Самарқанд вилояти судида суд тизими ходимлари ва уларнинг ота-оналари иштирокида коррупцияга қарши курашиш мавзусида учрашув-мулоқот ўтказилди
Одатда, таълим муассасаларида ота-оналар йиғилишлари ўтказилади ва бунга ўрганиб ҳам қолганмиз. Бу каби учрашувларда асосан фарзанд таълим-тарбияси, унинг келажаги ҳақида сўз юритилади.
Самарқанд вилояти суди раиси Олим Ҳайитов вилоят суди судья ва ходимлари билан бирга уларнинг ота-оналари, оила аъзолари иштирокида ўтказилган маърифий тадбир иштирокчиларини “ота-оналар йиғилишига хуш келибсиз” деб бошлар экан, аввало тадбир моҳиятига тўхталди.
– Сизларни бу йиғилишга таклиф этишимиздан мақсад аввало ишхонамиз, жамоамиз билан таништириш – деди О. Ҳайитов. – Ўғлингиз, қизингиз ёки турмуш ўртоғингиз ишлаётган идора, бу ердаги шароит, вазифа масъулияти ва тартиб-интизом билан таништиришдир. Чунки, бу даргоҳнинг салобати босадими ёки тортинчоқликми, кўпчилик “Фарзандим ёхуд турмуш ўртоғим қандай шароитда ишларкан, жамоаси, ҳамкасблари қандай экан?” деб келишга тортинади. Тўғри, вақти-вақти билан келиб хабар оладиган, унинг устози ёки раҳбариятнинг фикрини сўраб турадиган ота-оналар ҳам бор, лекин улар жуда кам. Мана ҳозир йиғилишда иштирок этаётганларнинг кўпчилиги бу даргоҳга биринчи марта келгани сезилиб турибди. Ваҳоланки, фарзандининг эртасини, келажагини ўйлаган инсон у ишлайдиган масканга доимо келиб туриши керак. Бу ишонмаслик эмас, маънан қўллаб-қувватлашдир.
Шундан сўнг, О. Ҳайитов судья ва ходимлар маънавияти, одоби ва масъулияти, бугунги кун талаблари, суд тизимидаги кадрлар сиёсати, ўз вазифасини виждонан ва талаб даражасида бажараётган судья ва суд ходимларининг ҳар бир ютуғи албатта эътиборга олиниши ҳақида тушунтириш берди. Судьяларнинг электрон рейтинги шакллантирилаётганлиги, судьялик лавозимларига номзодларни танлаш бўйича имтиҳон жараёнлари онлайн намойиш этилаётгани ва бу орқали шаффофлик таъминланганлиги, судьяликка номзод ва судьяларнинг психологик портрети бўйича касбга муносиблиги электрон баҳоланаётганини қайд этди. Шунингдек, коррупция иллати ҳақида алоҳида тўхталди.
– Ҳалоллик жамият ривожининг асосий мезонидир – деди Самарқанд вилоят суди раиси. – Айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, хусусан суд тизимида ҳалоллик адолатни таъминлашнинг асосий омили. Судьянинг қарори нафақат жиноят ёки ҳуқуқбузарлик қилган бир инсоннинг, балки унинг ортида турган оила аъзолари, яқинлари ҳаётини ҳам ўзгартириб юбориши мумкин. Бу жараёнда адолат тарозисини тўғри ишлата билиш судьядан аввало, юксак билим, пок виждон, ҳалоллик талаб қилади. Кейинги йилларда давлатимиз томонидан суд ходимларининг ижтимоий ҳимояси кучайтирилди, моддий манфаатдорлиги ошди. Тизимда “устоз-шогирд” анъанаси йўлга қўйилди. Ана шундай пайтда уларни оила аъзолари ҳам қўллаб-қувватлаши, тўғри йўл кўрсатиши лозим. Айниқса, ота-оналар судья фарзанди неча ёшда бўлмасин, уларни тергаб туриши, дуо қилиб, ҳамиша ҳалол ишлашга даъват этиши лозим, деб ўйлайман.
Йиғилишда иштирок этган ота-оналар вилоят суди раисининг самимий гапларидан кейин унинг фикрларини маъқуллаб, ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.
– Фарзандим шундай даргоҳда ишлаётганидан фахрланиб юрардим. Лекин бугунги гаплардан фақат фахрланиш билан чекланмаслик кераклигини англадим, – деди вилоят суди судья катта ёрдамчиси Улуғбек Қодировнинг отаси Асадулла Қодиров. – Мен фарзандимга ишонаман, бироқ уни ҳушёрликка чорлаб туришим, кўпроқ суҳбатлашишим, маънан қўллаб-қувватлашим керак экан. Очиғи, вилоят судига келишга тортинардим. Вилоят суди раисининг гапларидан, биз, ота-оналар учун доимо эшиклар очиқ эканлигини айтганидан кўнглим кўтарилди. Жамоадаги аҳиллик, самимийликдан, раҳбариятнинг барча ёш ходимлар қатори менинг ўғлимнинг келажаги ҳақида қайғураётганидан хурсанд бўлдим.
Cамимий ўтган йиғилишда кўплаб фикрлар билдирилди, савол-жавоблар бўлди.