Click to listen highlighted text!

“КОМПЬЮТЕР САБОТАЖИ” ҚАНДАЙ ЖИНОЯТ?

photo_2024-07-29_16-16-02

Аксарият ҳолларда “жиноят” деганда ҳамюртларимиз ўғрилик, фирибгарлик, босқинчилик, товламачилик, қотиллик ёки порахўрлик сингари оғир ва ўта оғир жиноятларни тушунишади. Аммо кундалик ҳаётимизда бизга арзимасдек бўлиб туюлган ноқонуний хатти-ҳаракатлар ҳам борки, Жиноят кодексида улар учун ҳам жиноий жавобгарлик белгиланган.

Масалан, кодекснинг 179-моддасида қайд этилган “Сохта тадбиркорлик” жиноятини олайлик. Сохта тадбиркорлик, яъни уставида кўрсатилган фаолиятни амалга ошириш мақсадини кўзламасдан ссудалар, кредитлар олиш, фойдани (даромадни) солиқлардан озод қилиш (солиқларни камайтириш) ёки бошқача мулкий манфаат кўриш мақсадида корхоналар ва бош­қа тадбиркорлик ташкилотлари тузиш базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Таърифланишидан келиб чиққанда, унчалик ваҳимали ёки оқибати аянчли кўринмаса-да, мазкур қилмишнинг давлат ва жамият манфаати учун келтирадиган зарари аҳамиятсиз эмас.

Ёки кодекснинг “Ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш” дея номланган 202-моддаси 3-қисми “ж” бандига мувофиқ, ов қилиш ва балиқ овлаш ёки ҳайвонот дунё­сининг бошқа турларини тутиш қоидаларини бузиш, кам­ёб ва йўқолиб бораётган ҳайвон турларини тутишнинг ёхуд ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг доривор, озуқавий ва манзарали (декоратив) турларини йиғиш ёки тайёрлашнинг белгиланган тартибини ёки шартларини, шунингдек, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлардаги ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган ҳайвонот ёки ўсимлик дунё­си турларини нобуд қилган ҳолда содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилишга сабаб бўлади.

Етказилган моддий зарарнинг ўрни уч карра миқдорда, Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган камёб ва йўқолиб бораётган ҳайвонот ҳамда ўсимлик дунёси турларига нисбатан етказилган зарарнинг ўрни эса беш карра миқдорда қопланган тақдирда, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.

Ахборот технологиялари тараққий этган айни пайтда “Компьютер саботажи” дея номланган жиноят ҳам юз бермоқда. Хўш, бу нима дегани?

Жиноят кодексининг 278-5-моддаси “Компьютер саботажи” дея номланган. Унда қайд этилишича, ўзганинг компьютер ускунасини ёки хизматда фойдаланиладиган компьютер ускунасини қасддан ишдан чиқариш, шунингдек, компьютер тизимини бузиш (компьютер саботажи) уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача озодликни чеклаш ёхуд икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Борди-ю ўша ҳаракатлар бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, ёинки такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, айбдорга икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.

Хулоса қилиб айтганда, жиноятнинг катта-кичиги бўлмайди. Бинобарин, ҳар бир ишни қонунга мувофиқ амалга оширган инсон фақат фойда кўради, зарар эмас. Айни ҳақиқатни асло унутмаслик керак. 

Баҳромжон БЕРДИЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек туман суди судьяси

#thegov_button_6729c7678fc9e { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6729c7678fc9e:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6729c7678fc9e { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6729c7678fc9e:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!