ТАҚИҚЛАНГАН ТАРҒИБОТ

Бундай ноқонуний қилмишни интернет тизими орқали амалга оширган шахслар жиноий жавобгарликка тортилди.
Аввало шуни қайд этиш жоизки, амалдаги “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасига кўра, ҳар ким ахборотни монеликсиз излаш, олиш, текшириш, тарқатиш, ундан фойдаланиш ва уни сақлаш ҳуқуқига эга. Аммо алоҳида бир шахснинг ҳуқуқ ва ваколатлари доирасида олинган ахборот ўзга фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинлиги, жамиятнинг ахлоқий қадриятлари, мамлакатнинг маънавий, маданий ва илмий салоҳияти, юрт тинчлиги, хавфсизлигига дахл қилмаслиги керак.
Ахборотни тарқатиш имкони унинг қонуний ёки хавфсиз эканини англатмайди. Ахборотга эгалик қилувчи шахс унинг тўғри ва ҳаққонийлигини аниқлаши ҳамда текшириш маданиятига қатъий риоя этиши, бу борада етарлича ҳуқуқий билимга эга бўлиши шарт. Бунда умум манфаати, ҳуқуқ ва эркинликлари устувор ўринда эканлигини албатта, назарда тутмоқ даркор.
Афсуски, қўшкўпирлик Лазиз Қодиров (исм-шарифлар ўзгартирилган) қонуннинг шу талабига беписанд муносабатда бўлди. Бунинг оқибати эса, яхшиликка етакламади. Навқирон ёшли (2002 йили туғилган) Л. Қодиров маъмурий ҳуқуқбузар сифатида жавобгарликка тортилди. Унинг узоқ давом этмаган ноқонуний қилмиши тергов судида кўриб чиқилди.
Л. Қодировни суд маҳкамасига етаклаган бу қилмиш ўтган йил ва жорий йилда бир неча марта такрорланди. Аниқроқ айтганда, судланувчи бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғи орқали миллий, ирқий, этник адоватни тарғиб қилувчи бузғунчи даъватларни излаб топиш, тўплаш ва уни ўз танишларига тарқатиш билан шуғулланди. Бу каби хатти-ҳаракатлари билан у Вазирлар Маҳкамасининг “Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш ҳамда диншунослик экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом (2022 йил 14 апрель) талаблари, шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг ушбу турдаги қонунбузарликларга тааллуқли 184-3-моддаси талабларини бузган.
Диний ишлар қўмитасининг 2025 йил 31 январдаги экспертиза хулосаси ҳам Л. Қодировнинг қилмишига тўлиқ ойдинлик киритди. Хусусан, экспертиза хулосасида Л. Қодиров томонидан тайёрланган диний даъват ва мулоҳазалар аҳоли ўртасида турли ихтилоф ва тушунмовчиликларга сабаб бўлиши, уларни юртимизга олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатишга тақиқ қўйилгани қайд этилган.
Л. Қодиров суд муҳокамаси жараёнида айбига иқрорлик билдириб, қилмишидан қаттиқ афсусда эканини билдирди. Суд ушбу турдаги қилмиш айбланувчи тарафидан ўз хатти-ҳаракатлари оқибатини англамаган ҳолда биринчи марта содир этилгани, унинг ёш экани, муқаддам жавобгарликка тортилмаганини инобатга олди. Ҳуқуқбузарга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баравари миқдорида жарима жазоси белгиланди, ашёвий далил сифатида эътироф қилинган “IPhone 13” русумли телефон ускунаси давлат эгалигига ўтказилди.
Шу ўринда иккинчи мисолга эътибор қаратсак, қўшкўпирлик Дилмурод Раҳмонов ҳам халқимиз табиатидаги олижаноб туйғуларга беписандлик билан қарагани боис тегишли жавобгарликка тортилди. Аниқроқ айтганда, юртимиздаги ялпи тинчлик, осойишталик, баҳамжиҳатлик муҳитини тажовузкорлик руҳидаги даъват ва чақириқлар билан издан чиқаришга уринди. Бу кимса ўзининг ғайриқонуний даъватларини шу йил январь ойи бошида Интернет жаҳон ахборот тизимининг “Instagram” ижтимоий тармоғидаги “sanjar_isanov” саҳифасига жойлаштирди. Натижада фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа инсонларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбур эканлиги тўғрисидаги Конституциямизнинг 60-моддасида белгиланган қоида талабини қўпол тарзда бузди. Фақат унинг сўқир кўзлари қонун сўровига рўпара келиб, маъмурий жавобгарликка тортилганидан сўнг очилди. Ўзининг қилмиши одамлар орасида қўрқув ва саросима солишга қаратилганини англаб етди. Судга тақдим қилинган айбномада қайд этилганидек, у ўз ножўя ҳаракатларини ғайриқонуний нодавлат нотижорат ташкилотлари, оқимлар, секталар фаолиятига қўшилмаган ҳолда якка тартибдаги қўпол қилмишлари асносида амалга оширган.
Амалдаги қонун талабига кўра, бундай қилмиш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-1-моддаси бўйича малакаланди. Суд маъмурий ҳуқуқбузарликда айбланган Д. Раҳмоновга базавий ҳисоблашнинг 10 баравари миқдоридаги жарима жазоси тайинлади.
Ўз элини севмоқ, қадриятларини қадрламоқ, тинчлик, тотувлик аталмиш неъматларни эъзозламоқ — Ватанимиз фуқароларининг муқаддас бурчи.
Унга хиёнат қилиш эл юзига оёқ қўйиш билан баравар. Ўзи ва ўзлигини билган, англаган, қадрлаган инсон бу каби қабиҳ қилмишларга ҳеч қачон қўл урмайди. Юқорида номлари зикр этилган кимсалар бу борадаги бурч ва мажбуриятларини кеч бўлса-да, англаб етишди. Муҳими ҳам – шу.
Бахтиёр Рўзметов,
жиноят ишлари бўйича
Қўшкўпир тумани суди тергов судьяси