СУД ТИЗИМИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР ОДИЛ СУДЛОВГА ЭРИШИШ ИМКОНИЯТЛАРИ УЧУН МУҲИМ ОМИЛ
Мамлакатимизда сўнги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида тарихий ислоҳотлар қатъият билан амалга оширилмоқда. Айниқса, судларнинг мустақиллигини таъминлаш ва соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган кўплаб норматив ҳужжатлар қабул қилинди.
Суд тарихига назар соладиган бўлсак, ислоҳотлар давомида Олий суд ва Олий хўжалик суди, фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритув соҳасида Олий судга бирлаштирилди. Судьялар олий кенгаши, маъмурий судлар, Олий суд ҳузурида Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ташкил этилди. Жиноят ишини қўшимча тергов юритиш учун қайтариш институти бекор қилинди ва далилларга баҳо бериш институти такомиллаштирилди. Бу, ўз навбатида, иш бўйича барча ҳолатлар суд томонидан ҳар томонлама текширилиб, далилларга холисона баҳо берилган ҳолда оқлов ҳукмлари кўпайишига асос яратди.
2017 йилга қадар олтита суд инстанциясида суд қарорлари қайта кўриб чиқилган. Ўтган тўрт йилдан буён бу инстанциялар сони учтага келтирилди.
Суд тизимига «бир суд — бир инстанция» тамойили жорий қилинди. Унга кўра, аввало, халқаро стандартларга мос равишда уч босқичли суд тизими яратилди. Инстанция (туман (шаҳар) судлари, айрим тоифадаги мураккаб ишлар бўйича — вилоят судлари), апелляция инстанция (вилоят даражасидаги судлар) ва кассация инстанцияси (Олий суд) шулар жумласидандир. Иккинчидан, халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг эътирозига сабаб бўлаётган назорат инстанцияси тўлиқ бекор қилинди.
Олий суд тузилмасида инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркиби тузилди. Бу билан инвесторлар, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштирилди.
Бундан ташқари Олий суд фаолиятида фуқаролар ва юридик шахсларнинг одил судловга эришишида кенг имкониятлар яратилди. Илгари Олий судга назорат тартибида келиб тушган шикоятлар судьялар томонидан ўрганилиб, асос мавжуд эмас, деб ҳисобланган ҳолларда шу ҳақда ёзма жавоб хати йўллаш билан кифояланган. Кейинчалик эса суд тизимида жорий этилган «бир суд — бир инстанция» тамойили асосида, Олий суднинг назорат инстанцияси тугатилиб, ишларни кассация тартибида кўриш ваколати жорий этилди.
Шу билан бирга, ҳар бир кассация шикояти судлов ҳайъатлари томонидан суд мажлисида кўрилиб, қарор қабул қилиниши тартиби жорий этилди.
Бунинг натижасида Олий суд судьяларининг иш ҳажми юкламаси аввалгига қараганда бир неча баробар ортди, шунингдек, ишларни кўриш жараёнларида фуқароларга бир қатор ноқулайликларни келтириб чиқарди.
Бинобарин, ҳар бир туман-шаҳар судларига масофавий видеоконференцалоқа режими ўрнатилган бўлсада, кассация шикоятини берган тарафнинг бевосита суд мажлисида қатнашиш истагига кўра Тошкент шаҳрига боришига тўғри келаётган эди.
Суд ислоҳотлари давомида Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 27 сентябрдаги «Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунига асосан 2024 йил 1 январдан бошлаб, суд тизимида апелляция, кассация ва тафтиш инстанциялари жорий қилинди ва биринчи инстанция судининг ҳукмлари, ажримлари устидан дастлаб апелляция тартибида, агар апелляция тартибида кўрилмаган бўлса, қонуний кучга кирган ҳукмлар, ажримлар устидан кассация тартибида шикоят ё протест беришлари, апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган жиноят ишлари бўйича чиқарилган ҳукмлар, ажримлар устидан эса, тафтиш тартибида шикоят ё протест бериш, шунингдек, тафтиш тартибида такроран шикоят ё протест билдириш юзасидан илтимоснома билан мурожаат қилиш имконини яратди.
Бундан ташқари, ҳукм устидан апелляция тартибида шикоят ёки протест бериш муддати йигирма суткадан ўн суткага қисқартирилди. Жиноят ишини кассация ва тафтиш тартибида кўриш натижалари юзасидан янги оқлов ёки айблов ҳукми чиқариш ваколатлари берилди.
Киритилаётган ўзгартириш суд қарорларини бекор қилиб, янгидан кўриш учун қуйи инстанция судларига қайтариш амалиётига чек қўйди ва фуқароларнинг сарсон бўлиши олди олинди. Бу билан судда ҳар бир иш бўйича якуний хулосага келиш учун замин яратилди.
Муҳтарам юртбошимиз томонидан қабул қилинган «Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонга асосан судлар фаолиятида очиқлик, шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатини янада кучайтириш юзасидан 2025 йил 1 январдан бошлаб, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларида тергов судьялари жорий қилинмоқда.
Тергов судьялари зиммасига жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масалалари, яъни, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, ушлаб туриш муддатини 48 соатга қадар узайтириш ҳамда прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги ва бошқа илтимосномалар ва маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриб чиқиш ваколати юклатилмоқда.
Бу билан жиноят ишлари бўйича биринчи инстанция судлар судьялари ўртасида иш ҳажми мутаносиблигини тўлиқ таъминлашга эришилади.
Судьялар томонидан жиноят ишларини кўриш давомида иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан тўла ва холисона текшириб чиқилиши, судланувчиларнинг барча важлари текширилиши ва тарафлар томонидан келтирилган илтимосномаларни тўлиқ кўриб чиқилиши учун замин яратади.
Юқоридаги ислоҳотларнинг туб моҳияти янгиланган бош қомусимизда белгилаб қўйилган нормаларга асосланмоқда ва ўз навбатида Конституция тўғридан-тўғри ишлайдиган ҳужжат бўлиши, яъни унинг нормаларини судларда тўғридан-тўғри қўллаш амалиётини йўлга қўйиш мақсадида Олий суд Пленумининг қарорлари ҳам қабул қилинди.
Дарҳақиқат, бугун юртимизда олиб борилаётган барча йўналишдаги ислоҳотларнинг марказида инсон омили турибди. Бу ҳаётий ҳақиқатни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасидаги «Инсон манфаатлари ва яна бир бор инсон манфаати ислоҳотларнинг бош мақсади этиб белгиланди», дея айтган сўзлари ҳам исботлаб турибди.
Зеро, ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад шу муқаддас заминда истиқомат қилаётган ҳар бир инсонинг орзуларини рўёбга чиқариш ҳамда унинг учун муносиб турмуш шароитларини яратишдан иборатдир.
Ҳусанбой Омонов
жиноят ишлари бўйича
Марғилон шаҳар судининг
судья ёрдамчиси