ТАДБИРКОРНИНГ ҚОНУНИЙ МАНФААТИ СУДДА ҲИМОЯ ҚИЛИНДИ
Фарғона вилояти прокуратураси томонидан Фарғона туманлараро иқтисодий судига киритилган даъво аризасида вилоят “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти зиммасига 2022 йилнинг январь ва февраль ойларида “Rolled stell plus” масъулияти чекланган жамияти томонидан сарфланган 401 минг 654 куб метр табиий газни шартномада белгиланган нархлар асосида қайта ҳисоблаш мажбуриятини юклаш сўралган.
Суд мажлисида маълум бўлишича, 2022 йил 21 февралда газ таъминоти филиали ва масъулияти чекланган жамияти ўртасида табиий газни улгуржи истеъмолчиларга етказиб бериш ҳамда қабул қилиш бўйича 02/179-сонли шартнома тузилган. Шартномада таъминотчи корхона ҳар бир куб метр табиий газни тадбиркорлик субъектига 660 сўмдан етказиб бериши белгиланган. Аммо 2022 йилнинг январь ва февраль ойида “Rolled stell plus” корхонасида сарфланган табиий газнинг ҳар бир метр куби 924 сўмдан ҳисобланган.
Бошқача айтганда, корхонага етказиб берилган маҳсулот учун 106 миллион 86 минг 656 сўмлик ортиқча тўлов талаб этилган. Табиийки, бундан норози бўлган корхона 2022 йил 11 февраль куни эътироз хатини юборган. Аммо у оқибатсиз қолдирилган. Шундан сўнг тадбиркорлик субъекти Фарғона вилояти прокуратурасига мурожаат қилган.
Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 55-моддасига мувофиқ, ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланади.
Фуқаролик кодексининг 357-моддасида “Шартнома тузилган пайтидан бошлаб кучга киради ва тарафлар учун мажбурий бўлиб қолади” дея қайд этилган. Бундан ташқари Иқтисодий процессуал кодекснинг 184-моддасида пул маблағларини ундириш ёки мол-мулкни топшириш билан боғлиқ бўлмаган муайян ҳаракатларни амалга ошириш мажбуриятини юклатиш тўғрисидаги талаб қаноатлантирилганда суд ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида амалга оширилиши керак бўлган ҳаракатларни, шу ҳаракатларни амалга ошириши шарт бўлган шахсни, шунингдек, уларнинг амалга оширилиш жойи ва муддатини кўрсатиши белгиланган. Шу боис Фарғона туманлараро иқтисодий суди даъвони қаноатлантириб, “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти зиммасига ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач, беш кунлик муддатда “Rolled stell plus” корхонасига етказиб берилган 401 654 куб метр табиий газни шартномада белгиланган нархда қайта ҳисоб-китоб қилиш мажбуриятини юклади.
Буни қарангки, “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти масъуллари “Oliy sifat sari savdo” масъулияти чекланган жамиятининг ҳам ҳуқуқларини бузган экан. Аниқланишича, 2022 йил 25 декабрда икки корхона ўртасида табиий газни улгуржи истеъмолчиларга етказиб бериш бўйича шартнома имзоланган. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Табиий газдан фойдаланиш” қоидаларига мувофиқ, табиий газ истеъмолчиларининг бошқа тоифаларига табиий газ фақат шартномалар асосида етказиб берилади.
Бироқ таъминотчи Адлия вазирлигида 2018 йил 1 июнда 3018-сон билан рўйхатдан ўтган “Табиий газ етказиб бериш, транспартировка қилиш, тақсимлаш ва сотишдаги йўқотишларни аниқлаш тартиби тўғрисида”ги Йўриқномани асос қилиб, истеъмолчига 2023 йил август ойи учун 44 552 куб метр газни қўшимча ҳисоблаган. Оқибатда “Oliy sifat sari savdo” корхонаси ҳисоб рақамидан 44 миллион 551 минг сўм маблағ асоссиз ечиб олинган. Бундан норози бўлган тадбиркорлик субъекти Фарғона туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритиб, “Ҳудудгазтаъминот” АЖдан асоссиз ечиб олинган маблағни ундириб беришни сўраган.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, суд мажлисига мутахассис сифатида жалб қилинган “Ўзнефтгазинспекция”си Фарғона вилояти бошқармаси вакили “Oliy sifat sari savdo” корхонаси ҳисоб рақамидан асоссиз равишда маблағ ечиб олинганини эътироф этди. Қолаверса, даъвогарнинг шахсий варақаси кўчирмалари ҳам тадбиркорнинг ҳуқуқи бузилганини кўрсатди.
Ана шу асосларга таянган суд “Oliy sifat sari savdo” корхонаси фойдасига “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти ҳисобидан 44 миллион 551 минг сўм ундириш хусусида ҳал қилув қарори қабул қилди.
Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари суд орқали ишончли ҳимоя қилиниши иқтисодиётни юксалтириши баробарида янги иш ўринларини яратиб, жамиятнинг ижтимоий барқарорлигига салмоқли ҳисса қўшади.
Тоҳиржон МАМАТОЖИЕВ,
Фарғона туманлараро
иқтисодий суди раиси