Click to listen highlighted text!

ОТА ФАРЗАНДЛАРИНИ ТАРБИЯСИГА ОЛОЛМАДИ, ЧУНКИ …

photo_2026-02-05_17-24-19

Юртимизда вояга етмаган болаларнинг ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, жисмонан ва маънан баркамол бўлиб улғайишлари учун ғамхўрлик кўрсатиш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликларнинг олдини олиш миллий қонунчилигимизнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Бегона шахсларгина эмас, ҳатто боланинг ота-онаси ҳам ўз фарзандига нисбатан у ёки бу шаклда зўравонлик қилиши, руҳиятига салбий таъсир кўрсатувчи хатти-ҳаракатлар содир этиши мумкин эмас.

Акс ҳолда, вазият оғир феъл-атворли ота-оналар ўз фарзандига эгалик ҳам қилолмайдиган ҳолатгача етиб келиши эҳтимоли ортади. Бу фикрни фуқаролик ишлари бўйича Қўрғонтепа туманлараро судида кўриб чиқилган ҳолат – болани ўз тарбиясига олишга доир даъво аризаси қаноатлантиришдан рад этилганлиги мисолида ҳам кўриш мумкин.

Аниқроқ айтганда, Жамшид Эрматов (исм-шарифлар ўзгартирилган) судга қайнонаси Хосиятхон Собировага нисбатан даъво аризаси билан мурожаат қилиб, 13 ёшли Икромжон ҳамда 10 яшар Мубинахон исмли фарзандларини ўзининг тарбиясига олиб беришни сўраган. Суд мажлисида Ж. Эрматов турмуш ўртоғи 9 йил аввал хасталикдан вафот этгани, уч ой илгари болалари бувисининг уйига кетиб қолгани, эндиликда эса, қайнонаси уларни отаси билан бирга яшашига рухсат бермаётганлигини таъкидлаган.

Аниқланишича, кунларнинг бирида тушлик вақтида Икромжон ўгай онасининг топшириғи билан идишларни тоза ювмагани учун отаси унга танбеҳ беради. Мулоқот жараёнида ота ўз ўғлининг кўкрак қисмига туртиб, идишларни қайтадан тоза ювишини буюради. Шу воқеанинг эртасига Икромжон синглиси Мубинахонни олиб, “мактабга кетаяпмиз” деб уйдан чиқади ва тўғри бувисининг хонадонига боради. Ортидан излаб борган отасига жавобан эса уйига қайтишни хоҳламаслигини, бувиси билан бирга яшамоқчи эканлигини маълум қилади. Ўз навбатида, Хосиятхон Собирова куёвига набираларига нисбатан мунтазам равишда салбий муносабатда бўлаётгани учун уларни бермаслигини таъкидлайди.

Бу орада Жамшид Эрматов қайнонаси фарзандларини қайтармаётганлиги юзасидан туман ички ишлар бўлимига мурожаат этади. Бироқ муроди ҳосил бўлмайди: ички ишлар бўлими жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади. Шундан сўнг судлашишга жазм қилади.

Хўш, суд қандай тўхтамга келди? Бу саволга жавоб беришдан аввал айни мавзудаги халқаро ва миллий қонунчиликка қисқача тўхталсак.

Мамлакатимиз 1992 йил 9 декабрда ратификация қилган “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенциянинг 9-моддасига кўра, иштирокчи-давлатлар бола ўз ота-онасидан уларнинг хоҳишларига зид равишда айрилиб қолмаслигини таъминлайдилар, ваколатли органлар суд қарорига кўра, қўлланилган қонун ва тартиб-таомилларга мувофиқ бундай айрилиш боланинг энг яхши манфаатлари йўлида зарурлигини аниқлаган ҳолатлар бундан мустасно.

Бундай ажрим, масалан, ота-оналар болага шафқатсиз муносабатда бўлган ёки у тўғрисида ғамхўрлик қилмаган ёхуд ота-оналар алоҳида яшаётган ва боланинг яшаш жойига нисбатан қарор қабул қилиши керак бўлган у ёки бу аниқ ҳолатда зарур бўлиши мумкин.

Мазкур конвенциянинг 27-моддасида иштирокчи-давлатлар ҳар бир боланинг жисмоний, ақлий, маънавий, ахлоқий ва ижтимоий ривожланиши учун зарур турмуш даражасига эга бўлиш ҳуқуқини эътироф этиши белгиланган.

Оила кодексининг 73-моддасига кўра, ота-она ўз болаларини тарбиялаш ҳуқуқига эга ва тарбиялаши шарт.

Ота-она ўз болаларининг тарбияси ва камолоти учун жавобгар, улар ўз болаларининг соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилишлари шарт.

Ушбу кодекснинг 75-моддасига биноан, ота-оналик ҳуқуқи болалар манфаатларига зид тарзда амалга оширилиши мумкин эмас.

Болалар манфаатларини таъминлаш ота-она ғамхўрлигининг асосини ташкил қилиши лозим. Ота-оналик ҳуқуқини амалга оширишда ота-она болаларининг жисмоний ва руҳий соғлиғига, ахлоқий камолотига зарар етказишга ҳақли эмас. Болаларни тарбиялаш усуллари менсимаслик, шафқатсизлик, қўполликдан, инсоний қадр-қимматни камситувчи муомаладан, болаларни ҳақоратлаш ёки эксплуатация қилишдан холи бўлиши керак.

Суд юқоридаги ва бошқа қонун нормалари талаблари, шунингдек, иш юзасидан туман “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан тегишли тартибда берилган хулоса, Андижон давлат педагогика институти “Психологик хизмат маркази”нинг суд-психологик экспертиза хулосаси ва ишдаги бошқа ҳужжатларга таяниб, даъвогарнинг талабини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги хулосага келди.

Мазкур иш юзасидан тайинланган экспертиза хулосасида ҳам юқорида номи тилга олинган ҳар икки бола бувиси, яъни иш бўйича жавобгар билан яшашни хоҳлашлари, ҳиссий жиҳатдан бувисига кўпроқ боғлангани, отаси (даъвогар) билан бирга яшаш уларга руҳий жиҳатдан салбий таъсир кўрсатиши, қолаверса, болаларнинг бувиси билан бирга яшаш истагини билдиришга ташқи таъсир мавжуд эмаслиги, отаси болаларга нисбатан қўпол муносабатда бўлиши ҳамда ўгай она билан  фарзандлар ўртасида самимий ва илиқ муносабат йўқлиги баён қилинган.

Суд амалиётидан келтирилган ушбу мисолдан хулоса шуки, қонунчилигимизда вояга етмаган болаларнинг манфаатлари ҳамиша устувор. Зеро, ота-она болаларни тарбиялаш ва уларнинг камолоти учун имконият яратишга масъул эканлиги баробарида, оиладаги бирор-бир хатти-ҳаракат манфаатларига зид бўлиши, уларнинг жисмоний ва руҳий камолотига салбий таъсир кўрсатиши мумкин эмас.

Иброҳим Яқубжонов,

фуқаролик ишлари бўйича

Қўрғонтепа туманлараро суди судьяси

#thegov_button_698a65f1ef111 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_698a65f1ef111:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_698a65f1ef111 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_698a65f1ef111:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!