Click to listen highlighted text!

УНУТИЛГАН БУРЧ

photo_2024-07-29_16-35-13

Бир неча ой илгари ижтимоий тармоқларда шофирконлик аёлнинг вояга етмаган, ожиз аҳволдаги фарзандини ўта шафқатсизлик билан муттасил равишда уриб-дўппослаб келгани ҳақидаги хабар тарқалган эди. Дастлабки тергов ва суриштирув чоғида бу ҳолатлар ростдан рўй бергани тасдиқланди. Яқинда ушбу жиноят иши судда кўриб чиқилди.

Тартибсиз енгил-елпи турмуш кечириш, миллий ва умуминсоний қадриятларни унутиш кишини турли хил ташвишларга рўбарў қилиб, эл орасида иснодга қолдиради. Бухоролик Насиба Облоқулова (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам оилага енгил-елпи муносабатда бўлгани, оила қуришда миллий қадриятларимизга риоя қилмагани, энг ачинарлиси, аёл шаънига доғ бўлиб тушадиган чекиш, спиртли ичимликлар ичишдек иллатларга рўжу қўйгани, шарм-ҳаё, ибо ва андишани унутгани изсиз кетмади. Буни унинг ўтган йиллардаги ҳеч ким ҳавас қилмайдиган кечмиши ҳам кўрсатиб турибди.

Н. Облақулова 2016 йилдан Ғиждувон туманида яшовчи Рустам Қаландаров билан шаръий никоҳ асосида яшаб келган. Аммо никоҳнинг мўртлиги, оиланинг омонатлиги сабабли орадан кўп ўтмай Н. Облоқулова тугунини кўтариб, Р. Қаландаровнинг хонадонидан чиқиб кетади. Бироқ аллақачон шаънига доғ туширган аёлни ота-онаси ҳам уйга киритмайди.

Шундан сўнг у 2017 йилда ишлаш мақсадида хорижга кетади. У ерда Қарши шаҳрида яшовчи Бекзод исмли йигит билан танишади ва у билан бирга яшайди. 2018 йилнинг сентябрь ойида улар ўғил фарзандли бўлишади. Лекин навбатдаги жанжалдан сўнг Н. Облақулова чақалоғини олиб, Ғиждувонга қайтиб келади ва турли жойларда яшаб юради.

— Онам Зилола Зулфиқорова Н. Облақуловага ёш боласи борлиги учун уйимиздан жой берган эди, — деди суд мажлисида Шофиркон туманидаги “Қўрғони Вардонзе” маҳалласида яшовчи гувоҳ Ш. Шамсиева. — У дастлаб биз билан аҳил яшади. Кейинчалик унинг чекиш ва спиртли ичимликлар ичиш одати борлигини сезиб қолдик. 2022 йилнинг март ойи­дан бошлаб у вояга етмаган ўғлини уриб, дўппослай бошлади. Бу ҳол кунига тўрт-беш марта такрорланарди. Шунда онам болани ҳимоя қилиш мақсадида Н. Облақуловани бир неча марта огоҳлантирди. Боланинг оёғи синганини билганимиздан сўнг онам ўзининг телефон аппаратида Н. Облақулованинг болани ураётганини видеотасвирга олган.

— Мен видеотасвирларни бирон жойга тақдим қилмаганман, — деди судда гувоҳлик берган З. Зулфиқорова. — Вояга етмаган боланинг оёғини уриб синдирганини бизга тўнкамасин, туҳматга қолмайлик деган мақсадда тасвирга олгандим. Боланинг оёғини айнан Н. Облоқулованинг ўзи уриб синдирган.

Жиноят ишини судда кўриш жараёнида Н. Облоқулова яна бир ижтимоий хавфли қилмишни содир этгани маълум бўлди. Гап шундаки, З. Зулфиқорованинг гувоҳлик беришича, тўғри йўлдан адашган бу аёл 2023 йилда туғилган қизини Бухоро шаҳрида яшовчи “Бектемир”исмли шахсга 500 АҚШ долларига сотган…

Қисқаси, судда Н. Облоқулованинг қилмишлари қонун доирасида батафсил кўриб чиқилди. Суд судланувчига нисбатан жазо тайинлашда содир этилган жиноятнинг хусусияти ва хавфлилик даражаси, шароит ва сабаблари, шахси, оилавий шароити ва моддий аҳволи, муқаддам судланмагани ҳамда хулқ-атворини инобатга олди. Н. Облоқулова Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “ в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шунингдек, суд Н. Облоқулованинг 2023 йилда туғилган вояга етмаган фарзандини Бухоро шаҳрида яшовчи “Бектемир” исмли нотаниш шахсга 500 АҚШ долларига сотгани ҳолатига қонуний баҳо бериш учун иш материалларини туман прокуратурасига юборди. Шу тариқа фарзандини муносиб даражада тарбиялаш конституциявий бурчи ва мажбурияти эканини унутган, ўз жигарбандига нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлган Н. Облақулова қонуний жазога тортилди. Бола давлат қарамоғига олинди. Бу юртимизда ҳар бир инсон қонун ҳимоясида эканининг амалдаги тасдиғидир.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, мамлакатимизда ҳеч ким, жумладан, вояга етмаган болалар ҳам эътибордан четда эмас. Лекин бола тарбиясида онанинг ўрни беқиёс. Судланувчи Н. Облақулова ножўя хатти-ҳаракатлари билан нафақат оналик шаънига доғ туширди, балки фарзанд меҳридан ҳам мосуво бўлди. Бу бошқалар учун сабоқ вазифасини ўтаса, ажаб эмас…

Улуғбек БОЗОРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Шофиркон тумани суди раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

#thegov_button_674029103ae1e { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_674029103ae1e:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_674029103ae1e { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_674029103ae1e:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!