми? Бу борада қонун ҳужжатларида қандай меъёрлар белгиланган?

Айтиш керакки, Солиқ кодексининг 157-моддасида “Солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш тартиб-таомилининг муҳим шартларини бузиш юқори турувчи солиқ органи ёки суд томонидан солиқ органининг солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликка тортиш ва (ёки) солиқ суммаларини қўшиб ҳисоблаш тўғрисидаги қарорини бекор қилиш учун асос бўлади. Бундай муҳим шартлар жумласига ўзига нисбатан солиқ текшируви ўтказилган шахснинг солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш жараёнида шахсан ва (ёки) ўз вакили орқали иштирок этиш имкониятини таъминлаш ҳамда солиқ тўловчининг тушунтиришлар бериш имконини таъминлаш киради” дея қайд этилган.

Энди юқорида баён этилган низога эътибор қаратсак, вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан “GRAND EMPIRE MARKET” масъулияти чекланган жамиятининг солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш жараёнида корхона масъулларининг иштироки таъминланмаган. Демак, Солиқ бошқармасининг низога сабаб бўлган қарори Солиқ кодекси талабларига зид равишда қабул қилинган.

Чунки Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 189-моддасига мувофиқ, суд устидан шикоят қилинаётган қарор ёки унинг айрим қисмлари ёхуд ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) қонунчиликка зид эканлигини ҳамда аризачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузаётганлигини аниқласа, қарорни ёки унинг айрим қисмларини ҳақиқий эмас ёхуд ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади. Бундай ҳолат рўй берган тақдирда, суд тегишли органнинг ёки мансабдор шахснинг зиммасига қонунга мувофиқ қарор қабул қилиш ёки муайян ҳаракатларни амалга ошириш ёхуд аризачининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг бузилишларини бошқача усулда бартараф этиш мажбуриятини юклайди.

Бундан ташқари кассация инстанцияси суди кассация шикоятини кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарори, қарорни тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун юбормасдан, янги қарор қабул қилишга ҳақли. Мазкур қоида Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 243-моддасида ўз ифодасини топган.

Қисқаси, Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича кассация инстанцияси юқорида қайд этилган қонуний асосларга таяниб, Бухоро туманлараро маъмурий судининг 2022 йил 26 декабрдаги ҳал қилув қарори, Бухоро вилоят маъмурий суди апелляция инстанцияси судининг 2023 йил 26 июндаги қарорини бекор қилди ва янги қарор қабул қилди. Яъни “GRAND EMPIRE MARKET” масъулияти чекланган жамиятининг аризасини қаноатлантириб, Бухоро вилоят давлат солиқ бошқармасининг 2022 йил 21 ноябрдаги 20/1-97221-сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топди.

Шунингдек, Бухоро вилоят давлат солиқ бошқармаси зиммасига камерал солиқ текшируви материалларини қайта кўриб чиқиш мажбурияти юклатилди.

Шу тариқа адолат қарор топди, тадбиркорнинг ҳуқуқлари тикланди. Бироқ тадбиркор ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида судларга мурожаат қилиб, қимматли вақтини йўқотди, овора бўлди. Яъни солиқ идораси масъуллари қонун меъёрларига оғишмай амал қилганда, бу низо келиб чиқмасди.

Бундан келиб чиқадиган хулоса шуки, тадбиркорлик фаолияти жамиятимизда қудратли яратувчи куч экан, уни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, самарали фаолият юритиши учун шарт-шароитлар яратиб бериш ҳар бир давлат идорасининг долзарб вазифаси саналади. Буни ҳеч қачон унутмаслик керак.

Дурдона АБДУКАХАРОВА,

Олий суд судьяси

#thegov_button_67679cd86ec56 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_67679cd86ec56:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_67679cd86ec56 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_67679cd86ec56:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!