Click to listen highlighted text!

ИШГА ТИКЛАНДИ

photo_2025-05-16_12-13-40

Мамлакатимизда қонун устувор. Қонунларимиз эса адолатли, чунки улар фуқароларнинг талаб-истакларидан келиб чиқиб, мустаҳкамланган. Ўз ҳақ-ҳуқуқини билмаган фуқаро эса муаммога учраши табиий ҳол. Афсуски, баъзи корхона-ташкилотлар раҳбарлари ҳам эътиборсизлик, ҳуқуқий билимсизлиги натижасида ишчи-хизматчиларнинг ҳуқуқлари паймол бўлишига сабабчи бўлаётгани ачинарлидир.

“O‘ZBEKSIRK” давлат муассасаси ходими Ботир Тўлаганов (исм-фамилия ўзгартирилган) 20 йилдан буён шу ерда фаолият юритади.

Ўз вазифасига масъулият билан ёндашиши туфайли иш фаолияти давомида бирон марта муассаса раҳбариятининг норозилигига учрамаган. Аксинча, ишхонасида ўз касбининг фидоийси сифатида эътироф этилиб, обрў топган эди. Аммо оилавий режаларини амалга ошириш мақсадида ўз ҳисобидан 3 ойлик таътил оладию, боши муаммодан чиқмай қолади.

Ботир Тўлаганов таътилининг 2 ой муддати ўтгач, маъмурият томонидан огоҳлантирилмасдан ўзининг ишдан бўшатилгани ҳақидаги хабарни эшитади. Аввалига англашилмовчилик бўлгандир, дея ўзини тинчлантиради. Аммо ишхонасига боргач, ҳақиқатан ҳам, меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақида буйруқ чиққанини эшитиб, капалаги учади. Нега? Ҳамиша иш режимига риоя қилган бўлса, сабабсиз иш қолдирмаган бўлса?..

У муассаса раҳбариятига учрайди, ўз ҳуқуқини талаб қилади, ишдан бўшатиш сабабини сўрайди. Маълум бир сабаб топиб беришолмагач, қайта ишга тиклашларини талаб қилади. Аммо унинг бу саъй-ҳаракати самарасиз қолдирилади. Чорасиз қолган Б. Тўлаганов иш берувчининг мазкур буйруғидан норози бўлиб, вазирликка мурожаат қилишга мажбур бўлади. Отангга бор, онангга бор деганларидек, вазирлик ҳам фуқаронинг иш ўрни тикланишига ёрдам бериш ўрнига судга мурожаат қилиши мумкинлигини тушунтирадию, “бу бош оғриқ иш”дан қутилади-қўяди.

Салкам чорак асрдан бери “O‘ZBEKSIRK” ДМда ишлаб, бола-чақасини боқиб, рўзғор тебратаётган собиқ ходим меҳнат шартномасини бекор қилиш ва ишдан бўшатишда қонунчилик талабларига риоя қилинмаганини, ноқонуний тарзда ишдан бўшатилганини баён қилиб, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судига ариза билан мурожаат қилади. Фуқаро суддан жавобгар “O‘ZBEKSIRK” ДМнинг 2024 йилнинг 25 сентябридаги буйруғини бекор қилишни, ишга тиклаш ва мажбурий прогул учун иш ҳақи ундиришни сўрайди.

Суд жараёнида аниқланишича, жавобгарнинг ишончли вакили даъво аризани тан олмасдан, даъвогар ўз ҳисобидан таътил олиш масаласида мурожаат қилиб, муассаса директори томонидан розилик берилмаган ҳолда ўзбошимчалик билан таътилга чиқиб кетганлигини билдирган.

Сабабсиз прогулга йўл қўйгани сабабли манеж бошлиғининг билдиргиси натижасида иш берувчи муассаса раҳбари томонидан киритилган тақдимномага асосан у билан меҳнат шартномасини бекор қилиш масаласи касаба уюшмаси қўмитасининг йиғилишида даъвогар иштирокисиз кўриб чиқилган ва розилик берилганини айтади.

Меҳнат фаолияти даврида ходим Б. Тўлаганов интизомий жавобгарликка тортилмаган ва мунтазам меҳнат интизомини бузиши ҳолатлари суд жараёнида аниқланмаган.

2024 йил 23 июлдан даъвогар ишга келмагани ва хизмат вазифаларини бажармагани сабабли, манеж инспектори томонидан муассаса раҳбариятига санаси кўрсатилмаган билдирги берилган.

Меҳнат кодексининг 165-моддаси биринчи қисмининг 3-бандида иш берувчи ходимнинг айбли ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) муносабати билан у билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти ҳақида камида уч кун олдин муддатда ёзма шаклда (имзо қўйдириб) огоҳлантириш шарти назарда тутилган.

Бироқ жавобгар “O‘ZBEKSIRK” ДМ касаба уюшмаси қўмитаси томонидан даъвогар тегишли тартибда хабардор қилинмаган. Унинг иштироки таъминланмасдан, қўмита аъзолари ва ходимлар иштирокида 2024 йилнинг 23 сентябрида ўтказилган йиғилишда ходим билан меҳнат шартномасини ички меҳнат тартиби қоидаларини бекор қилишга розилик берилган.

Жавобгар “O‘ZBEKSIRK” ДМ раҳбарининг буйруғи билан Меҳнат кодексининг 161-моддаси иккинчи қисмининг 5-бандига асосан, яъни 2024 йил 23 июлдан буён ишга сабабсиз келмагани ва ички меҳнат тартиби қоидаларини қўпол равишда бузганлиги оқибатида Б. Тўлаганов билан тузилган меҳнат шартномаси 2024 йил 25 сентябрдан бекор қилинган. 

Амалдаги тартибга кўра, ходимнинг айбли хатти-ҳаракатлари оқибатида меҳнат шартномасини бекор қилишда иш берувчи меҳнат муносабатлари тугатилиши ҳақида ходимни камида уч кун олдин огоҳлантириши ёки мутаносиб пуллик компенсация тўлаб бериши кўрсатилган. Суд даъвогарни иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатишда амалдаги қонунчилик талабларига риоя қилинмаган, хусусан жавобгар вакили тақдим қилган ходимни ички меҳнат тартиби қоидаларини бир марта қўпол равишда бузиш ҳолатини тасдиқловчи ҳужжатлар мақбул далил ҳисобланмаслигини, ноқононуний ишдан бўшатилиши оқибатида даъвогарнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлигига ҳуқуқий баҳо бериб, даъвогарнинг талабларини қаноатлантириш ва меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқни ғайриқонуний деб топиб, бекор қилишни, даъвогарни ишга тиклаш ҳақида хулосага келган. Суд қарори билан иш берувчи ходим Ботир Тўлагановга 2024 йил 25 сентябрдан 2025 йил 4 апрель кунигача мажбурий прогул учун 23 949 993 сўм иш ҳақи тўлаши ва ишга тиклаш ҳамда иш ҳақи ундириш дарҳол ижрога қаратилиши белгиланди.

Дилноза ШОМАТОВА,

фуқаролик ишлари бўйича

Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси

#thegov_button_6842b31dae561 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6842b31dae561:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6842b31dae561 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6842b31dae561:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!