Click to listen highlighted text!

ЖИНОЯТ КЎЧАСИДАН ҚАЙТМАГАНЛАР ЎЗГАЛАРГА ЭМАС, ЎЗЛАРИГА ЖАБР ҚИЛИШАДИ

photo_2024-10-14_15-11-00

Халқимиз кекса бор уйнинг файзи, баракаси бўлади, деб бежизга айтмаган. Чунки пиру бадавлат отахону онахонларнинг доно ўгиту маслаҳатлари, бой тажрибаси ҳаётимизда доимо асқотади, айниқса, ёшлар тарбиясида бу бебаҳо қадрият ўта муҳим ўрин тутади.

Шу боис бугунги кунда юртимизда кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, соғлиқларини асраб-авайлаш, турмушларида рози бўлишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.

Аммо ҳаётда фарзанду набираларининг қуршовида кексалик гаштини суриш, ўгиту насиҳатлари билан ёшларга тўғри йўл кўрсатиш ўрнига турли хил жиноий қилмишларга қўл ураётган кимсалар ҳам учраб туриши жуда афсусланарлидир.

Яқинда очиқ суд мажлисида 68 ёшли Очил Тешаев (исм-шарифлар ўзгартирилди) ва 71 ёшли Бердиназар Холдоровларга нисбатан айблов ҳукми ўқилгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Қисқаси, суд ҳукми билан О. Тешаевга — 10 йил, Б. Холдоровга 6 йилу 8 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Улар энди суд томонидан тайинланган жазони махсус тартибли колонияларда ўтайди.

Суд томонидан қатъий тартибдаги жазо тури белгиланганидан ҳам сезган бўлсангиз керак, уларнинг иккаласи ҳам бир пайтлар суд ҳукми билан Жиноят кодексининг 34-моддасига асосан, ўта хавфли рецидивист деб топилган. Аниқроғи, О. Тешаев 1985 йилдан ҳозирга қадар — беш марта, унинг жиноий шериги Б. Холдоров эса, 1996 йилдан буён тўрт марта гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат ўта оғир жиноятларни содир этиб, умрининг кўп қисмини қамоқда ўтказишган. О. Тешаев — уч, Б. Холдоров эса, беш нафар вояга етган фарзанднинг отаси.

Агар муқаддам содир этган қилмишидан сабоқ чиқариб, тўғри йўлга кирганида Очил Тешаев ҳам, Бердиназар Холдоров ҳам кўп йиллик азиз умрини темир панжаралар ортида ўтказмасди. Бундай кимсалар қайта жиноят содир этиб, жамиятга зарар етказмаслиги учун яккаю ягона йўл — бу қилмиши учун жазонинг муқаррарлигини таъминлаш. Бундан ўзга чора йўқ.

Судланувчиларнинг кейинги жиноий қилмиши ҳақида фикр юритганда, кўр кўрни қоронғуда топади, деганларидек, cурхондарёлик Очил Тешаев билан самарқандлик Бердиназар Холдоровлар Олмалиқ туманида жойлашган қаттиқ тартибли жазони ўташ муассасасида танишиб қолишади. Жазони ўтаб, бирин-кетин озодликка чиққач, улар бир-бири билан мунтазам хабарлашиб туришган.

Судланувчи О. Тешаев нопок йўл билан бойлик орттириш мақсадида 2023 йил май ойида Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида яшовчи таниши С. Абдурозиқовнинг олдига боради ва ундан 23,62 грамм “опий” гиёҳвандлик воситасини сотиб олади. Шундан сўнг у заҳриқотилни келгусида сотиш ниятида яшириб қўяди.

Буни қарангки, айни ўша пайтда эски таниши Бердиназар Холдоров унга қўнғироқ қилиб, гиёҳвандлик воситаси топиб беришни сўрайди. Албатта, О. Тешаев кутилмаганда харидор топилгани, тағин денг, унинг синашта ва ишончли эканидан қувониб кетади. Қисқаси, ҳамтовоқлар 2023 йилнинг 30 август куни соат 20.00ларда келишилган манзил — Самарқанд тумани Конигул маҳалласидаги автошоҳбекатда учрашишади. Б. Холдоров О. Тешаевдан 23,62 грамм “опий” гиёҳвандлик моддасини уч миллион сўмга сотиб олади ва унинг таъмини татиб кўраётганида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан ҳодиса содир бўлган жойда ашёвий далиллар билан ушланади.

Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси Эксперт криминалистика бўлимининг 816-сонли хулосасида қайд этилишича, Б. Холдоровдан далилий ашё сифатида ҳужжатлаштириб олинган тўқ жигар рангли, юмшоқ ҳолдаги модда таркибида гиёҳванд модда — “опий” алкалоидлари гуруҳига кирувчи морфин, кодеин ва тебаин мавжуд бўлиб, соф оғирлиги 23,62 граммга тенг. Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг вилоят минтақавий филиали суд-наркологик экспертиза далолатномаларида ҳар иккала судланувчида опий гиёҳвандлик белгилари мавжудлиги қайд этилган.

Суд мазкур жиноят ишини мазмунан кўриш жараёнида дастлабки тергов органи томонидан О. Тешаевнинг жиноий ҳаракатлари Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан — тўғри, Б. Холдоровнинг жиноий ҳаракатлари эса, Жиноят кодексининг 25,273-моддаси 5-қисми билан нотўғри малакаланган деб топди. Негаки, дастлабки тергов органи иш тафсилотларини тўғри аниқлаб, Б. Холдоровнинг айби исботлангани ҳақида асосли хулосага келган бўлса-да, бироқ унинг ҳаракатларини малакалашда хатоликка йўл қўйган.

Хусусан, дастлабки тергов органи Б. Холдоровнинг содир этган жиноий ҳаракатига етарлича ҳуқуқий баҳо бермасдан, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатларни синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холис текширмасдан, унинг гиёҳвандлик воситасини айнан қандай ва қай тариқа сотишга суиқасд қилганлик ҳолатини тасдиқловчи бирон-бир далилни келтирмаган ва натижада тахминий қарор қабул қилган.

Ваҳоланки, иш материалларида Б. Холдоровнинг кўп миқдордаги “опий” гиёҳвандлик воситасини сотиш ҳақида бирон-бир шахс билан келишгани ёки сотиш йўли билан ўтказиш мақсади бўлганини тасдиқловчи далиллар мавжуд эмас.

Суд ҳайъати қонун талабидан келиб чиқиб, Б. Холдоровга нисбатан жазо тайинлашда унинг жиноий ҳаракатларини Жиноят кодексининг 25,273-моддаси 5-қисмидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 3-қисми “а” бандига қайта малакалади.

Шундай қилиб, жиноятчиларга қилмишига яраша қонуний ва адолатли жазо тайинланди. Гувоҳи бўлганингиздек, нопок йўлга қадам босган, жиноят кўчасига киришдан ор қилмаган одам, аввало, ўзгаларга эмас, балки ўзига жабр қилади. Бу ҳаётий мисол кўпчиликка, айниқса, ёшидан қатъи назар, жиноят содир қилишга мойиллиги бўлган инсонларга сабоқ бўлиши лозим.

Нодиржон РАЖАБОВ,

жиноят ишлари бўйича

Самарқанд тумани суди раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

#thegov_button_6723582ae8f61 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6723582ae8f61:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6723582ae8f61 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6723582ae8f61:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!