СУД ҲУЖЖАТЛАРИНИ ТАФТИШ ТАРТИБИДА ҚАЙТА КЎРИШ: ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ ВА АМАЛИЙ АҲАМИЯТИ

Бугунги кунда суд қарорларини қайта кўришда вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш, ўрта бўғин судларида суд қарорларини кўриб чиқиш ва қонуний, адолатли ҳамда асосли бўлишини таъминлаш орқали фуқароларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш зарурияти вужудга келди. Бу, ўз навбатида, тафтиш институтини ривожлантириш йўналишида давр ва жамият талабларига жавоб берадиган ўзгаришларни амалга ошириш масаласини кун тартибига қўйди.
Тафтиш – суд ҳужжатларини юқори инстанцияда ҳуқуқий жиҳатдан текшириш ва қайта баҳолаш жараёни бўлиб, суднинг қонуний кучга кирган қарорларига нисбатан қўлланилади.
Мамлакатимизда 2021 йилдан бошлаб суд ҳужжатларини қайта кўриб чиқишнинг янги механизлари жорий этила бошланди. Бироқ узоқ изланишлар ва хорижий тажрибалардан келиб чиқиб, 2024 йилдан янгича тартиб — бевосита тафтиш инстанцияси жорий қилинди.
Бу янгилик “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун асосида амалга оширилди. Натижада ўтган қисқа даврда одил судловга эришиш имкониятлари янада кенгайтирилиб, аҳолининг судма-суд овора бўлиб юришига барҳам берилди.
Бунда биринчи инстанция судининг қарори ёки ажримидан норози тарафлар вилоят судига апелляция ёки кассация тартибида шикоят қилиб, уларнинг ҳам натижасидан қониқмаса, ушбу иш мазкур судларда тафтиш тартибида кўриб чиқилади. Биринчи ҳамда апелляция ёки кассация инстанцияси судлари томонидан қабул қилинган қарор ёки ажримда моддий ва процессуал қонун нормаларига риоя қилинганлиги тафтиш тартибида ўрганилиб, ҳуқуқий баҳо берилади.
Суд қароридан яна норози бўлинган тақдирда, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўриб чиқилган ишлар Олий суднинг судлов ҳайъатларида қайта кўриб чиқилади. Бу жараёнда қуйи инстанция судлари иш юритувига ва ишнинг қонуний ечимига баҳо бериш билан бирга суд амалиётини бир хилда шакллантиришга эришилаётганини қайд этиш лозим.
Бошқача айтганда, тафтиш инстанция судлари судьяларига янада катта масъулият юкланиб, ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартиби бекор қилинди. Айни шу омил ҳам суд ҳужжатидан норози шахснинг юқори инстанцияга ишончини мустаҳкамлайди.
Соҳага татбиқ этилган янгиликлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини янада кучайтирмоқда. Шунингдек, иш бўйича барча ҳолатлар суд инстанциялари томонидан ҳар томонлама ва тўлиқ текширилишига ҳамда халқимизнинг судларга бўлган ишончи янада ошишига хизмат қилмоқда.
Фуқаролик процессуал кодексининг янги таҳририда суд ҳужжатларини қайта кўриш учта босқич орқали амалга оширилиши белгиланган. Яъни, бу жараён:
• апелляция – биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган суд ҳужжати устидан;
• кассация – қонуний кучга кирган биринчи инстанция судининг суд ҳужжати устидан;
• тафтиш – апелляция ёки кассация (тафтиш) инстанциясининг ажримлари устидан берилган шикоятлар юзасидан амалга оширилади.
Тафтиш институтида асосий урғу ҳуқуқий хато ва процессуал бузилишларни бартараф этишга қаратилган. Шу билан бирга, янги очилган ҳолатлар асосида ҳам суд ҳужжатлари қайта кўриб чиқилиши мумкин.
Судлар томонидан тафтиш инстанциясида 2024 йилда кўрилган ишлар таҳлилига қараганда, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан 4 минг 525 та тафтиш шикояти кўриб чиқилган. Бунда қуйи судларнинг 422 та суд ҳужжати бекор қилинган ва 109 таси ўзгартирилган.
Олий судда ўтган йили 227 та шикоят юзасидан 89 та суд ҳужжати бекор қилинган ва 26 таси ўзгартирилган. Яъни суд ҳужжатларининг қарийб 12 фоизи тафтиш тартибида ўзгаришга учраган.
Бу ҳолат суд қарорларини қабул қилишдаги хато ва камчиликлар ҳали ҳам мавжудлигини англатади. Шу боис, тафтиш институти фуқароларнинг адолатга бўлган ишончини тиклашда муҳим механизм бўлиб қолмоқда.
Шу маънода, тафтиш инстанциясида иш бўйича нафақат моддий ва процессуал қонун нормалари тўғри қўлланилганлигини текшириш, балки уларга тўлиқ суд муҳокамасини иш материаллари асосида ўтказиш орқали аниқланган камчиликни бартараф этиш ёхуд қайта апелляция ёки кассация инстанция судига юбориш ваколати ҳам берилгани жуда муҳим.
Бундан мақсад суд қарорлари барқарорлигини таъминлашдир.
Бу борадаги халқаро тажрибани мухтасар тарзда таққослама таҳлил қилиб кўрамиз.
Масалан, Францияда тафтиш вазифасини Кассация суди амалга оширади.
Бу суд моддий ҳуқуқ нормаларини эмас, фақат процессуал ҳуқуқ бузилишларини текширади. Россияда эса, назорат (“надзор”) институти мавжуд бўлиб, у ҳам прокурор ёки юқори суд раисининг протестига асосан, ишга қайта баҳо бериш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистондаги тафтиш институти, ушбу тажрибалардан самарали жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда, миллий ҳуқуқий амалиётга мослаштирилган. Айниқса, суд қарорларини тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш механизми қонунийлик ва адолат тамойилларини мустаҳкамлайди.
Ўз навбатида, тафтиш тартиби амалиётида айрим муаммолар ҳам кузатилмоқда. Жумладан:
• ишга тараф сифатида жалб қилинмаган шахсларни тафтиш инстанциясида ишга жалб қилиш имконининг мавжуд эмаслиги;
• суд ҳужжатларининг етарли даражада асослантирилмаганлиги;
• шикоятларни кўриб чиқиш муддатларининг жуда қисқалиги;
• тафтиш инстанцияси суди биринчи инстанция судида кўриб чиқиш предмети бўлмаган янги талабларни қабул қилмаслиги ва кўриб чиқмаслиги каби омиллар шулар сирасига киради.
Қолаверса, тафтиш инстанциясининг судида:
• ишларни битта иш юритишга бирлаштириш тўғрисидаги;
• талабнинг предметини ёки асосини ўзгартириш ҳақидаги;
• ишда иштирок этишга учинчи шахсларни жалб қилиш ҳақидаги қоидалар мавжуд эмас. Шунингдек, қонунда фақат биринчи инстанция судида ишни кўриш учун белгиланган бошқа қоидалар қўлланилмаслиги каби ҳолатлар борлигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.
Шу муносабат билан тафтиш инстанциясини такомиллаштириш бўйича айрим таклифларимизни билдирамиз.
Биринчи таклиф: судьялар малакасини ошириш курсларида республикадаги тафтиш амалиётини ўргатиш ва таҳлил қилиш.
Иккинчи таклиф: суд қарорларининг таҳлиллари ва статистик маълумотларини оммавийлаштириш, доимий суд амалиёти обзорлари базасини тайёрлаб, электрон шаклда шакллантириб бориш ишларини ташкил қилиш.
Учинчи таклиф: суднинг ҳар қандай босқичида, жумладан, апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияларида ишга жалб қилинмаган тарафларни ишга жалб қилиш имконини берувчи “агар ушбу ҳолат ишни тўғри ҳал қилиш учун зарур ва шарт бўлса” деган аниқ қоидани қонун нормаси сифатида киритиш.
Тўртинчи таклиф: тафтиш тартибида шикоят бериш муддати ўтказиб юборилган тақдирда, ушбу муддатни тиклашда узрли ҳолатларнинг аниқ рўйхати ва энг узоқ муддати чегарасини белгилаш.
Хулоса қилиб айтганда, суд ҳужжатларини тафтиш тартибида қайта кўриш институти фуқаролик судловининг мустаҳкам пойдеворларидан бири сифатида шаклланди. Тафтиш инстанцияси орқали суд қарорларида йўл қўйилган хатоларни тўғрилаш, фуқароларнинг ҳуқуқларини тиклаш, суд адолатини таъминлаш мумкин.
Амалий ва ҳуқуқий жиҳатдан ушбу институтни такомиллаштириш фақатгина суд тизимининг самарадорлигини оширишга хизмат қилиб, жамиятда қонун устувор бўлишини таъминламоқда ва адолатли суд тизимига ишончни мустаҳкамламоқда.
Ушбу омил, шунингдек, одил судловга эришиш даражасини янада оширишга, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўриб чиқилишига, суд қарорларини қайта кўришда ўрта бўғин – вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар имкониятларидан самарали фойдаланишга, фуқароларнинг вақтлари ва судлардаги ортиқча харажатлари тежалишига хизмат қилмоқда.
Икром АЛМАНОВ,
Омон САТТОРОВ,
Тошкент шаҳар судининг
фуқаролик ишлари бўйича
судлов ҳайъати судьялари,
Камолиддин Жалилов,
Судьялар олий мактаби тингловчиси