ҚАЙТА МАЛАКАЛАШ СУДЛАНУВЧИНИНГ СУД ЗАЛИДА ҚАМОҚДАН ОЗОД ҚИЛИНИШИГА АСОС БЎЛДИ
Миллий қонунчилигимизда инсонпарварлик, адолатпарварлик, кечиримлилик каби кўплаб олижаноб тамойиллар ўзининг теран ифодасини топган. Масалан, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва жиноятни очишга фаол ёрдам берган, етказилган зиённи қоплаган шахслар жавобгарлик ва жазодан озод қилиниши мумкин. Бунга қуйидаги воқеа тафсилоти ҳам яққол мисол бўлади.
Нарпай туманида яшовчи Элбек Одиловнинг (исм-шарифлар ўзгартирилган) қишлоқдоши Адиба Раҳматова билан унаштирилганига кўп вақт бўлмаган.
Ўтган йилнинг кузида А. Раҳматовага опаси телефон қилиб, поччаси Сарвар Қодиров хориждан келгани муносабати билан уйига танишларини меҳмондорчиликка таклиф этгани, шунга ёрдам бериш зарурлигини айтади. Табиийки, А. Раҳматова опасининг гапини ерда қолдирмайди.
Зиёфат тугаб, Адиба вояга етмаган укаси Алишер ва жияни Лочинбек билан уйга қайтаётганда поччаси С. Қодиров ҳам уларни кузатиш учун кўчага чиқади. Шу пайт кўча четида турган автомашинадан тушган Э. Одилов А. Раҳматовага “Ярим тунда кўчада нима қилиб юрибсан?” — дея бақира бошлайди. Хорижга ишга кетган Сарвар Қодиров бошқа маҳаллада яшовчи Элбек Одиловни танимас эди. Шу боис у Э. Одиловнинг қўлидан тортиб, бу ҳаракатнинг сабабини сўрамоқчи бўлади. Аммо бундан жаҳли чиққан Э. Одилов С. Қодировнинг чап юз соҳасига зарб билан мушт туширади. Кутилмаган зарба туфайли С. Қодиров ерга йиқилиб, боши бетон тўсиққа урилади. Бошидан қон оқаётганини кўрган Э. Одилов С. Қодировнинг ўрнидан туришига ёрдам беради ва ундан кечирим сўрайди.
Кейинчалик даволаниш учун зарур бўлган дори-дармонларни ҳам олиб беради.
Шундан сўнг Э. Одиловга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, унинг хатти-ҳаракати тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми “б” банди билан малакаланади.
Яқинда ушбу жиноят иши судда кўриб чиқилди. Суд муҳокамасида С. Қодиров Э. Одиловни кечиргани, унга нисбатан даъвоси йўқлигини маълум қилди. Судда гувоҳ тариқасида сўралган суд-тиббий экспертиза эксперти Ш. Воитовнинг кўрсатмаси ҳақиқий ҳолатни тўлиқ ойдинлаштирди. У С. Қодиров енгил тан жароҳати олгани ҳақида хулоса берди.
Суд далилларга ҳуқуқий баҳо бериб, Э. Одиловнинг содир этган жиноий ҳаракати тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “б” банди билан нотўғри малакаланган, деган хулосага келди. Чунки Олий суд Пленумининг 2007 йил 27 июндаги “Баданга қасддан шикаст етказишга оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 6-сонли қарори 2-бандида “баданга шикаст етказишга оид ишлар бўйича қилмишни тўғри квалификация қилиш учун айб шакли, баданга шикаст етказиш мотиви, мақсади ва усули, айбдорнинг қилмиши билан келиб чиққан оқибат ўртасида сабабий боғланиш мавжудлиги, шунингдек, ишнинг тўғри ҳал этилиши ва айбдорга адолатли жазо белгиланиши учун аҳамиятли бўлган бошқа ҳолатлар батафсил аниқланиши лозим” дея қайд этилган.
Суд ушбу қарорнинг 22-банди 1-хатбошисида қайд этилган раҳбарий тушунтиришларга ҳам таянди. Унда айбдор қўллаган зўрлик унинг айби билан қамраб олинмаган ҳолатлар бўйича келиб чиққан бўлса, Жиноят кодексининг 111 (эҳтиётсизлик орқасида баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказиш) ёки 102 (эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш) оддалари билан малакаланиши белгиланган. Бундай пайтда баданга қасддан етказилган шикастлар алоҳида юридик баҳоланиши керак. Бундай ҳаракатларда жиноий жазога тегишли қилмиш белгилари мавжуд бўлса, жавобгарлик жиноятлар мажмуи бўйича келиб чиқади.
Воқеа тафсилотидан маълумки, Э. Одилов С. Қодировни ургани натижасида у зинапояга йиқилган. Йиқилиши оқибатида бошидан жароҳат олган. Бироқ Э. Одилов С. Қодировга ўрнидан туришига ёрдам берган. Бу эса, унинг қилмиши оқибатларига бефарқ бўлмагани ва бундай оқибатлар рўй беришини истамаганини кўрсатади. Шу боис суд Э. Одиловнинг ҳаракатларини Жиноят кодексининг 111-моддаси 2-қисми билан қайта малакалади.
Бундан ташқари Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги 1-сонли қарори 2-бандига мувофиқ Э. Одилов намунали хулқи билан ўзини кўрсатганини инобатга олиб, у содир этган жиноят ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотган деб ҳисоблади. Жиноят кодексининг 70-моддаси (шахснинг ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотиши муносабати билан уни жазодан озод қилиш) га асосан Э. Одиловни жазодан озод қилди ва у суд залида қамоқдан озод этилди.
Шу тариқа қонунларимизда ўз ифодасини топган инсонпарварлик тамойиллари туфайли навқирон ёшдаги Э. Одилов жазодан озод этилди.
Бундай бағрикенглик унга келгусида адашмаслик, ҳаётини тўғри йўлга солишга катта ёрдам бериши шубҳасиз.
Баҳодир АҲМЕДОВ,
жиноят ишлари бўйича
Нарпай тумани суди раиси,
Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,
журналист