УНДИРИЛГАН ҚАРЗДОРЛИК
Маълумки, ҳар бир корхона ва ташкилот ўзаро иқтисодий муносабатларга киришганда, аввало, шартнома қонунчилиги талабларига қатъий риоя этиши муваффақият гарови ҳисобланади. Аксинча, тарафлар томонидан шартнома шартларини талаб даражасида бажармаслик оқибатида турли хил низолар келиб чиқади.
Мисол учун айтадиган бўлсак, Нурота тумани Ободонлаштириш бўлими ва “Young Ideal” масъулияти чекланган жамияти ўртасида 2023 йил декабрь ойида учта олди-сотди шартномаси тузилган. Бироқ ушбу шартномалар Нурота тумани Ғазначилик бўлимида рўйхатдан ўтказилмаган.
Ҳолбуки, Бюджет кодексининг 122-моддасида бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг бюджетдан ажратиладиган маблағлари бўйича товарларни етказиб берувчилар билан тузилган шартномалар, шунингдек, уларга киритилган ўзгартишлар ва қўшимчалар ғазначилик бўлимларида рўйхатдан ўтказилганидан сўнг кучга кириши белгиланган.
Шундай бўлса-да, масъулияти чекланган жамияти шартнома талабига кўра, Ободонлаштириш бўлимига 85 781 150 сўмлик маҳсулот етказиб берган. Аммо Нурота тумани молия бўлими ушбу шартномаларнинг Ғазначилик бўлимида ўтказилмаганини рўкач қилиб, тўловларни амалга оширишга рухсат бермаган, масъулияти чекланган жамиятининг қарзни тўлаш ҳақидаги талаблари ҳам жавобсиз қолган. Шундан сўнг корхона судга мурожаат этишга мажбур бўлган.
Айтиш керакки, Фуқаролик кодексининг 234-моддасига кўра, мажбурият фуқаровий ҳуқуқий муносабат бўлиб, унга асосан, бир шахс (қарздор) бошқа шахс (кредитор) фойдасига муайян ҳаракатни амалга оширишга, чунончи, мол-мулкни топшириш, ишни бажариш, хизматлар кўрсатиш, пул тўлаш ёки муайян ҳаракатдан ўзини сақлашга мажбур бўлади. Қолаверса, кредитор қарздордан ўзининг мажбуриятларини бажаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Олий хўжалик суди Пленумининг “Хўжалик шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилишни тартибга солувчи фуқаролик қонун ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори 8-бандида тарафларнинг шартномавий-ҳуқуқий муносабатларга киришгани ёзма ёки бошқа далиллар билан тасдиқланса, шартноманинг мавжуд эмаслиги даъвогарнинг етказиб берилган товарлар, бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар қийматини ундириш ҳақидаги талабларини қаноатлантиришни рад этиш учун асос бўла олмаслиги кўрсатилган.
Ана шу қонуний талабларни инобатга олган суд “Young Ideal” масъулияти чекланган жамияти фойдасига Нурота тумани Ободонлаштириш бўлимидан 85 781 150 сўм ундиришни лозим деб топди.
Бундан ташқари Иқтисодий процессуал кодекснинг 200-моддасига асосан, ишни кўриш вақтида давлат органи ёки бошқа орган, юридик шахс, мансабдор шахс ёки фуқаронинг фаолиятида қонун ҳужжатлари бузилгани аниқланган тақдирда, уларнинг ишда иштирокидан қатъи назар, суд хусусий ажрим чиқаришга ҳақли.
Суд аниқланган қонунбузилиш ҳолатларида давлат идораларининг мансабдор шахслари ҳаракатлари (ҳаркатсизлиги)нинг ижтимоий хавфлилик хусусиятини фақатгина қўшимча текшириш, дастлабки терговолди суриштирув ишлари орқали аниқлаш мумкинлигини ҳисобга олган ҳолда, Нурота тумани прокуратурасига хусусий ажрим киритди. Унга асосан, мазкур ҳолатга қонуний баҳо берилиб, айбдор шахсларга нисбатан тегишли жазо чоралари қўлланилди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, қонун талабларига амал қилмаслик нафақат низо, балки қонунбузилиш учун жавобгарликни ҳам келтириб чиқаради. Бу эса, тарафларга ҳар томонлама зарар келтиради. Буни ҳеч қачон унутмаслик зарур.
Бекзод Жумаев,
Навбаҳор туманлараро
иқтисодий суди раиси