Олий суд раисининг ўринбосари Олимжон Исмоилов Қашқадарё вилояти судлари судьялари билан учрашув ўтказди
Мулоқотда сўнгги йилларда суд тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилиб, мазкур жараёнлар сабабли судья ва суд ходимлари учун етарли имкониятлар, ижтимоий кафолатлар яратилгани, иш шароитларини яхшилаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Шунингдек, юқори малакали, чуқур билим ва кўникмаларга эга кадрлар ёрдамида судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, уларнинг фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини оширишга эришиш мумкинлиги айтиб ўтилди.
Тадбирда таъкидланганидек, суд идорасига адолат истаб келган инсон энг аввало ўзининг қандай қабул қилинганлигига, у билан бўладиган мулоқотнинг самимийлигига қараб, суд тизимига бўлган муносабатини шакллантиради. Бу ўринда эса бугун судларда фаолият олиб бораётган ҳар бир судья ва ходим касбий одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилган ҳолда, ўз вазифасини сидқидилдан адо этиши, мазкур жараёнда таъмагирлик, коррупция каби иллатларга қўл урмаслиги лозимлиги қайд этилди.
Учрашув давомида судьяларнинг фаолияти давомида юзага келаётган муаммо ва камчиликлари эшитилиб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар хусусида келишиб олинди.