Click to listen highlighted text!

НАФС ИЗМИДАГИ ФИРИБГАРЛАР СУДДА ҚОНУНИЙ ЖАЗОЛАНДИ

photo_2024-07-01_13-13-52

Ҳаётда айрим кишилар жиноят ёки ҳуқуқбузарликка қўл уришади-ю, сўнг тергов ёки суд жараёнида “Мен бунинг ноқонуний қилмиш эканини билмас эдим” дея важ келтиришади. Аммо қонунни билмаслик шахсни жавобгарликдан озод қилмайди. Устига устак касби ҳуқуқшунос бўлган кимса жиноят содир этса, буни қандай изоҳлаш мумкин?

Учкўприк туманида яшовчи Олмосхўжа Асқаров (исм-шарифлар ўзгартирилган) айни пайтда 70 ёшда. У 1994-2000 йилларда нуфузли давлат идорасида ҳуқуқшунос лавозимида фаолият юритган. Шу боис О. Асқаров яқингача ҳам кўпчилик ҳавас қилгудек обрў-эътиборга эга эди.

Бироқ нафс қутқусига учган О. Асқаров фирибгарлик кўчасига қадам қўйди. У Учкўприк тумани Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимига қариндошига тегишли савдо дўконининг кадастр ҳужжатларини тайёрлаш учун борган Олим Деҳқоновга шу идорада ишлашини айтиб, ўз ёрдамини таклиф қилади. Сўнгра савдо дўкони учун кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига 1 000 АҚШ доллари беришни сўрайди.

Қолаверса, ҳужжатларни расмийлаштириш учун 500 минг сўм тўлов қилиш лозимлигини ҳам таъкидлайди. Тумандан вилоят марказига бориб келиш учун 60 минг сўм йўлкира зарурлигини ҳам айтиб ўтади. Унинг таклифига рози бўлган О. Деҳқонов О. Асқаровга 560 минг сўм беради. Шундан сўнг О. Деҳқонов қариндошига О. Асқаровнинг талабини етказади. Аммо қариндоши унга нафақат пора олиш, балки пора бериш ҳам ноқонуний қилмиш эканини тушунтиради.

Қисқаси, О. Асқаровнинг хатти-ҳаракатлари қонунга зид эканини англаб етган О. Деҳқонов унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қўқон шаҳар бўлимига ариза билан мурожаат этади. Ушбу мурожаат асосида ўтказилган тезкор тадбирда О. Асқаров 1 000 АҚШ долларини пора сифатида олаётган вақтида қўлга олинади.

Буни қарангки, ушбу ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётган пайтда О. Асқаровнинг яна бир қилмиши фош этилади.

Аниқланишича, собиқ ҳуқуқшунос таниши Саъдулла Ёндошев билан бирга фуқаро Пўлат Рисқулов ва Ойбек Йўлдошевни ҳам чув туширган экан.

Яъни С. Ёндошев П. Рисқулов ва О. Йўлдошевни боғдорчилик учун 5 гектардан ер олиб бериш учун О. Асқаров билан учраштиради. О. Асқаров уларга ҳар бир гектар ер ҳисобига 3 000 АҚШ доллари миқдорида “харажат” қилиш зарурлигини билдиради.

Шундан сўнг С. Ёндошев П. Рисқуловдан 15 минг, О. Йўлдошевдан 10 минг 600 АҚШ доллари олиб, О. Асқаровга беради.  Ҳамтовоқлар “мижоз”ларининг ишончини қозониш учун вилоят ҳокимлигида ишлайдиган мансабдор шахс уларнинг иши билан жиддий шуғулланаётганини қайта-қайта таъкидлашади.

Лекин орадан бир йил ўтса-да, ваъда қилинган иш битмайди. Бу вақтда ҳамтовоқлар пора сифатида олинган маблағни ўртада тақсимлаб, ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборишади. Охир-оқибат тоқати-тоқ бўлган жабрланувчилар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат этишади.

Албатта, ушбу фирибгарлик бўйича ҳам О. Асқаров ва С. Ёндошевга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

Яқинда ушбу жиноят ишлари судда кўриб чиқилди. Суд О. Асқаровни Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан айбдор деб топиб, унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 баравари миқдорида жарима жазосини тайинлади. Унинг шериги С. Ёндошев базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида жарима жазосига тортилди.

Шу тариқа нафс измига асир бўлган собиқ ҳуқуқшунос О. Асқаров ва унинг ҳамтовоғи қонуний жазоланди. Лекин жабрланувчиларнинг хатти-ҳаракатини ҳам оқлаб бўлмайди. Чунки муаммони қонуний ҳал этиш ўрнига “ҳожатбарор”лар хизматидан фойдаланишни маъқул кўргани учун пировардида фирибгарларга чув тушишганига уларнинг ўзи айбдор. Агар улар қонун талабларига риоя этишганида ҳеч қандай муаммога ўрин қолмас эди.

Пўлатжон МАМАТУСМОНОВ,

жиноят ишлари бўйича

Қўқон шаҳар суди судьяси

#thegov_button_6740377781fae { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6740377781fae:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6740377781fae { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6740377781fae:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!