ҚОНУННИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ — ҲАЁТИЙ ЗАРУРАТ

Ҳаёт шиддат билан ўзгариб бораяпти. Шунга мос равишда тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Қайд этиш керакки, маъмурий орган билан жисмоний ва юридик шахслар ўртасидаги тартиб-таомиллар соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш жараёнида ҳуқуқий бўшлиқлар мавжуд. Ушбу муносабатлар ягона қонун ҳужжатида тўлиқ мустаҳкамланмаган. Маъмурий ҳужжатни фақат ёзма шаклда қабул қилиш белгиланган.
Мазкур ҳолатлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг Конституция ҳамда бошқа қонунларда кафолатланган ҳуқуқларини амалга оширишда маъмурий органлар томонидан кўриладиган чоралар ва кафолатлар етарли эмаслигини кўрсатмоқда. Маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни турли хил ҳужжатлар билан тартибга солиниши қонунчиликда бир-бирига номувофиқ талаблар белгиланишига сабаб бўлмоқда. Бу эса маъмурий органлар томонидан тегишли процедураларни амалга оширишда тушунмовчиликлар ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилишига олиб келади.
Жисмоний ва юридик шахслар ўз фаолиятлари давомида турли давлат органлари ҳамда ташкилотлари билан ҳуқуқий муносабатларга киришади. Мазкур муносабатлар жараёнида маъмурий органлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга оид ҳужжатлар қабул қилинади. Ўз навбатида ушбу маъмурий ҳужжатлар оммавий-ҳуқуқий муносабатларни юзага келтиради, ўзгартиради ёки бекор қилади. Яъни, маъмурий ҳужжат жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларига дахл қилади. Шу сабабли, ушбу жараёндаги тартиб-таомилларни бирхиллаштириш, фуқароларни ортиқча оворагарчиликлардан халос қилиш мақсадида 2018 йил январь ойида Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган. Қонун бевосита маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади. Яъни, маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.
Қонунчиликка мувофиқ маъмурий-ҳуқуқий фаолият соҳасида маъмурий бошқарув ваколати берилган органлар, шу жумладан, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, шунингдек, ушбу фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа ташкилотлар ва махсус тузилган комиссиялар маъмурий органлар ҳисобланди. Хусусан, маъмурий органларнинг манфаатдор шахсларга нисбатан маъмурий-ҳуқуқий фаолиятига, шу жумладан, лицензия, рухсат бериш, рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилларига, давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ бошқа тартиб-таомилларга, шунингдек, қонунчиликка мувофиқ бошқа маъмурий-ҳуқуқий фаолиятга нисбатан татбиқ этилади. Таҳлиллар ва хорижий давлатлар тажрибаси қонунни маъмурий-ҳуқуқий фаолиятга нисбатан татбиқ этилиши доираси тўлиқ эмаслигини кўрсатмоқда.
Масалан, Германия Федератив Республикасининг “Маъмурий процедуралар тўғрисида”ги қонунининг 1-моддасида қонун маъмурий органларнинг ижтимоий-ҳуқуқий фаолиятига ҳамда давлат ҳуқуқий фаолиятига нисбатан қўлланилиши белгиланган. Қонун ер соҳасидаги маъмурий тартиб-таомилларга татбиқ этилмайди. Сабаби, ушбу муносабатлар “Ер соҳасидаги маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинади. Фикримизча, ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида қонун татбиқ этиладиган соҳаларни қайта кўриб чиқиш, ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, соҳадаги қонунчилик ҳужжатларини мувофиқлаштириш керак. Қонун қўлланиладиган соҳаларга қуйидагиларни киритиш лозим. Хусусан, солиқ, божхона, давлат назорати ва текшируви, фуқароларнинг пенсия таъминоти, давлат хизматига қабул қилиш, ундан бўшатиш ва лавозимга кўтарилиш (лавозимдан тушириш), ҳарбий рўйхатга олиш ва ҳарбий хизматга чақириш, шаҳарсозликни режалаштириш, ер участкаларини ажратиш ва олиб қўйиш, шунингдек, маъмурий органларнинг бошқа маъмурий-ҳуқуқий фаолиятига нисбатан татбиқ этилишини белгилаш мақсадга мувофиқдир. Сабаби, АҚШ, Германия, Япония, Озарбайжон ва бошқа хорижий давлатлар тажрибаси пенсия, солиқ ва божхона маъмуриятчилиги маъмурий муносабатлар соҳасига киритилган. Давлат хизматига қабул қилиш ва бўшатиш, шунингдек, аттестациядан ўтиш ва хизмат бўйича кўтарилиш тўғрисидаги қарорлар маъмурий ҳужжат ҳисобланади. Демак, ушбу муносабатларни “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонун татбиқ этиладиган соҳага киритиш зарур.
Фақатгина давлат хизматининг меҳнат муносабатлари доирасида топшириқ бериш ва уни ижросини ташкил этиш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан қонун татбиқ этилмаслигини белгилаш керак.
Маъмурий тартиб-таомилларни тартибга солувчи қонуности ҳужжатларини ушбу қонунга мувофиқлаштирилмаганлиги ҳам қонунни амалиётда қўллашда муаммоли вазиятларни келтириб чиқармоқда. Шу сабабли, ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонунни такомиллаштириш, қонун татбиқ этиладиган соҳаларни айнан кўрсатиш ва кенгайтириш лозим. Бундан ташқари, қонуннинг 52-моддасида маъмурий ҳужжат ёзма шаклда қабул қилиниши, ёзма маъмурий ҳужжат маъмурий органнинг ваколатли мансабдор шахси ёки коллегиал орган аъзолари томонидан имзоланиши ва маъмурий органнинг муҳри билан тасдиқланиши белгиланган. Бироқ хорижий давлатлар тажрибаси ҳамда мавжуд амалиёт маъмурий ҳужжатни бошқа шаклларда, хусусан, оғзаки равишда, белги ва ишоралар билан ҳам қабул қилиниши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Маъмурий муносабатларни тартибга солувчи соҳаларни ягона қонунда бирлаштирсак, у фуқаролар учун ҳам, давлат хизматчилари учун ҳам қулайликлар яратади.Таҳлилларимиз ҳамда хорижий давлатлар тажрибаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг амалдаги таҳрири ҳам маъмурий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни тўлиқ ҳал қилиш имконини бермаслигини кўрсатмоқда. Бу эса фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини тўлиқ ва ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга ёрдам бермайди.
Масалан, маъмурий суд ишларини юритиш принциплари оммавий-ҳуқуқий муносабатларнинг мазмун-моҳиятини тўлиқ акс эттирмайди, давлат органлари томонидан суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмлари тўлиқ жорий этилмаган. Айниқса, маъмурий органлар билан фуқаролар ва юридик шахслар ўртасидаги низоларнинг судга тааллуқлилигига ва судловга тегишлилигига оид қоидалар етарли даражада тартибга солинмаган, маъмурий судларга жамоавий аризалар бериш тартиби ва асослари белгиланмаган.
Фуқаролар ва тадбиркорларнинг маъмурий ҳужжатга бўлган ишончини ҳимоя қилиш тизими етарли даражада тартибга солинмагани ҳолда етказилган зарарни ундириш тартиблари аниқлаштирилмаган.
Ушбулардан келиб чиқиб, қуйидаги таклифларни билдираман:
Биринчидан, маъмурий органлар билан фуқаролар ва тадбиркорлар ўртасидаги барча низоларни хатловдан ўтказиб, судловга тааллуқлилигига оид қоидаларни, шунингдек, маъмурий органлар мансабдор шахсларининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан бериладиган шикоятларнинг тааллуқлилигини аниқлаштириш ва такомиллаштириш лозим.
Иккинчидан, фуқаролик судлари ҳамда иқтисодий судлар томонидан кўрилаётган оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни (айниқса, маъмурий орган жавобгар бўлган ишлар) маъмурий судларга ўтказиш мақсадга мувофиқ. Таҳлилларимиз ривожланган давлатларда айнан маъмурий судлар фуқаро ва тадбиркор ҳуқуқлари билан ижро органлари ўртасидаги низоли муносабатларда, ғайриқонуний қарорлари ёки ҳаракатлар(ҳаракатсизлик)дан ҳимоя қилишда судлар муҳим ўрин эгаллашини кўрсатди.
Шу сабабли, фуқаролар ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашда судларнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида маъмурий ишларнинг судловга тегишлилигига оид нормаларни ва қонунчиликни такомиллаштириш лозим. Бу орқали аҳолининг судларга бўлган ишончи янада ошади. Маъмурий қарорлар бир хил тартибда ва ягона принципларга мувофиқ қабул қилинади. Бу эса турли қонунчилик ҳужжатларига амал қилишдан кўра тезроқ ва осонроқ ишлаш имконини беради. Коррупцияга қарши курашда ёки коррупциянинг олдини олишда самарали усул бўлиб хизмат қилади. Қонунга ўзгартириш киритилиши ва такомиллаштирилиши амалиётда юзага келаётган муаммоларни ҳамда ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этади.
Сардорбек МАТНИЯЗОВ,
Хоразм вилоят маъмурий
судининг судьяси