ОИЛА МУСТАҲКАМ БЎЛСА, МИЛЛАТ ҚУВВАТЛИ, ДАВЛАТ БАРҚАРОР БЎЛАДИ

Оила – жамиятнинг асосий устуни. Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 76-моддасида «Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасидадир», деган норма мустаҳкамлаб қўйилгани бежиз эмас. Оила мустаҳкам бўлса, миллат қувватли, давлат барқарор бўлади.
Бироқ ҳаётда учраб турадиган айрим муаммолар, яъни қайнона-келин ўртасидаги тортишув, эр-хотин орасидаги келишмовчилик, мерос талашиш ёки фарзанд тарбиясидаги қарашлар билан боғлиқ зиддиятлар пировардида оиланинг ички муҳитига салбий таъсир қилиши мумкин.
Шундай қалтис пайтда жавобгарликни ўз зиммасига оладиган, ҳақ билан ноҳақни ажратадиган, икки томонни ўзаро бир-бирини тушунишга чорлаб, муросага келтиришда оила судьясининг ўрни катта.
Оила ишларига ихтисослашган судлар илк бор АҚШда 1910-1920 йилларда, асосан, маблағ тўлашдан бўйин товлаш каби оддий ҳуқуқбузарликлар ва ёшлар ишларини ҳал этиш мақсадида ташкил этилган. Бу ғояни илгари сурганлар эса, истеъмолга хос суд тизимидаги пробация ходимлари бўлган.
Кейинчалик, 1933 йилда Нью-Йоркда алоҳида «Оилавий муносабатлар суди» ташкил қилинган. Бу орган оилавий масалаларни жиноят ҳуқуқи доирасидан чиқариб, фуқаролик ҳуқуқи соҳасига ўтказишга йўналтирган.
Натижада фуқаролик ҳуқуқи – ижтимоий муносабатлар, мулк, шартнома, мерос, оилавий муносабатлар билан боғлиқ қонунчилик бўйича янада салмоқли ютуқларга эришилган.
Оила судьяси – давлат суд тизимидаги бир бўғин эмас, балки маҳалла ва жамоатчилик ичида обрў қозонган, ҳаётий тажрибага эга, инсофли ва адолатли шахсдир. Унинг асосий вазифаси – низолашган оила аъзоларини суд эшигига етказмасдан, низони мулоқот ва маслаҳат йўли билан ҳал қилишга қаратилган.
Ўзбекистонда “оила судьялари”ни ташкил этиш Президентимизнинг 2023 йил 21 декабрда қабул қилинган «Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида амалга оширилди.
Ушбу қарор ижроси доирасида 2024 йил 1 февралдан тажриба тариқасида фуқаролик ишлари бўйича судларда оилавий низоларни кўришга ихтисослашган судьялар корпуси шакллантирилди. Хусусан, Самарқанд шаҳар, Наманган туманлараро ва Мирзо Улуғбек туманлараро судларида ҳар бирига 2 нафардан судья ажратилди.
Мазкур қарорда қайд этилганидек, ҳозирда “оила судьялари” деб номланган янги институтнинг мақсади – оила низоларини тезкор, гуманитар ёндашув асосида ҳал қилиш, оилалар тинчлигини таъминлаш ва жамиятнинг мустаҳкам пойдеворини шакллантиришдир.
Бу борадаги мавжуд вазият таҳлилига кўра, 2024 йилнинг биринчи чорагида оиладаги зўравонлик бўйича 4 минг 477 шахс жавобгарликка тортилган. Ушбу рақам, ўз навбатида, оилавий соҳада ҳам судларга юклама катта эканидан далолат беради.
Жорий йил биринчи чорагида 9 минг 63 та никоҳ расман бекор қилинган.
Бу эса, айни соҳада ихтисослашувнинг долзарблиги нақадар зарур эканлигини яққол намоён қилади.
Суд амалиёти таҳлили яна шуни кўрсатадики, одатдаги суд ишларида йиллаб чўзилиши мумкин бўлган иш оила судьяси воситачилигида бир-икки кун ичида ҳал бўлади. Бунга инсон қалбини тинглаш, хатоларни тузатишга ёрдамлашиш ва икки тарафни ўзаро яраштиришга астойдил уриниш туфайли эришилади.
Қолаверса, оила судьялари фаолияти орқали икки ёш ўртасидаги муносабатлар мўътадиллиги сақлаб қолинади. Қуда-андалар, қариндош-уруғлар орасида пайдо бўлган совуқчилик юмшатилади. Янада муҳими, болалар етим бўлиб қолишининг олди олинади, натижада бутун жамиятда аҳиллик ва ҳамжиҳатлик мустаҳкамланади.
Бунга бир ҳаётий мисол: турмушда учраб турадиган икир-чикир масалаларда эр ва хотиннинг фикри бир жойдан чиқмай тортишиб қолишади. Бундай ҳолат бир неча марта такрорлангач, феъл-атворимиз тўғри келмади, деб икки ёш ажрашишга тушиб қолади.
Маҳаллага чақирилган оила судьяси эса, улар билан дилдан суҳбатлашади, ҳар иккисини тинглайди, уларга бир-бирини тушуниш зарурлигини англатади. Шундай қилиб, бир хонадоннинг пароканда бўлишига йўл қўйилмайди.
Шу маънода, таъбир жоиз бўлса, оила судьялари бугунги замоннинг ҳуқуқий тарбиячиларидир. Улар адолат билан меҳрни уйғунлаштирган ҳолда, жамиятдаги энг катта неъмат – тинчлик ва барқарорликни муҳофаза қилади.
Оиладаги тотувлик – бутун миллатнинг бахти ва тақдири. Шундай экан, оила судьясининг бурчи ҳам одатдаги ҳуқуқий вазифагина эмас, балки ёш авлод камолотини белгиловчи тинч-тотув оила келажагини муҳофаза этишга қаратилганлиги билан янада аҳамиятлидир.
Статистик маълумотларга қараганда, 2025 йилнинг 1 август кунига қадар фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг оилавий судьялари томонидан 2 минг 345 та фуқаролик иши кўриб чиқилган.
Шундан 1 170 таси қаноатлантирилган ва 737 тасини қаноатлантириш рад этилган.
Шунингдек, ушбу даврда судьялар томонидан оилавий муносабатлар билан боғлиқ 723 та суд буйруғи қабул қилинган ва ижрога қаратилган.
Оилавий низоларнинг судлар томонидан кўриб чиқилишида, фақатгина маълум бир тарафга мажбурият юклашдан ташқари, тарафларни яраштириш ва оилаларни мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли тушунтириш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Хусусан, судлар томонидан маҳалла фуқаролар йиғинларида фаоллар иштирокида сайёр қабул ўтказилиши, сайёр суд ва давра суҳбатлари ташкил этилиши сингари ижтимоий-гуманитар тадбирларнинг барчаси ҳар бир оила мустаҳкамлигини таъминлашга қаратилганлиги билан жуда муҳим ҳисобланади.
Бу янги жараён ўз самарадорлигини аллақачон кўрсатди, яъни оила ишларини мустақил суд органига ўтказиш – жараёнларни анча тезроқ ва мўътадил ҳал этиш имконини яратди. Судлар оилавий низоларни суд сессияларисиз, кўпроқ маслаҳат ва медиация йўли билан ҳал қилишга йўналтирган ҳолда амалга оширмоқда. Натижада оиладаги зўравонлик, турмуш тарзидан келиб чиққан муаммолар тезкор ва самарали бартараф этилишига эришилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, судлар томонидан оилавий масалаларда юзага келадиган нозик ва қалтис муносабатларга жиддий эътибор қаратилиб, масъулият ва бағрикенглик асосида иш юритилиши йўлга қўйилди. Бу, ўз навбатида, бутун жамиятимизда ижтимоий мувозанатни сақлашга ёрдам бермоқда.
Бобур ИСЛАМОВ,
Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари –
фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

