АДОЛАТ ТАНТАНАСИ ЁХУД ИСБОТИНИ ТОПМАГАН АЙБЛОВ СУД ТОМОНИДАН РАД ЭТИЛГАНИ ҲАҚИДА

Ўтган йил гурланлик икки нафар фуқаро: туман Электр таъминоти корхонасининг истеъмолчилар билан ишлаш бўлими муҳандиси Зоир Ўрозматов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ва “Xorazm Shoh Abbos” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Эркин Сафарниёзовга нисбатан жиддий айблов эълон қилинди.
Аниқроғи, тергов органи Электр таъминоти корхонаси муҳандиси З. Ўрозматовга нисбатан аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминлаш ва ундан фойдаланиш қоидаларини қўпол тарзда бузгани учун “гаров” эҳтиёт чорасини қўллаб, оиласи бағрида қолдирилган бўлса, тадбиркорлик корхонаси раҳбари Э. Сафарниёзовни вақтинчалик ҳибсга олди. Қўзғатилган жиноят иши тафсилотлари эса, тафтиш-тергов жараёнларида аниқланди. Айбловга оид ҳужжатларда қайд қилинишича, электр таъминоти корхонаси масъул ходими З. Ўрозматов 2021 йилнинг июль ойида тадбиркор Э. Сафарниёзовнинг сўровига биноан, унга қарашли ғишт заводи ҳудудида “TЕ-73 S-G 1-3” русумли, “114210105929” рақамли электр ҳисоблагични ўрнатиш ишларига бош-қош бўлган. Мазкур ускуна тергов даврида шахсини аниқлаш имкони бўлмаган ёлланма ишчилар томонидан ўрнатилган. Бу жараёнда ускунанинг “В” ва “С” фазалари технологик қоидага хилоф равишда алмаштириб уланган.
Натижада ускунанинг қувват коэффиценти сезиларли даражада сусайиб, электр энергиясини фойдаланганидан анча кам ҳисоблаган. Бу ҳол 2021 йилнинг июль ойидан то 2024 йилнинг июль ойигача давом этган.
З. Ўрозматов қурилма умумий фойдаланишдаги электр тармоғига уланганидан сўнг ёлланма ишчилар томонидан хатоликка йўл қўйилганини жойига бориб ўрганмаган. Йўл қўйилган хатоликнинг оқибатлари ундан кейин ўтказилган назорат тадбирлари чоғида ҳам аниқланмаган. 2024 йилнинг 7 июль куни амалга оширилган навбатдаги назорат тадбири якунлари бўйича расмийлаштирилган 33208-07/01.24-сонли далолатномага қалбаки ёзувлар киритилган: ғишт заводи биносига ўрнатилган электр ҳисоблагич амалдаги қоидага биноан тўғри улангани, ускуна кўрикдан ўтказилгани, ўлчов асбобида камчиликлар аниқланмагани, электр қурилмаси бир маромда ишлаётгани қайд қилинган. Гумонланувчилар айни шу куни масьулияти чекланган жамияти ва корхона ўртасида янгидан тузилган 149277-сонли шартномани электр тармоқлари корхонасига тақдим қилишган. Расмийлаштирилган ҳужжат Э. Сафарниёзовга қарашли ғишт заводини электр энергияси билан узлуксиз таъминлашга янада кенг йўл очган. Ҳар икки мутасаддининг қонунга зид ҳаракати 2024 йил 19 июлда Республика ишчи гуруҳи ва “Ўзэнергоинспекция”нинг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тадбир жараёнида барҳам топган. “В” ва “С” фазали электр симлари алмаштирилган ҳолда улангани махсус техник мутахассис ходимлар иштирокида ўтказилган текшириш асносида аниқланган.
Симларнинг алмаштириб улангани ва корхонага ўрнатилган электр трансформатори ҳамда ҳисоблагич соз ҳолда ишлаётгани юзасидан 2024 йил 7 июлда расмийлаштирилган далолатнома катта миқдордаги талон-торожлик ва бу борадаги хатти-ҳаракатларнинг давом этишига сабаб бўлган. Дастлабки тафтиш ва терговгача ўтказилган тадбирнинг ўзидаёқ жами 222 миллион сўмлик электр энергиясини ўғирлаш ҳолати юз бергани маълум бўлган.
Бу каби ҳолатларнинг бари пировардида текширувчи шахслар, тафтиш ва тергов идоралари ходимлари, бир қатор гувоҳлар томонидан ўзаро тил бириктирган ҳолда содир қилинган жиддий қонунбузарлик сифатида талқин этилди. Содир қилинган қилмиш Жиноят кодексининг ўғирликка доир 169-моддаси 4-қисми “а” банди ва қалбакилаштиришга оид 228-моддаси 2-қисми “б” банди билан малакаланди.
…Судга ҳавола қилинган жиноят иши содир этилган қилмиш тафсилотларини тўлиқ ифода этди. Суд бу ҳолатларни алоҳида эътироф қилди. Бу жараёнда масаланинг бир қатор янги жиҳатлари ҳам намоён бўлди. Судда кўрсатма берган вилоят Ҳудудий электр тармоқлари акциядорлик жамиятининг етакчи муҳандиси Илҳом Саидов ҳажми 222 миллион сўм қилиб кўрсатилган камомад ғишт заводидаги ҳисоблагичнинг эмас, балки электр таъминоти корхонасидаги бош электрон ҳисоблаш ускунасининг техник нозозлиги боис келиб чиққани, ундаги чалкашлик оқибатида истеъмол қилинган электр энергияси нотўғри ҳисоблангани, ҳозирга келиб, бу камчилик бартараф қилинганини таъкидлади. Гувоҳнинг сўзига қараганда, корхонадаги электр ҳисоблагичнинг “В” ва “С” фазали симлари З. Ўрозматов ва Э. Сафарниёзовнинг ўзаро тил бириктириш натижасида қасддан ва ғаразли мақсадда алмаштириб улангани ҳақидаги даъво асоссиз. Бу жиддий хато ҳисоблагични бевосита тармоққа улаган шахс ёки шахсларнинг бепарволиги, техник хатоси оқибатида содир этилгани ҳақиқатга яқинроқ.
Судда гувоҳлик берган вилоят “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг электр энергиясини автоматлаштирилган ва электрон тарзда ҳисоблаш бўлими бошлиғи Санжар Худойберганов масаланинг бу жиҳатини янада батафсилроқ изоҳлади, ҳисоблагични техник кўрикдан ўтказиш жараёнида истеъмолчи ундан қандай бўлса, шундайлигича фойдаланиб келгани, ускуна тармоққа уланганидан буён ўтган 3 йил мобайнида унга ташқи томондан бирон-бир тарзда таъсир кўрсатилмагани аниқланганини билдирди.
Бу фикрни бошқа гувоҳлар ҳам тасдиқлади. Бу борадаги асл ҳақиқат судга ҳавола этилган аксарият ҳужжатлар, факт ва далилларда намоён бўлди.
Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази ва Республика ишчи гуруҳи ҳамда “Ўзэнергоинспекция” маҳкамасининг “Хоразм Шоҳ Аббос” масъулияти чекланган жамиятида ўтказган назорат-текшириш тадбири юзасидан тузилган хулосалар масалага узил-кесил ойдинлик киритди. Экспертиза маҳкамасининг хулосасида қайд этилишича, масъулияти чекланган жамиятига қарашли ғишт ишлаб чиқариш заводига 2021 йилнинг июль ойида ўрнатилган электр ҳисоблагичга 2024 йилнинг июль ойигача бўлган муддат ичида ташқи тарафдан таъсир кўрсатиш ҳолати ёки уни ўрнатиш жараёнида хатоликка йўл қўйилганига оид маълумотлар мавжуд эмас. Махсус комиссиянинг маълумотномасида эса, истеъмолчига дахли бўлмаган техник хатолик сабабли, ҳисобга олинмаган электр энергиясининг ҳақиқий миқдори 246 минг 686 киловаат соатни ташкил этгани қайд қилинган.
Бундай вазиятда истеъмолчини электр энергиясини ўғирлаш йўли билан талон-торож этганликда айблаб бўлмайди. Мазкур айбни тасдиқловчи далилларнинг мавжуд эмаслиги шуни тақозо этади. Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги 319-сонли қарорига асосан тасдиқланган “Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари”нинг 135-бандига кўра, ҳисоблаш тизимига таъсир қилмаган ҳолда, иккиламчи ток занжиридаги кириш ва чиқиш симлари ўзаро алмаштириб уланган ҳолатлар учун истеъмолчини айблаб бўлмайди. Судга ҳавола этилган жиноят ишида эса, масъулияти чекланган жамиятига қарашли ғишт заводига ўрнатилган электр ҳисоблагичга З. Ўрозматов ва Э. Сафарниёзов томонидан ташқи таъсир кўрсатилгани, ундаги уланиш қоидалари жиноий тил бириктирган ҳолда қасддан алмаштирилганини тасдиқлайдиган ишончли далиллар мавжуд эмас ва бундай далиллар судлов жараёнида ҳам аниқланмади.
Суд бу ҳолатларни эътиборга олди. Шунингдек, жиноят иши очилишига туртки бўлган омиллар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан тўпланган ҳужжатлар ҳамда мазкур органларнинг ташаббусига асосан, терговга жалб қилинган шахсларнинг гувоҳлик кўрсатмалари ҳам инобатга олинди. Шу билан бирга суд қонундаги айбсизлик презумпцияси, далилларнинг мақбуллиги прниципига алоҳида эътибор қаратди.
Шуни таъкидлаш жоизки, қонун талабига кўра, айблов ҳукми суд жараёнида маълум бўлиб қолган барча кам-кўстлар тўлдирилган, юзага келган ҳамма шубҳа ва қарама-қаршиликлар бартараф этилган ҳамда ишончли далиллар йиғилган тақдирдагина чиқарилади.
Амалда ҳам шундай бўлди. Уқтирилганидек, электр энергиясини ўғирлаш йўли билан талон-торож қилишга қаратилган ножўя хатти-ҳаракатлар бўйича таъминот корхонаси масъул ходими З. Ўрозматов ва тадбиркор Э. Сафарниёзовни айблаш юзасидан илгари сурилган даъвони етарлича тасдиқловчи далил-исботлар топилмади. Суд ана шу асосга кўра, ҳар иккала айбланувчини Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди бўйича оқлаб, қўйилган айбни уларнинг зиммасидан соқит қилди.
Суд жараёнида Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми “б” бандида назарда тутилган ножўя ҳаракат тафсилотлари ҳам тўлиқ ойдинлашди.
Мазкур қилмиш, чиндан ҳам, содир этилгани аниқланди. Бироқ рўй берган қилмиш ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотгани эътироф қилинди.
Жиноят кодексининг 70-моддаси бу сингари ҳолатларда тайинланиши муқаррар бўлган жазони сезиларли даражада енгиллаштиришни тақозо этади. Суд кодекснинг ана шу талабига биноан, Зоир Ўрозматов ва Эркин Сафарниёзовни жазодан озод қилди.
Адолат ва одиллик принципи ана шу тариқа тантана қилди. Башарти, синчковлик салоҳияти, билим ва малака бисёр бўлгани, етти ўлчаб, бир кесилганида зикр қилингани янглиғ кўнгилсиз ҳолат содир бўлмасди. Бу эса кўпчиликка сабоқ бўлиши керак.
Шуҳрат РАЗЗОҚОВ,
Хоразм вилояти суди
жиноят ишлари бўйича судьяси

