Click to listen highlighted text!

“ЎЗБЕКИСТОН – 2030” СТРАТЕГИЯСИ ВА ОДИЛ СУДЛОВ ИСТИҚБОЛЛАРИ

photo_2024-03-06_16-49-35

Аввало шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш доирасида мамлакатимизда адолат ҳамда қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантиришга ҳисса қўшувчи муҳим янгиланиш ва ўзгаришлар амалга оширилди. Бу борада биргина 2017–2023 йилларда 60 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилингани ҳам бу фикрни яққол тасдиқлайди.

Хусусан, Президентимизнинг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан 2023 – 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси ва ушбу Стратегияни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастури қабул қилинди.

Эътиборли жиҳати шундаки, инсон қадрини улуғлашга қаратилган қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, одил судлов сифатини тубдан ошириш, суд ҳокимияти мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш, судьялар ҳамжамиятини шакллантириш, судьяларни танлаш, лавозимга тайинлаш, ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, суд ҳужжатлари ижросини таъминлаш, судларда коррупцияга қарши курашиш каби муҳим масалалар Стратегиянинг асосий йўналишлари этиб белгиланди.

Ушбу ҳужжатларда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш орқали фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қилиш ҳолатлари юзасидан зудлик билан зарур чоралар кўришга алоҳида эътибор қаратилган. Бунда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш, мурожаатларни кўриб чиқишда сансалорлик ва бефарқ муносабатда бўлиш ҳолатларига йўл қўйганлик учун жавобгарликни кучайтириш, бузилган ҳуқуқларни тиклаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя этилишини таъминлашга оид тадбирлар назарда тутилди.

Янгиланган конституциявий-ҳуқуқий шароитлар мамлакатимиз тараққиётининг асосий йўналишларини такомиллаштириш ва амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишни тақозо этди. Шу муносабат билан халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш­иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш мақсадида Президентимизнинг 2023 йил 11 сентябрдаги Фармони билан “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тасдиқланди.

Айтиш керакки, халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг асосий ғоялардан бири этиб белгилангани муҳим аҳамиятга эга. Айниқса кенг жамоатчилик муҳокамаси асосида 2024 йил 21 февралда қабул қилинган Президентимизнинг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармонида жамиятнинг барча қатламлари манфаатларини инобатга олган, юртимиз ҳаётида амалга ошириладиган муҳим ислоҳотлар ва асосий тадбирлар назарда тутилди.

Давлат дастури 5 та йўналиш ва 100 та мақсаддан иборат. Унда Конституция ва қонунларнинг устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашни суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бош мезонига айлантириш, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш, суд ҳокимиятининг мустақиллигини кучайтириш ва унинг фаолиятида очиқликни таъминлаш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш борасидаги қатор устувор вазифалар ҳам қамраб олинган.

Жумладан, фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида суд харажатлари тўловларини амалга ошириш тизимини рақамлаштиришни янада кенгайтириш орқали суд харажати тўловларини суд биноларида онлайн тарзда амалга ошириш имкониятини яратиш белгиланди. Бу судга мурожаат қилувчилар учун ортиқча оворагарчилик­ларнинг олдини олиш, суд харажатлари тўловини суд биносининг ўзида қулай усулда амалга ошириш имконини беради.

Шунингдек, маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ёки тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳимоя этилишини кафолатлаш мақсадида маъмурий суд ишларини юритишда процессуал мажбурлов чоралари доирасини белгилаш кўзда тутилди.

Суд мажлисида ишда иштирок этувчи шахслар, хусусан, жавобгар мансабдор шахсларнинг шахсан иштирок этишини таъминлаш, шубҳасиз, ишни мазмунан кўриш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни тўлиқ аниқлаш, маъмурий суд ишларини юритиш принциплари ижросини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклашда муҳим аҳамият касб этади. Чунки амалиётда суд мажлисида жавобгар мансабдор шахсларнинг иштирок этмагани иш бўйича ҳақиқий ҳолатларни аниқлаштириш, далилларга тўлиқ баҳо бериш имкониятини чеклаб, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шу муносабат билан ушбу масалани маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш концепцияси доирасида такомиллаштирилиши мақсадга мувофиқдир.

Давлат дастурида назарда тутилган муҳим тадбирлардан яна бири бу ҳуқуқни қўллаш амалиётини танқидий жиҳатдан таҳлил қилиш, кенг жамоатчилик муҳокамасининг натижалари ва илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида айрим тоифадаги иқтисодий ишларни кўриш ваколатини тегишлилиги бўйича маъмурий органларга ўтказишдир.

Бу ўринда таъкидлаш лозимки, айрим тоифадаги маъмурий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иқтисодий, масалан, ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишларни кўриш ваколатини тегишлилиги бўйича маъмурий органларга ўтказиш тадбиркорлик субъектларининг ортиқча вақт ва харажат сарфлаши олдини олиб, ушбу тоифадаги ишларни ҳал этишнинг халқаро тажрибада ўзини оқлаган механизмларини жорий этишга хизмат қилади. Қолаверса, мавжуд барча ҳуқуқий ҳимоя механизмларидан самарали фойдаланиш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш тизимини янада мустаҳкамлашга имконият яратади.

Тизимда амалга оширилаётган изчил тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, умуман, одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини бериб, судлар мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.

Янада муҳими, айни тадбирларнинг амалга оширилиши фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат қилиш учун қулайликлар яратиш, одил судловга эришиш даражасини янада ошириш, мамлакатимизнинг халқаро рейтингларда ўрни юксалишида муҳим аҳамият касб этади.

Шербек НАЗАРОВ,

Олий суднинг Одил судлов соҳасидаги қонунчиликни

таҳлил қилиш департаменти бошлиғи ўринбосари

#thegov_button_6740903083d7e { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6740903083d7e:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6740903083d7e { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6740903083d7e:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!