Click to listen highlighted text!

“Судлар тўғрисида”ги ҳамда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг фармойиши билан тасдиқланган жадвалга асосан, жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини (кейинги ўринда “фуқаролар” деб юритилади) қабул қилиш Олий суд раҳбарияти ва бошқа ваколат берилган шахслар томонидан амалга оширилади.

Фуқаролар қабулга кириш учун Олий суднинг фуқаролар қабулхонасида ариза (илтимоснома) ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни топшириши лозим.

Фуқаролар Олий суд раисининг қабулига Олий суд раисининг биринчи ўринбосари ёки ўринбосарлари томонидан суд қарорларига нисбатан назорат тартибида протест келтириш рад этилганлиги ҳақидаги жавоб хатидан норози бўлса киритилади.

 

Жиноят ишлари бўйича мурожаат қилаётган фуқаролар диққатига!

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 4972, 498, 510-моддалари талабларига биноан ҳукм, ажрим, қарор устидан апелляция, кассация шикояти ва назорат тартибида илтимоснома бериш ҳуқуқига:

  • маҳкум, унинг ҳимоячиси, қонуний вакили, шунингдек, жабрланувчи, унинг вакили;
  • суд қарорларининг фуқаровий даъвога дахлдор қисми устидан фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари эга.
  • Судда оқланган шахс, унинг ҳимоячиси ва қонуний вакили ҳукмнинг оқлаш сабаблари ва асосларига доир қисми устидан шикоят беришга ҳақлидир.
  •   Ишда тараф бўлмаган шахслар ҳам суд ҳукмининг ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор қисми устидан шикоят беришга ҳақлидир.

Маъмурий ишлар бўйича мурожаат қилаётган фуқаролар диққатига!

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 314-моддасига асосан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан қарор чиқарилган шахс, жабрланувчи, уларнинг қонуний вакиллари ва адвокат томонидан шикоят берилиши мумкин.

Фуқаролик ишлари бўйича мурожаат қилаётган фуқаролар диққатига!

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик-процессуал кодексининг 373, 383, 403, 422-моддалари талаблари бўйича ҳал қилув қарори, ажрим, қарор устидан апелляция, кассация шикояти ва назорат тартибида ариза бериш ҳуқуқига:

  • тарафлар ва ишда иштирок этишга жалб қилинган бошқа шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахслар;
  • ваколатлари қонунда белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончномаси бўлган вакиллар эга.

Иқтисодий ишлар бўйича мурожаат қилаётган фуқаролар диққатига!

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг талаблари бўйича иқтисодий судларнинг ҳал қилув қарори, ажрим, қарорлари устидан апелляция, кассация ва назорат шикояти бериш ҳуқуқига ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд қарор қабул қилган шахслар ҳақлидир.

Эслатма!

  • Олий суднинг фуқаролар қабулхонасига шахсини тасдиқловчи ҳужжат тақдим қилган жисмоний шахслар ҳамда юридик шахсларнинг вакиллари киритилади;
  • фуқаролар ўзлари билан уяли телефон, видеокамера, фотоаппарат, ноутбук ва бошқа техника воситалари ҳамда ҳар хил буюмлар олиб кириши маън этилади;
  • Олий судга назорат тартибида протест келтириш тўғрисидаги ариза (илтимоснома)га муайян иш бўйича биринчи, апелляция ёки кассация инстанциялари суд қарорлари нусхалари ёки суд қарорларига нисбатан протест келтириш рад этилганлиги ҳақидаги жавоб хатининг нусхаси илова қилиниши шарт;
  • фуқаролик ишлари бўйича давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги ҳужжатнинг асл нусхаси илова қилиниши лозим (давлат божи тўлашдан озод этилган ёки Олий судга айнан бир иш бўйича такроран мурожаат қилган фуқаролар бундан мустасно);
  • ариза (илтимоснома) берувчига жавоб хатлари, протест ва ажрим нусхалари кўрсатилган манзилига почта орқали юборилади;
  • суд қарорларининг ижроси тўхтатиб турилганда ва тўхтатиб туриш бекор қилинганда манфаатдор шахсларга, ташкилотларга, вилоят ва унга тенглаштирилган судларга маълум қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг юридик манзили: 100186, Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Абдулла Қодирий кўчаси, 1-уй.

#thegov_button_676850faa074b { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_676850faa074b:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_676850faa074b { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_676850faa074b:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!