Click to listen highlighted text!

НАФС ЎПҚОНИ ЁХУД КРЕДИТ МАБЛАҒИНИ ҚАНДАЙ ТАЛОН-ТОРОЖ ҚИЛИШГАНИ ҲАҚИДА

photo_2025-05-20_17-41-54

Қўшкўпир туманида яшовчи Диёр Давлатмуродов (исм-шарифлар ўзгартирилган) тадбиркорлик борасида катта орзу-ниятлар қилиб, 2018 йил баҳор чоғи хонқалик ҳамкори Одилжон Зоҳидовнинг уйига боради-да, замонавий технологиялар ёрдамида иссиқхона мажмуаси барпо этиш ниятида эканини айтади.

Ва ушбу иссиқхонани биргаликда, ўзаро сармоя улуши асосида қуришни таклиф этиб, пайти келганида бу иш катта даромад манбаига айланишини, олинажак соф фойдани корхонани кенгайтириш ёхуд меҳмонхона мажмуасини барпо этишга йўналтириш мумкинлигини таъкидлайди. Чиндан ҳам, таклиф чаккки эмас. Режанинг ижобати катта миқдордаги соф фойдани кафиллайди. Шу боис, О. Зоҳидов иккиланмай янги ҳамкорининг таклифини қабул қилади. Аммо масаланинг муаммоли жиҳати ҳам йўқ эмасди. Яъни режани амалга ошириш учун томонларнинг улуши камлик қилади. Бунинг учун банкдан кредит маблағи олиш керак.

Кредитни эса, тегишли гаровсиз олиб бўлмайди.

Албатта, инсон зоти бундай пайтда чора излайди, имкон ахтаради.

Хайриятки, муаммонинг ечимини топиш кўпам мушкул бўлмади. О. Зоҳидовнинг Тошкент шаҳрида яшовчи қариндоши М. Жумамуродов шерикчилик йўли билан кўрилажак мўмай фойдадан муайян миқдорда улуш олиш шарти билан пойтахтдаги қиймати 700 минг АҚШ долларига тенг 4 минг 285 квадрат метрли ишлаб чиқариш корхонасини кредит таъминоти сифатида гаровга қўйишга розилик билдиради. Аслида, М. Жумамуродов Д. Давлатмуродовнинг бир мулкни иккига дўндиришга қаратилган ваъдаларини эшитиб, рози бўлади.

Қисқаси, О. Зоҳидов, Д. Давлатмуродов, М. Жумамуродов янгидан шаклланаётган “Zarifboy Jaloliddin” масъулияти чекланган жамиятнинг таъсисчилари бўлишди.

Шундан сўнг улар Хонқа тумани ҳокими номига ариза билан мурожаат қилиб, бўлажак иссиқхона учун ер майдони ажратиб беришни сўрашди.

Албатта, ҳокимлик мутасаддилари ҳам эзгуликка йўғрилган бу талабни рад этишмади. Туман ҳокимининг 2018 йил 2 июндаги 973-сонли қарорига биноан, О. Зоҳидов раҳбарлигидаги “Zarifboy Jaloliddin” масъулияти чекланган жамиятга туманнинг Навҳос қишлоғидаги “Илғор” маҳалласи ҳудудидан унумдорлиги 40 балл бонитетига тенг бўлган 5 гектар ер майдони ажратиб берилди. Шунга кўра, ташқи иқтисодий фаолият “Миллий банк”ининг Урганч филиали пойтахтда роппа-роса 700 минг АҚШ долларига баҳоланган ушбу мулк, шунингдек, қурилажак иссиқхонанинг қиймати 115 минг долларга баробар қисмини гаровга қўйиш, бунинг эвазига О. Зоҳидовнинг номига 1 миллион 380 минг АҚШ доллари миқдорида кредит маблағи ажратиш ҳақидаги сўровни рад этмайди. 2018 йил 30 июлда банк ва мижоз ўртасида 396/2018-сонли кредит шартномаси имзоланади.

Д. Давлатмуродов келажакда мўмай миқдорда улуш олишни кўзлаган ҳолда бошланаётган қурилишни зарурий ашё ва конструкциялар билан тўлиқ таъминлаш мажбуриятини ўз зиммасига олади.

Бу борадаги мажбурият О. Зоҳидов томонидан бошқарилаётган “Zarifboy Jaloliddin” масъулияти чекланган жамияти ва Д. Давлатмуродовнинг Россия Федерациясининг Краснодар ўлкасида давлат рўйхатига олинган “Oazis” корхонаси ўртасида 2018 йил 11 июнда имзоланган 0306/18-сонли импорт шартномасида ўз ифодасини топади. Жами 1 миллион 235 минг долларга тенг бўлган кредит маблағи, ўртадаги импорт шартномасига мувофиқ, таъминотчининг ҳисоб рақамига босқичма-босқич ўтказиб берилади.

Ишлар эса, қизигандан қизийди. О. Зоҳидовнинг яқин қариндоши Фарҳод Ортиқов қурилиш жараёнини бошқариш ва унга раҳбарлик қилишни ўз зиммасига олади. Лойиҳа-харажат ҳужжатларида ифодасини топган қурилиш жиҳозларининг тенг ярмидан зиёди бир неча ой ичида етказиб берилади. Аммо ғалати жиҳати шундаки, қурилиш учун узоқ Россиядан олиб келинган ашё ва конструкцияларнинг аксарияти бир хил маҳсулот – металл қувурлардан иборат эди. Бу ҳолат умумий ишга панд бермай қолмади. Аксар ашёлар Д. Давлатмуродовнинг Россиядаги таъминотчи корхонаси тарафидан қурилиш майдонига етказиб берилмагани, етказиб берилганлари эса, сифатсиз экани режаларни чиппакка чиқарди. 2019 йил бошланган қурилиш-пайвандлаш ишлари 2021 йилнинг кузига етганида, бутунлай тўхтаб қолди.

Ажабланарли жиҳати шундаки, бундан О. Зоҳидов ва Д. Давлатмуродов заррачаям ташвиш чекишмайди, аксинча, чала-ярим тикланган бино ва иншоотларни талон-торож қилишга тушишади. Пайвандланган металл конструкцияларни кесиб олиш, пировардида эса, талабгорларга сотиш йўлига ўтишди. Уларнинг асл нияти ҳам шу эди. Кейинчалик аниқланган факт ва далиллар буни яққол исботлади: эзгу мақсад йўлида йирик ҳажмли иссиқхона, пойтахтда меҳмонхона мажмуаларини барпо этиш уларнинг режасидан жой олмагани, аксинча, аввалбошданоқ кўнгилга жо бўлган шум ниятни хаспўшлаш, катта миқдордаги бойликни қўлга киритиш йўлидаги баҳонага дўнгани маълум бўлди. 

Бу борадаги кирдикорлар кўлами эса, кейинчалик ўтказилган тергов ҳамда суд жараёнида яққол бўй кўрсатди. “Oazis” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Д. Давлатмуродов банкдан олинган 1 миллион 235 минг 340 доллар кредит маблағининг 1,1 миллион АҚШ долларини “Zarifboy Jaloliddin” масъулияти чекланган жамият олдидаги мажбуриятларини адо этишга эмас, балки бошқа ғаразли мақсадларга сарфлагани, шунча катта миқдордаги маблағни фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани маълум бўлди. “Zarifboy Jaloliddin” масъулияти чекланган жамиятни бошқарган О. Зоҳидовнинг қилмишлари ҳам анча-мунча “тош” босади. У ҳали қурилмаёқ бузилган иссиқхона ва ундаги жиҳозларни сотиш эвазига жами 1 миллиард 686 минг сўм миқдоридаги кредит маблағини ўзлаштириш йўли билан талон-торож этгани ошкор бўлди.

Тафтиш-тергов тадбирлари асносида 3 гектарлик чала ва сифатсиз қурилган иссиқхонанинг 1,3 гектарида барпо этилган металл конструкциялар ва бошқа ускуналар 2022-2023 йиллар оралиғида бузиб олингани ва Самарқанд ҳамда Фарғона вилоятларидаги харидорларга сотиб юборилгани, божхона ҳужжатларини қалбакилаштириш йўли билан иссиқхона қурилиши учун етказиб берилган айрим камнарх ва сифатсиз асбоб-ускуналарнинг қиймати Д. Давлатмуродов томонидан сезиларли даражада ошириб кўрсатилгани аниқланди.

Шу аснода “Zarifboy Jaloliddin” масъулияти чекланган жамиятга қарашли иссиқхонанинг жами 1 миллион 102 минг 277 доллар миқдоридаги мол-мулки талон-торож қилинган.

Ҳамтовоқлар аввал-бошдан ғараз ниятни кўзлашганини дастлабки ва апелляция босқич судларида фуқаро А. Ёқубов, иссиқхона жиҳозларини мутасаддилар кўрсатмасига биноан мўмай пул эвазига ўз қўли билан бузган, кейинчалик эса, сотиб юборган хонқалик тадбиркор В. Отабоев, банк масъуллари З. Машарипов, С. Болтаев, С. Собиров, таъсисчи М. Жумамуродов, солиқ ва ижро маҳкамаси ходимлари Б. Қувондиқов, Д. Оташев ва бошқа гувоҳларнинг кўрсатмалари ҳам тўлиқ тасдиқлади.

Бу жараёнда масаланинг бошқа бир афсусланарли томони ҳам кўзга ташланди: Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкидан гаров эвазига олинган 1 миллион 235 минг 340 АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағини жойига қайтариш билан боғлиқ ҳолат юзага чиқди.

Давлат маблағи, хусусан, банк кредити еб кетарга берилмайди, аксинча, унинг қатъий ҳисоби ва сўрови бор. Фуқаровий даъвогар Э. Юсупов шу ҳақдаги масалани илгари сурди. Муҳокама асносида бу борадаги тўлов учун масъул бўлган О. Зоҳидов ва Д. Давлатмуродов кредит мабалағини банкка қайтариш имкониятига эга эмаслиги, яна бир тадбиркор М. Жумамуродов эса, ўз “ҳотамтой”лиги ҳамда ҳамкор-шериклари тарафидан содир қилинган жиноий кирдикорларнинг жабрини тортгани, кафолатланган фойдадан улуш олишга қаратилган нияти чиппакка чиққани аён бўлди. Унинг айтишича, “Zarifboy Jaloliddin” масъулияти чекланган жамиятнинг таъсисчиси сифатида ўзининг 30 фоизлик улушига эга бўлган. Аммо ҳамкорларининг жиноий қилмиши оқибатида сариқ чақачалик ҳам фойда ололмаган. Буниси етмагандек, О. Зоҳидов ва Д. Давлатмуродов томонидан олинган кредит маблағи учун Тошкент шаҳрида гаровга қўйилган салкам 4,3 минг квадрат метр майдондаги мол-мулкидан маҳрум бўлишига оз қолди. Аниқроғи, у гаровга қўйилган мол-мулкни дахлсиз сақлаб қолиш учун ўз жамғармасидаги 700 минг АҚШ долларини банкка топширди. Аммо бу миқдордаги гаров пули кифоя эмас.

Барпо этилиши мўлжалланган иссиқхонанинг бир қисми бўйича юзага чиққан 115 минг АҚШ доллари миқдоридаги тўлов мажбурияти ҳам сўзсиз адо этилмоғи шарт. Шу ўринда 2018 йил 30 июлда банк ва мижоз ўртасида имзоланган 396/2018 сонли кредит шартномага кўра, гаров мулки ҳар қандай ҳолат ва вазиятда ҳам, бус-бутун ва дахлсиз сақланиши, унинг қандай ҳолатда сақланаётганини мунтазам равишда назорат қилиб борилиши зарурлигини қайд этиш жоиз. Буни айтишдан мақсад шуки, гаровга қўйилган мулкни назоратдан ўтказиш тадбири 2024 йил май ойи бошида амалга оширилади. Гаров мулкини кўргани борган банк масъул ходими С. Болтаев кутилмаганда ғалати манзаранинг устидан чиқади: гаров мулки сифатида белгиланган қурилма аллақаёққа ном-нишонсиз ғойиб бўлганди… С. Болтаев, табиийки, бундай нохуш ҳолатдан дарров мутасаддиларни хабардор қилади. Банкнинг талаби қатъий бўлди. Аммо гаров мулкини жойига қайтаришнинг имкони йўқ эди. Бу ҳол таъсисчи мақомидаги М. Жумамуродовни яна оёққа қалқитди, у бу гал ҳам масъулиятни зиммасига олиб, 115 минг доллар миқдоридаги гаров мажбуриятини банкка тўлади. Жамиятнинг қолган икки таъсисчиси О. Зоҳидов ва Д. Давлатмуродов эса, бу ҳолни четдан туриб томошабин бўлиб, кузатиб туришдан нарига ўтишмади. Қонуннинг эса, сўрови қатъий.

Тергов ва суд жараёнида барчасига тўлиқ аниқлик киритилди. Айб юки асосан жиноий режанинг фаол ташкилотчиси Д. Давлатмуродовнинг зиммасига тушди. Аслида, бу кимсанинг жиноий кирдикорлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан анча илгари фош этилганди.

Маълум бўлишича, Д. Давлатмуродов 2002 йилда жиноий қилмишлари учун узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Бу янглиғ қисмат охир-оқибатда О. Зоҳидовнинг бошига ҳам ёғилди. У Жиноят кодексининг ўзлаштириш ва талон-торожликка оид 167-моддаси 3-қисми “а” банди бўйича айбдор деб топилди ва тегишли муддатга озодликдан маҳрум этилди. Аммо у дастлабки босқич судининг ҳукмидан норози бўлиб, апелляция судига мурожаат қилди. Унинг шикояти аппеляция судида батафсил кўриб чиқилди. Бироқ юқорида зикр қилинган сохтакорликлар, жиноий кирдикорлар билан мўмай даромад орттиришга қаратилган хатти-ҳаракатларни инкор этувчи далил ва исботлар топилмади. Ана шу асосларга кўра, дастлабки босқич судининг ҳукми ўз кучида қолдирилди.

Жиноий қилмишнинг адолат ва қонунийликка йўғрилган чинакам баҳоси шу бўлди.

Ойбек Маҳмудов,

Хоразм вилояти судининг

 жиноят ишлари бўйича

судлов ҳайъати судьяси,

Абдулла Собиров,

журналист

#thegov_button_682f16ca531c1 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_682f16ca531c1:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_682f16ca531c1 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_682f16ca531c1:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!