Наманган вилоят судларидаги ўрганишлар жараёнида О. Исмоилов судья ва суд ходимлари билан суҳбатлашди.
Мулоқотларда кейинги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, уларнинг моддий таъминотини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Бугун ҳар бир судья ва суд ходими ана шу эътибордан келиб чиқиб ўз ишига масъулият билан ёндашиши кераклиги, коррупция, таъмагирлик каби иллатларга қўл урмаслик лозимлиги, бунинг учун эса, энг аввало, фидойилик ва ватанпарварликда ҳаммага намуна бўлиши, доимий равишда ўз билим ва тажрибасини ошириб бориши зарурлиги айтилди.
Наманган вилояти судида бўлиб ўтган ўрганишлар якунига бағишланган йиғилишда вилоят суди раислари, ўринбосарлари ва судьялар иштирок этди. Олий суд раиси ўринбосари суд тизимидаги ислоҳотларга тўхталиб, одил судловни амалга оширишда адолат ва қоунунийликни таъминлаш, суд идорасига нажот истаб келган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қонун доирасида ҳимоя қилиш бугун ҳар бир судьянинг энг асосий вазифаси бўлмоғи лозимлигини таъкидлади. Учрашувда шунингдек, маънавият ва маърифат масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, судьянинг онгида адолат, тилида ҳақиқат, дилида поклик ҳукмрон бўлиши учун, энг аввало, юксак маънавиятли бўлиши кераклиги айтиб ўтилди. Йиғилишда суд раислари, судьялар сўзга чиқиб, судларда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, одил судловни холис ва беғараз амалга оширишда бор билим ва тажрибаларини аямасликларини билдирдилар.
Барча ҳудудлар билан видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган тадбирда дастлаб Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан суратга олинган “Пушаймон” номли фильм намойиш этилди.
Ушбу фильм намойиши орқали тадбир иштирокчиларига коррупция тараққиёт кушандаси эканлиги, бу разил жиноятнинг оқибати нафақат порахўрнинг ўзига, балки унинг оила-аъзолари, яқинлари, жамиятга ҳам жиддий зарарлиги кўрсатиб берилди.
Фильм намойишидан сўнг Наманган вилояти суди раиси Алишер Усмонов кейинги йилларда Президентимиз томонидан судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, тизимда коррупцион омилларни бартараф этишга қаратилган қатор ҳужжатлар қабул қилингани, айниқса, судьяларнинг моддий таъминотини яхшилашга алоҳида эътибор берилаётганлигини қайд этди. Мулоқотда вилоят суди фахрийлар кенгаши раиси Ғозихон Яхёхўжаев, суд фахрийси Тоҳирахон Мўйдинова, ота-оналар сўзга чиқиб, касбга садоқат, ҳалоллик ҳақида ўз ҳаётий мулоҳазаларини билдирди.
Одатда, таълим муассасаларида ота-оналар йиғилишлари ўтказилади ва бунга ўрганиб ҳам қолганмиз. Бу каби учрашувларда асосан фарзанд таълим-тарбияси, унинг келажаги ҳақида сўз юритилади.
Самарқанд вилояти суди раиси Олим Ҳайитов вилоят суди судья ва ходимлари билан бирга уларнинг ота-оналари, оила аъзолари иштирокида ўтказилган маърифий тадбир иштирокчиларини “ота-оналар йиғилишига хуш келибсиз” деб бошлар экан, аввало тадбир моҳиятига тўхталди.
– Сизларни бу йиғилишга таклиф этишимиздан мақсад аввало ишхонамиз, жамоамиз билан таништириш – деди О. Ҳайитов. – Ўғлингиз, қизингиз ёки турмуш ўртоғингиз ишлаётган идора, бу ердаги шароит, вазифа масъулияти ва тартиб-интизом билан таништиришдир. Чунки, бу даргоҳнинг салобати босадими ёки тортинчоқликми, кўпчилик “Фарзандим ёхуд турмуш ўртоғим қандай шароитда ишларкан, жамоаси, ҳамкасблари қандай экан?” деб келишга тортинади. Тўғри, вақти-вақти билан келиб хабар оладиган, унинг устози ёки раҳбариятнинг фикрини сўраб турадиган ота-оналар ҳам бор, лекин улар жуда кам. Мана ҳозир йиғилишда иштирок этаётганларнинг кўпчилиги бу даргоҳга биринчи марта келгани сезилиб турибди. Ваҳоланки, фарзандининг эртасини, келажагини ўйлаган инсон у ишлайдиган масканга доимо келиб туриши керак. Бу ишонмаслик эмас, маънан қўллаб-қувватлашдир.
Шундан сўнг, О. Ҳайитов судья ва ходимлар маънавияти, одоби ва масъулияти, бугунги кун талаблари, суд тизимидаги кадрлар сиёсати, ўз вазифасини виждонан ва талаб даражасида бажараётган судья ва суд ходимларининг ҳар бир ютуғи албатта эътиборга олиниши ҳақида тушунтириш берди. Судьяларнинг электрон рейтинги шакллантирилаётганлиги, судьялик лавозимларига номзодларни танлаш бўйича имтиҳон жараёнлари онлайн намойиш этилаётгани ва бу орқали шаффофлик таъминланганлиги, судьяликка номзод ва судьяларнинг психологик портрети бўйича касбга муносиблиги электрон баҳоланаётганини қайд этди. Шунингдек, коррупция иллати ҳақида алоҳида тўхталди.
– Ҳалоллик жамият ривожининг асосий мезонидир – деди Самарқанд вилоят суди раиси. – Айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, хусусан суд тизимида ҳалоллик адолатни таъминлашнинг асосий омили. Судьянинг қарори нафақат жиноят ёки ҳуқуқбузарлик қилган бир инсоннинг, балки унинг ортида турган оила аъзолари, яқинлари ҳаётини ҳам ўзгартириб юбориши мумкин. Бу жараёнда адолат тарозисини тўғри ишлата билиш судьядан аввало, юксак билим, пок виждон, ҳалоллик талаб қилади. Кейинги йилларда давлатимиз томонидан суд ходимларининг ижтимоий ҳимояси кучайтирилди, моддий манфаатдорлиги ошди. Тизимда “устоз-шогирд” анъанаси йўлга қўйилди. Ана шундай пайтда уларни оила аъзолари ҳам қўллаб-қувватлаши, тўғри йўл кўрсатиши лозим. Айниқса, ота-оналар судья фарзанди неча ёшда бўлмасин, уларни тергаб туриши, дуо қилиб, ҳамиша ҳалол ишлашга даъват этиши лозим, деб ўйлайман.
Йиғилишда иштирок этган ота-оналар вилоят суди раисининг самимий гапларидан кейин унинг фикрларини маъқуллаб, ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.
– Фарзандим шундай даргоҳда ишлаётганидан фахрланиб юрардим. Лекин бугунги гаплардан фақат фахрланиш билан чекланмаслик кераклигини англадим, – деди вилоят суди судья катта ёрдамчиси Улуғбек Қодировнинг отаси Асадулла Қодиров. – Мен фарзандимга ишонаман, бироқ уни ҳушёрликка чорлаб туришим, кўпроқ суҳбатлашишим, маънан қўллаб-қувватлашим керак экан. Очиғи, вилоят судига келишга тортинардим. Вилоят суди раисининг гапларидан, биз, ота-оналар учун доимо эшиклар очиқ эканлигини айтганидан кўнглим кўтарилди. Жамоадаги аҳиллик, самимийликдан, раҳбариятнинг барча ёш ходимлар қатори менинг ўғлимнинг келажаги ҳақида қайғураётганидан хурсанд бўлдим.
Cамимий ўтган йиғилишда кўплаб фикрлар билдирилди, савол-жавоблар бўлди.
Олий суд раисининг ўринбосари И. Муслимов ва Кадрлар бошқармаси бошлиғи М. Мухитдинов Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент, Андижон, Бухоро, Жиззах, Наманган, Навоий, Сирдарё, Самарқанд, Фарғона вилоят судлари судьялари ва ходимлари билан учрашди.
Учрашувда суд тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилиб, мазкур жараёнлар сабабли судья ва суд ходимлари учун етарли имкониятлар, ижтимоий кафолатлар яратилгани, иш шароитларини яхшилаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Шу билан бирга юқори малакали, чуқур билим ва кўникмаларга эга кадрлар ёрдамидагина судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, уларнинг фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини оширишдек эзгу мақсадларга эришиш мумкинлиги айтиб ўтилди.
Қайд этилганидек, суд идорасига адолат истаб келган инсон энг аввало ўзининг қандай қабул қилинганлигига, у билан бўладиган мулоқотнинг самимийлигига қараб, суд тизимига бўлган муносабатини шакллантиради. Бу ўринда эса бугун судларда фаолият олиб бораётган ҳар бир судья ва ходим касбий одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилган ҳолда, ўз вазифасини сидқидилдан адо этиши, мазкур жараёнда таъмагирлик, коррупция каби иллатларга қўл урмаслиги лозимлиги таъкидланди.
Салоҳиятли, ҳар томонлама малакали суд кадрларининг шаклланиши, судларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайди. Шу маънода соҳада фаолият юритаётган судья ва ходимларнинг билим ва дунёқарашини кенгайтириш, малакасини ошириш, умуман, кадрлар сифатини яхшилаш зарурлигини ҳаётнинг ўзи тақозо этаётганлиги қайд этилди. Учрашувлар давомида судларда фаолият олиб бораётган судья ва ходимларнинг ҳам фикр-мулоҳазалари эшитилди.
Давра суҳбатида Олий суд аппарати раҳбари А. Холмахматов ва Кадрлар бошқармаси бошлиғи М. Мухитдинов иштирок этиб, суд ходимларига коррупция ва унинг келиб чиқиш сабаблари, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик, коррупциявий хатти-ҳаракатлар учун жавобгарлик турлари ҳақида тушунтиришлар берилди.
Шу билан бирга, суд тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилиб, суд ходимлари учун етарли шароит ва имкониятлар яратилаётгани, юқори малакали, чуқур билим ва кўникмаларга эга кадрлар ёрдамида судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, уларнинг фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини оширишга эришиш мумкинлиги айтиб ўтилди.
Судларда фаолият олиб бораётган ҳар бир ходим касбий одоб-ахлоқ қоидалирга риоя қилган ҳолда, ўзига бириктирилган вазифани сидқидилдан адо этиши, коррупция каби иллатларга қўл урмаслиги лозимлиги таъкидланди. Учрашув давомида Фарғона вилояти суди ва Фарғона вилоят маъмурий суди ходимларнинг фикр-мулоҳазалари эшитилди.
Олий суд аппарати раҳбари А. Холмахматов ва Кадрлар бошқармаси бошлиғи М. Мухитдинов Наманган вилояти судларида фаолият олиб бораётган ходимлар билан учрашувда коррупцияга қарши комплаенс-назорат тизими ва судда коррупция ҳолатларининг олдини олишдаги долзарб вазифаларга тўхталиб ўтдилар.
Учрашувда суд тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш, коррупцияга қарши курашишга оид назарий билимлар ҳамда ўз фаолиятида бу иллатга йўл қўймаслик бўйича касбий кўникмаларни чуқурлаштириш ҳақида сўз юритилди.
Тадбир давомида соҳа ривожи, ходимлар манфаати учун хизмат қиладиган таклифлар билдирилди.