Click to listen highlighted text!

МАНСАБ ВАКОЛАТИ УНИ СУИСТЕЪМОЛ ҚИЛИШ ТЕГИШЛИ ЖАВОГАРЛИККА САБАБ БЎЛАДИ

photo_2025-09-22_17-44-13

Маълумки, ҳар бир мансабдор шахснинг зиммасида бевосита хизмат вазифаси билан боғлиқ катта масъулият юклатилган. Булардан энг асосийси, ҳалолликдир. Масалан, ҳар бир мансабдор шахсдан давлат бюджети маблағларидан фойдаланишда қонун талабларидан четга чиқмаслик, ўзига ишониб топширилган, ихтиёрида бўлган ўзганинг мулкини асраб-авайлаш, турли хил суиистеъмолликларга йўл қўймаслик талаб этилади.

Айтиш керакки, давлат бюджети маблағларидан фойдаланишда амалдаги қонун талаблари бузилса, иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар туркумига кирувчи жиноий қилмиш келиб чиқади, бу эса, нафақат пушаймонлик ва юзшувитликка, балки тегишли жиноий жавобгарликка ҳам сабаб бўлади.

Мисол учун айтсак, Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланиб, дастлабки тергов органи томонидан судга берилган Самарқанд вилояти “Ф. П.” маркази (номлар шартли), “Н. М. Р.” ҳамда “S. Z.” масъулияти чекланган жамиятлари мансабдор шахслари давлат бюджети маблағларини растарата қилганликлари боис қонун олдида жавоб беришди.

Аввало, ушбу жиноий қилмиш тафсилотларига ойдинлик киритиш учун Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги қарори билан тасдиқланган “Дори воситалари ва тиббий буюмларни улгуржи реализация қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига эътибор қаратиш жоиз. Нега деганда, ушбу ҳужжатда четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларига сотиб олинган қийматдан 15 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда савдо устамалари қўйилиши белгилаган. Бундан кўринадики, белгиланганидан ортиқ савдо устамаси қўйиш бюджет маблағларини талон-торож қилишга олиб келади.

Энди жиноят иши тафсилотларига қайтсак, “Ф. П.” марказида йилнинг бошида харид комиссияси тузилган. Яъни марказнинг хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари А. Асадов комиссия ишига раислик қилган.

Харид қилинадиган дори воситалари ва тиббий буюмлар нархини ўрганиш эса, комиссия аъзоси, бош ҳисобчи Э. Турдиқулов зиммасига юклатилган.

Албатта, харид комиссия, аввало, дори-дармон ва тиббий буюмлар етказиб берадиган, тендер танлови қатнашчилари бўлган масъулияти чекланган жамиятларнинг энг арзон таклифларини ўрганиб чиқиб, шартномаларни расмийлаштириши керак эди.

Афсуски, тергов ва судда “Ф. П.” маркази харид комиссияси аъзолари очиқлик ва шаффофликка асосланган бу талабларни бир четга суриб кўйгани маълум бўлди. Улар “Н. М. Р.” масъулияти чекланган жамияти директори З. Исроилов ва “S. Z.” раҳбари А. Усмонқулов билан ўзаро жиноий тил бириктириб, сотиб олинадиган дори-дармонлар ва тиббий буюмларга 15 фоиздан ортиқ устама нарх қўйишган.

Шу тариқа 2021-2024 йиллар давомида “Ф. П.” маркази давлат бюджети маблағлари ҳисобидан “Н. М. Р.” масъулияти чекланган жамияти билан дори-дармон воситалари, дизенфикция ва тиббий буюмлар сотиб олиш учун жами 2 миллиард 819 миллион 741,1 минг сўмлик шартномалар имзолаган. Расмийлаштирилган шартномаларга кўра, мазкур тиббий воситалар электрон ҳисобварақ-фактураларга асосан, ”Ф. П.” маркази томонидан қабул қилиб олинган.

Оқибатда дори-дармон воситалари ва тиббий буюмлар низомда белгилаб қўйилганига зид равишда 15 фоиздан ортиқ устама нарх билан сотиб олингани туфайли 978 ҳолатда давлат бюджетининг 680 миллион 980,4 минг сўм маблағи талон-торож қилинган.

Бундай қонунга хилоф ҳолатлар “Ф. П.” маркази билан “S. Z.” масъулияти чекланган жамияти ўртасидаги олди-берди муносабатларида ҳам содир этилган. Аниқроқ айтганда, томонлар ўртасида 1 миллиард 202 миллион 318 минг сўмлик шартнома тузилган ҳамда электрон ҳисобварақ-фактураларга асосан товарлар етказиб берилган. Бироқ дори-дармон воситалари ва тиббий буюмларга 15 фоиздан ортиқ устама қўлланиб, реализация қилингани ҳисобига 157 ҳолатда жами 195 миллион 783,2 минг сўм давлат бюджети маблағлари ўзлаштириш йўли билан талон-торож этилган.

Агар ҳар икки масъулияти чекланган жамиятлар томонидан “Ф. П.” марказига шартномалар асосида дори-дармон ва тиббий буюмларни қиммат нархларда сотганлик оқибатида давлат бюджети маблағларига етказилган камомадни жамласангиз, 876 миллион 763,6 минг сўмни ташкил этади.

Албатта, ҳаётда ҳар қандай жиноий қилмиш жазосиз қолмайди. Бу гал ҳам шундай бўлди, Самарқанд туман прокуратурасининг шу йил 26 мартдаги 15/64-25-сонли хати ва Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Давлат молиявий назорати инспекцияси вилоят бошқармасининг 14 апрелдаги 78-сонли буйруғига кўра, ҳар учала ташкилот мансабдорларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича ҳужжатли тафтиш ўтказилганда юқоридаги қилмишлар ошкор бўлди.

Жиноят ишининг кўриб чиқиш жараёнида фуқаровий даъвогар — “Ф. П.” маркази ҳуқуқшуноси С. Абдуллаев давлат бюджетига етказилган зарар тўлиқ қопланганлиги сабабли, судланувчиларга нисбатан енгилроқ жазо тайинлашни сўраб, мурожаат қилди. Суд унинг мурожаатини инобатга олди.

Суд ҳайъати судланувчиларга нисбатан жазо тайинлашда амалдаги қонун талаблари, хусусан, Жиноят кодексининг 7-моддасидаги “Жиноят содир этган шахсга нисбатан у ахлоқан тузалиши ва янги жиноят содир этишининг олдини олиш учун зарур ҳамда етарли бўладиган жазо тайинланиши ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилиши керак” деган қоидага таянди. Шунингдек, Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги қарори 1-бандида кўрсатилган “Судларнинг эътибори жиноят учун жазо тайинлашда қонунийлик, инсонпарварлик, одиллик ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига қатъий амал қилишга қаратилиши лозим” деган раҳбарий тушунтиришларга асосланди.

Суд судланувчилар А. Асадов, Э. Турдиқулов, З. Исроилов ва А. Усмонқуловни Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди. Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, судланувчи А. Асадовга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз етмиш баравари миқдорида, Э. Турдиқулов, З. Исроилов, А. Усмонқуловнинг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз баравари миқдорида жарима жазоси тайинлади.

Шунингдек, судланувчилар А. Асадов ва Э. Турдиқулов суд ҳукмига кўра, муайян муддатга давлат органларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди.

Бу ҳақда ўйлаганда, кўнгилдан беихтиёр шундай савол кечади: хўш, судланувчилар мансаб ваколатидан четга чиқиб, суиистеъмолликка йўл қўйгани ортидан нимага эришди? Ҳеч нарсага. Гувоҳи бўлганингиздек, орттиргани пушаймонлик, юзшувитлигу қонуний жазога тортилиш бўлди, холос.

Демак, ҳаётда инсонни фақат ҳалол меҳнати улуғлаши, обрў-эътибор олиб келишини ҳеч қачон унутмаслик керак.

Нодир РАЖАБОВ,

жиноят ишлари бўйича

Самарқанд тумани

суди раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

#thegov_button_68ff718492555 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_68ff718492555:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_68ff718492555 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_68ff718492555:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!