Click to listen highlighted text!

БЎРТТИРИЛГАН “ҚОСИМОВЧИЛАР ИШИ” ЁХУД АБДУЛЛА ҚОДИРИЙНИ ОҚЛАГАН СУД РАИСИ

photo_2024-06-06_11-49-33

Яқинда 12 та жиноят иши бўйича 205 нафар шахсга нисбатан Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг оқлов ҳукми чиқарилди. Хўш, мустабид тузум даврида қатағон қилинган бу ватандошларимиз ким бўлган? Уларнинг айби нима эди? Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя­сини таъминлаш, шунингдек, одил судловга эришиш даражасини ошириш борасида қилинаётган ишлар ва истиқболдаги вазифалар хусусида, шунингдек, юқоридаги каби саволларга жавоб олиш мақсадида Олий суд раисининг ўринбосари Икром МУСЛИМОВ билан суҳбатлашдик.

– Аввало, Олий суд томонидан яқинда кўриб чиқилган ишлар тафсилотларига тўхталсак. Биринчи жиноят иши ҳужжатларида қайд этилишича, эски маҳаллий бойлар ҳисобланган Дадабой Умаралиев ва бошқалар Носирхон тўра Камолхонтўра ишига алоқадор шахслар сифатида 1929-1930 йилларда Наманган туманида аксилинқилобий ҳаракати аъзоларини қўллаб келган. Улар совет ҳудудида қуролли қўзғолон ёки аксилинқилобий мақсаддаги ҳаракатларни амалга оширганликда айбланган ва отувга ҳукм қилинган.

Иккинчи жиноят ишида эса, Хоразм вилоятида Эрниёз Жуманиёзов ва бошқалар босмачилик аксилинқилобий ҳаракати аъзолари билан доимий алоқа ўрнатганликда айбланган. Улар гўёки босмачилик гуруҳларини уйларида қабул қилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаб, совет ҳокимияти томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирларга ўзларида сақланган қуролларни топширмаслик ҳамда коллективлаштиришга қарши тарғибот қилиш орқали қаршилик кўрсатган.

Учинчи жиноят иши бўйича Матчонбек Матмуродов ва бошқалар 1931 йил февраль ойи бошларида совет ҳокимиятини ағдариш, унга қарши қуролланган босмачилик-исёнчилик курашини ташкил этиш ҳамда олдинги хонлик бошқаруви тартибини тиклаш мақсадида Афғонистондан Хива ҳудудига ўтган Жунаидхоннинг ўғли Эшимхоннинг қуролланган гуруҳларини кучайтириш учун янги кадрлар билан таъминлаш мақсадида алоқа ўрнатганликда айбланган.

Тўртинчи жиноят ишида Исмоил Юсупов (Казаков) ва бошқалар 1937 йилда Хива тумани, Жундиён қишлоғида жойлашган “Хон Исмоил ота” масжидида йиғилишлар ўтказиб, аксилинқилобий режалар тузган ҳамда “Жунаидхон”ни таниган эски бойлар сифатида қуролли тўда шакллантириб, совет ҳудудида қуролли қўзғолон ёки аксилинқилобий ҳаракатлар содир этишида айбланган. Уларнинг аксариятига ўлим жазоси берилган, баъзилари ўзга юртларга сургун қилинган.

– Кўриб чиқилган жиноят ишлари ичида Саъдулла Қосимовга тегишли иш алоҳида ажралиб туради. Шу ҳақда батафсил тўхталсангиз?

– Суд С. Қосимовни 1924 йилдан 1925 йилга қадар Тошкент вилояти суди раиси ҳамда 1925 йил 23 декабрдан 1929 йил 3 мартга қадар Ўзбекистон ССР Олий суди раиси лавозимида ишлаб, шахсий бойлик орттириш мақсадида талон-торожлик, порахўрлик, тизимли равишда таъмагирлик жиноятларини содир этганликда ҳамда миллий озодлик ҳаракати (“босмачилик”), “Миллий иттиҳод” аксилинқилобий ташкилотининг фаол аъзоларини қўллаб-қувватлашда айбли деб топган.

Бироқ С. Қосимовга тегишли жиноят иши ҳужжатлари ўрганилганда, унинг айбдорлиги суд муҳокамаси давомида исботини топмасдан, жиноий жавобгарликка тортилгани аниқланди. Ўшанда ушбу жиноят иши бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текширилмаган. Судланувчини пора олиш эпизоди бўйича ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган, шунингдек, унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатларни аниқлаб, уларни ҳисобга олиш чоралари кўрилмаган.

С. Қосимов дастлабки тергов ва биринчи инстанция судида қўйилган айбловни инкор қилган. Шундай бўлса-да, уни айблаш учун фақатгина гувоҳларнинг дастлабки терговдаги кўрсатмалари асос қилиб олинган, холос.

Суд мажлисидаги текширув натижасида С. Қосимов келтирилган жиноятларни содир этганлигини тасдиқловчи, ҳақиқатга мувофиқ мақбул ва ишончли далиллар аниқланмади. Қолаверса, унинг мазкур жиноятларни содир этганликда айбли деб топиш учун асос қилинган далиллар етарли эмас ва ҳозирги кунда қўшимча далилларни тўплаш имконияти қолмаган.

Ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда олимларимизнинг илмий ўрганишлари натижалари, шунингдек, жиноят иши материаллари С. Қосимовга нисбатан юритилган жиноят иши “марказ”нинг қатъий назорати ҳамда топшириғи асосида, бирор объектив далилларсиз, қандай бўлмасин жиноий жавобгарликка тортиб, унга нисбатан энг оғир жазони тайинлаш ҳамда шу орқали мустабид тузум сиёсатига қарши шахсларнинг иродасини синдириш мақсадини кўзлаганини тасдиқлайди.

Бу борада тадқиқ этилган иш материаллари, тарихий-илмий ҳужжат ва мақолалар шуни кўрсатадики, ўша даврда ҳар қандай миллий озодлик ҳаракатини шафқатсизлик билан бостирилиб, бошқаларга ўрнак бўлиши учун ҳаракат иштирокчиларига отув ёки бошқа энг оғир жазолар тайинлаш Ўрта Осиёга нисбатан “марказ” сиёсатининг асосий мақсадларидан бири бўлган. Бундай вазиятда, табиийки, ишларни холис кўриб, эълон қилинган айбни инкор этадиган ёки енгиллаштирадиган судьяларнинг кераги бўлмаган.

С. Қосимов эса, нафақат унга эълон қилинган айб эпизодлари, балки бошқа ҳолатлар бўйича ҳам судланувчиларга нисбатан инсонпарварлик тамойилларини қўллаб келган.

Бунга биргина мисол.

Ўзбекистон жумҳурияти Олий суди жиноят ишлари ҳайъатининг 1926 йил 16 июндаги ҳукмига кўра, РСФСР Жиноят кодекси асосида 2 йил озодликдан маҳрум қилинган буюк адиб, ўзбек романчилиги асосчиси Абдулла Қодирий ҳам С. Қосимов томонидан 1926 йил 17 июнь куни киритилган тақдимномага асосан, жазо муддатини ўтамасдан қамоқдан озод этилган. Пировардида Олий суд апелляция инстанциясининг 2023 йил 1 декабрдаги ҳукми билан Абдулла Қодирий оқлангани ҳам С. Қосимовнинг ўз даврида ҳақиқатни тиклашда изчил бўлганини кўрсатади.

Бундан ташқари, Жиноят-процессуал кодексининг қонунсиз қийноқ ва қатағонларга чек қўйишга йўналтирилган суд-ҳуқуқ тизимида қонунийлик ва адолатни ўрнатиш учун прокурор ва судларга кенгроқ имконият бериш назарда тутилган ислоҳоти ҳақидаги саволларга жавоб беришни сўраб С. Қосимов 1928 йил 20 июнда Москвага мурожаат юборади. Ушбу мурожаат шусиз ҳам С. Қосимовнинг ҳаракатлари билан муроса қила олмаётган “марказ”нинг тоқатини тоқ қилади ҳамда 1929 йил бошларида унинг фаолияти устидан текшириш ўтказиш учун комиссия юборилади.

Комиссиянинг 1929 йил 3 мартдаги қарори асосида С. Қосимов лавозимидан озод қилиниб, қамоққа олинади. Бироқ 3 ой давом этган текширув ва тергов натижаларига кўра, унга қўйилган айбловларнинг бирортаси исботини топмагани сабабли қамоқдан озод қилинади.

Ҳақиқатни аниқлашдан кўра, С.Қосимовни қандай бўлмасин жазолашни мақсад қилган “марказ” томонидан комиссиянинг текширув ва тергов фаолияти қаттиқ танқидга олиниб, С. Қосимовга нисбатан қайтадан жиноят иши очилади. Мазкур жиноят иши доирасида, бирор-бир ишончли ва холис далилсиз судсиз ва терговсиз “босмачилар” ниқоби остида ўн нафар айбсиз деҳқонни отиб ташлаганлик, “босмачилар”ни қурол ва ўқ-дорилар билан таъминлаганлик, пора олиш, турли моддий бойликлар эвазига фирибгарлик ва мансаб сохтакорлиги жиноятларини содир этиш каби ўйлаб топилган айбловлар эълон қилинган. Шу орқали мазкур жиноят ишига сиёсий тус берилиб, “Қосимовчилар иши” сифатида бўрттириб кўрсатилган.

Ўзбекистон Олий судида ташкил этилган ишчи гуруҳи томонидан барча айбланувчиларга нисбатан жиноят ишлари ҳужжатлари ўрганилганда, ушбу ватандошларимизнинг айби суд ҳукми билан аниқланмасдан туриб, судсиз жиноий жавобгарликка тортилгани аниқ бўлди. Иш ҳужжатлари улар ўз даврида ватан ҳимояси, юрт мустақиллиги, дини, эътиқоди, маданияти ва миллат ғурури учун курашганини тўлиқ тасдиқлайди.

Афсусланарлиси шундаки, уларнинг эзгу интилишлари мустабид тузум томонидан топталган, ўзлари эса энг оғир жазоларга мустаҳиқ этилган.

Дастлабки тергов даврида жиноят ишида айбланувчи тариқасида ўтган барча шахслар аввалбошда айбловни инкор қилиб келган бўлса-да, кейинчалик қийноқлар остида иқрорлик кўрсатмасини беришга мажбур бўлганини сўроқ баённомасида ҳам кўриш мумкин.

Бундан ташқари, уларни айбдор деб топишда – ишга тааллуқли бўлган ҳолатлар атрофлича ўрганилмай, текшириб чиқилмай ва баҳоланмай, биргина иқрорлик кўрсатмаларига асосланган ҳолда ҳукм чиқарилган. Иш ҳужжатларида айрим айбдор шахслар фақат ўзбек ёки бошқа тилни билиб, ўз кўрсатмаларини араб алифбосида ёзган. Шундай бўлса-да, тергов ҳаракатлари рус тилида юритилиб, гўёки уларнинг кўрсатмалари ўзбек тилига таржима қилингани қайд этилган.

Ҳолбуки, жиноят ишини тергов қилган шахслар араб алифбосида ёзишни ҳамда ўзбек тилини билганлигини ҳам тасдиқловчи бирор далил мавжуд эмас. Жиноят иши бўйича тергов ҳаракатларини юритишга масъул шахслар томонидан ишга таржимон (тилмоч) жалб қилинмаган. Бундай ҳолатда чиқарилган қарорларни қонуний ва асосли деб бўлмайди.

— Мустабид тузум томонидан шафқатсиз қатағон қилинган давлат ва жамоат арбоблари, илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт намояндалари, оддий касб эгаси бўлган минглаб юртдошларимиз номини абадийлаштириш, уларнинг жасорати, матонати мисолида ёш авлодни ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

— Жуда тўғри. Буни мустабид тузум даврида ноҳақ айбланган, мол-мулки мусодара этилиб, ўзлари қатағону қувғинга дучор этилган аждодларимизнинг пок номи оқланиб, тарихий адолат тикланаётгани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Бу ҳақда гап борганда, Олий судда 31 та жиноят иши доирасида қатағон қурбони бўлган 1 031 ватандошимизга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилиб, тарихий адолат тикланганини таъкидлаш жоиз.

Шу ўринда халқимизнинг миллий ўзликни англаш, янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида қўяётган қутлуғ қадамлари мукаррам инсон зотига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, инсон хотирасига нисбатан адолат ва ҳақиқатни қарор топтиришдек эзгу амаллар билан узвий боғлиқ эканини алоҳида қайд этиш зарур.

Бу эзгу ташаббуснинг туб моҳиятига эътибор қаратадиган бўлсак, ўтган аср бошларида юртпарвар, миллатпарвар боболаримиз янгиланиш ва эркинлик, адолат ва тенглик, илм-маърифат ва миллий ўзликни англаш ғояларига таяниб, озодлик учун мардонавор кураш майдонига чиққанини кўрамиз. Бу фаолият жадидчилик ҳаракати номи билан машҳур бўлган.

Аслида, ушбу улуғ зотларнинг мақсади жаҳолат ва қолоқлик гирдобида қолган халқни дунёвий илм-фан, илғор касб-ҳунарлар билан қуроллантириб, умумбашарий ривожланиш йўлига, янги тараққиёт манзилига олиб чиқишдан иборат эди. Маърифатпарвар боболаримиз саъй-ҳаракати билан ташкил этилган янги усулдаги мактаблар, театр, кутубхона ва музейлар, газета ва журналлар, юрт фарзандларини чет элларга ўқишга юбориш мақсадида тузилган хайрия жамиятлари халқимизни неча асрлик ғафлат уйқусидан уйғотиб, миллий озодлик ҳаракати учун беқиёс куч берган.

Аммо юртимизда большевиклар диктатураси ўрнатилгач, чор мустамлакачилик сиёсати янгича шаклда давом эттирилди. Бу эса маърифатпарвар боболаримизга ўз мақсад-муддаоларини тўлиқ амалга ошириш имконини бермади.

Энг ачинарлиси, маърифатпарвар аждодларимиз шаъни “босмачи” деган ноҳақ тавқи лаънат билан топталди. Уларнинг аксарияти ноҳақ айблов, сохта далиллар билан қатағон қилинди. Бундан ҳам даҳшатлиси, маърифатпарвар боболаримизнинг кўпчилиги “учлик” деган тузилма буйруғи билан суд-сўроқсиз ўлим жазосига ҳукм қилинган.

Шукрки, бу аждодларнинг эзгу орзу-ниятлари халқимизнинг қон-қонида, тарихий хотирасида сақланиб қолди ва ҳануз яшамоқда. Бугунги кунда бутун элимиз қалбидан чуқур жой олган, умуммиллий ҳаракатга айланиб бораётган янги Ўзбекистон ғояси замирида уларнинг орзу-интилишлари ва армонлари мужассам.

Шу маънода, Ватанимиз истиқлоли, халқимизнинг озодлиги ва эркинлиги, келажак авлодларнинг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида мардона курашган, азиз жонларини фидо қилган, мустабид тузум даврида қатағон қилинган аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, фаолияти ва меросини ўрганиш ҳамда тарғиб этиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётгани — тарихий адолат тикланаётгани ҳар қанча таҳсинга сазовор.

Бу бежиз эмас. Чунки айни мавзудаги тарихий маълумотларни холис ва ҳаққоний ўрганиш мустақиллик қандай оғир ҳамда машаққатли курашлар билан қўлга киритилганини янада чуқур англашга хизмат қилади. Шу билан бирга, бугунги эркин, озод ва обод ҳаётимизни асраб-авайлаб, қадрлаб яшаш кераклигидан сабоқ беради. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, халқимизнинг фидойи фарзандлари, маърифатпарвар аждодларимиз ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ ҳақиқатни тўлиқ юзага чиқариш, уларга нисбатан тарихий адолатни тиклаш, бу борадаги ишларнинг кўлами ва самарасини оширишни тақозо этади.

Мустабид тузум даврида ноҳақ айбланган, мол-мулки мусодара этилиб, ўзи қувғину қатағонга дучор этилган аждодларимиз жуда кўп. Улар орасида пок номлари ҳамон қора рўйхатларда қолиб кетган, яъни оқланмаганлари бор. Ноҳақ айбланган бундай одамларни оқлаш, хотирасига ҳурмат кўрсатиш, авлодларига таскин ва умид бериш мақсадида уларга тегишли ҳужжатлар синчковлик билан ўрганилди ва ўрганилмоқда.

— Бугун жамиятнинг барча соҳаларида кенг татбиқ этилаётган “Инсон қадри учун” эзгу тамойили суд-ҳуқуқ тизими фаолиятига қанчалик чуқур кириб бормоқда?

— “Ўзбекистон — 2030” стратегияси тизимли ва кенг қамровли ислоҳотларимизнинг мантиқий давоми бўлди. Мазкур дастуриламал ҳужжатнинг “Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш” деб номланган йўналишида биз фикр юритаётган соҳага тааллуқли муҳим вазифалар белгилаб берилган.

Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар ҳақида сўз борганда, бу борадаги асосий мақсадлардан бири давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда маъмурий адлия тизимини янада ривожлантиришдан иборат. Ушбу мақсадга эришиш учун 2030 йилгача маъмурий судларга бевосита мурожаат этишга тўсқинлик қилаётган омилларни тўлиқ бартараф этиш, судга қадар босқичда низоларни ҳал қилиш самарадорлигини 50 фоиз ошириш, судга қадар ҳал этилиши мумкин бўлган низолар юзасидан судларга келиб тушадиган ишлар сонини 50 фоиз камайтириш каби вазифалар белгиланган.

Ана шу устувор вазифалар ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилиши суднинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш, унга нисбатан ишончни ошириш ва фуқароларнинг судга мурожаат қилиш имкониятини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Бу эзгу амалларнинг амалиётга изчил татбиқ этилаётгани янги Ўзбекистон ғояси негизида, аввало, инсон омили мужассамлигининг яна бир ёрқин ифодасидир. Инсон шаъни, қадр-қиммати ва хотирасини ҳар қандай тажовузлардан кўз қорачиғидек асраш вазифаси ҳар доим устувор бўлиб қолаверади.

Суҳбатни Лутфулла СУВОНОВ ёзиб олди.

(“Янги Ўзбекистон” газетаси,2024 йил 25 май

#thegov_button_6681e508956bd { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6681e508956bd:hover { color: rgba(253,253,253,1); }#thegov_button_6681e508956bd { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6681e508956bd:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!