Коррупцияга қарши курашиш ва уни олдини олиш бўйича ҳудудларда учрашувлар ташкил этилди
Олий суд раисининг ўринбосари И. Муслимов ва Кадрлар бошқармаси бошлиғи М. Мухитдинов Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент, Андижон, Бухоро, Жиззах, Наманган, Навоий, Сирдарё, Самарқанд, Фарғона вилоят судлари судьялари ва ходимлари билан учрашди.
Учрашувда суд тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилиб, мазкур жараёнлар сабабли судья ва суд ходимлари учун етарли имкониятлар, ижтимоий кафолатлар яратилгани, иш шароитларини яхшилаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Шу билан бирга юқори малакали, чуқур билим ва кўникмаларга эга кадрлар ёрдамидагина судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, уларнинг фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини оширишдек эзгу мақсадларга эришиш мумкинлиги айтиб ўтилди.
Қайд этилганидек, суд идорасига адолат истаб келган инсон энг аввало ўзининг қандай қабул қилинганлигига, у билан бўладиган мулоқотнинг самимийлигига қараб, суд тизимига бўлган муносабатини шакллантиради. Бу ўринда эса бугун судларда фаолият олиб бораётган ҳар бир судья ва ходим касбий одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилган ҳолда, ўз вазифасини сидқидилдан адо этиши, мазкур жараёнда таъмагирлик, коррупция каби иллатларга қўл урмаслиги лозимлиги таъкидланди.
Салоҳиятли, ҳар томонлама малакали суд кадрларининг шаклланиши, судларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайди. Шу маънода соҳада фаолият юритаётган судья ва ходимларнинг билим ва дунёқарашини кенгайтириш, малакасини ошириш, умуман, кадрлар сифатини яхшилаш зарурлигини ҳаётнинг ўзи тақозо этаётганлиги қайд этилди. Учрашувлар давомида судларда фаолият олиб бораётган судья ва ходимларнинг ҳам фикр-мулоҳазалари эшитилди.