Click to listen highlighted text!

ТАДБИРКОРЛАР ҲУҚУҚЛАРИНИ СУДДА ҲИМОЯ ҚИЛИШНИНГ ЗАМОНАВИЙ МЕХАНИЗМЛАРИ: ГЕРМАНИЯ ТАЖРИБАСИ

photo_2025-04-15_18-39-50

Мамлакатимизда маъмурий суд иш юритуви янада такомиллаштирилиб, ижобий хорижий тажриба негизида янги институт ва механизмлар жорий этилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 30 январда қабул қилинган “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Шу нуқтаи назардан, маъмурий юстиция ривожланган бир қатор хорижий давлатлар қонунчилиги ўрганилди. Хусусан, Германия маъмурий процессуал қонунчилигига кўра, оммавий иш юритиш тартиби – маъмурий иш юритиш тартибининг шундай турики, унда судга ариза кўп сонли фуқаролар ва ёки тадбиркорлик субъектлари томонидан жамоавий тартибда киритилган бўлади.

Германияда маъмурий судга ариза киритишнинг субъектив ҳуқуқ принципи белгиланган. Унга кўра, судга фақат бевосита ўзининг ҳуқуқи бузилган шахс мурожаат қилишга ҳақли ва у низоли масала қайси ҳуқуқини бузаётганлигини асослаши лозим.

Оммавий иш юритишда эса, бир шахс эмас, балки кўпчилик фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига бирдай таъсир қиладиган масалалар борасида низолашилади. Маҳаллий аҳоли бундай масалаларнинг кўриб чиқилишида “манфаатдор шахслар жамоаси” ҳисобланади.

Бу тоифадаги аризалар кўпроқ экологик ҳуқуқлар, шаҳарсозлик нормалари, оммавий истеъмолчилар ҳуқуқлари, нарх-навони белгилаш, ҳокимиятнинг ижтимоий сиёсати каби масалалар юзасидан келиб тушади.

Германия қонунчилигига кўра, оммавий иш юритиш тартибида иш олиб бориш мезони – судга берилган ариза 50 нафардан ортиқ аризачи томонидан имзоланган жамоавий мурожаат эканлигидир.

Оммавий маъмурий иш юритишнинг бир қатор ўзига хос қоидалари мавжуд. Биринчиси – оммавий эълон бериш орқали иш юритиш қоидаси.

Бунда маъмурий суд, одатда, ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳар бирига шахсан юборадиган чақирув хати ёки бошқа мазмундаги шахсий билдиришномаларни оммавий эълон билан алмаштиради.

Муҳим жиҳати шундаки, судда кўрилаётган маъмурий иш аризачидан ташқари, у каби ўхшаш ҳолатда бўлган бошқа шахсларга ҳам дахл қилса, суд ошкоралик принципини таъминлаш учун кўп сонли жамоат вакилларини ҳам суд мажлисида иштирок этиши учун етарли шарт-шароит яратади.

Бунинг учун кўриладиган масала бўйича суд муҳокамалари бўладиган вақт ва жой ҳақида оммавий ахборот воситалари ёки бошқа манбаларда эълон берилишини таъминлайди. Сайёр суд мажлисларида ҳам ушбу тартибга риоя қилинади.

Башарти, жамоат вакиллари судга босим ўтказиб, суднинг мустақиллиги принципини бузса, уларга нисбатан суд томонидан суд залидан, жойидан чиқариб юбориш, маъмурий ҳибсга олиш, жарима белгилаш каби таъсир чоралари қўлланилади.

Оммавий иш юритишнинг иккинчи ўзига хос қоидаси – жамоавий вакиллик.

Бу қоида аризани имзолаган шахслар сони 50 нафардан ортиқ бўлганда аризачилар ўзларининг ораларидан биттасига ишончнома орқали вакиллик белгилашини назарда тутади.

Ушбу тартибга кўра, суд ишда бевосита процессуал тартибда иштирок этувчи шахслар доирасини чеклашга ҳамда аризачиларнинг ўзлари томонидан танланган ёки суд ўз ташаббуси билан танланган шахсга – аризачилардан бирортасини қолган барчаси номидан иш олиб борувчи вакил сифатида белгилаб олишга ҳақли ҳисобланади.

Германияда айни бир жавобгарга нисбатан айни бир асос ва талаблар юзасидан бир хил мазмундаги, лекин турли аризачилар томонидан алоҳида-алоҳида киритилган кўп сонли аризалар бўйича ўзига хос иш юритув тартиби ҳам мавжуд. Бу – намунавий иш юритиш тартиби, дейилади.

Намунавий иш юритиш тартибига кўра, 20 дан ортиқ бир хил мазмундаги аризадан 1 таси ёки бир нечтаси “намунавий иш” сифатида ажратиб олиниб, биринчи навбатда ана шу намунавий иш ўрганилади ва процессуал тартибда кўриб чиқилади. Қолганлари бўйича эса иш юритуви тўхтатиб турилади.

Намунавий иш атрофлича ўрганиб чиқилгач, ушбу иш мисолида қолган ишлар ҳам намунавий иш доирасида аниқланган барча ҳолатлар ва тўпланган далилларни тайёр қўллаган ҳолда, соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилади ва худди шу натижа билан ҳал этилади. Мазкур ҳолатда 50 та ишнинг ҳар бири бирма-бир тўлиқ кўриб чиқилиши талаб этилмайди.

Ушбу тартиб оммавий низоларни соддалаштирилган, яъни оғзаки суд муҳокамаларисиз тезлаштирилган тартибда кўриб чиқишни таъминлаш учун жорий этилган. Айрим ишларни намунавий иш сифатида танлаш ва қарор қабул қилиш, ўз навбатида, бошқа ўхшаш ишлар бўйича иш юритишни осонлаштиради.

Негаки, у ишларда қарорлар оғзаки суд муҳокамалари ўтказилмасдан, намунавий иш бўйича тўпланган тайёр далилларга ҳавола қилиш орқали соддалаштирилган тартибда қарорлар чиқариш йўли билан ҳал этилади.

Намунавий тартибда иш юритишнинг ижобий жиҳатларидан яна бири – тўхтатиб турилган ишлар бўйича суд харажатлари кам бўлишидир. Чунки мутахассислар, экспертиза харажатлари ва шу кабилар танланган намунавий иш бўйича тарафлар зиммасига юклатилади.

Қолаверса, намунавий иш бўйича талаб рад этилган тақдирда, тўхтатилган қолган ишлар бўйича аризачилар ўз аризалари натижасини олдиндан тахмин қила оладилар. Бу ҳолда улар ўз талабларидан воз кечиш орқали суд харажатларидан халос этилиш имкониятига эга бўлади.

Намунавий иш юритишда дастлабки эшитув босқичи мажбурий ҳисобланади. Боиси, кўп сонли ишлардан айнан қайсиларининг намунавий ишлар сифатида танланиши айнан шу босқичда ойдинлашади.

Башарти, бир нечта намунавий иш бўйича турли инстанцияларнинг қарорлари турлича бўлиб қолса, у ҳолда, тўхтатилган ишлар бўйича иш юритуви намунавий иш бўйича энг юқори инстанция судининг қарори қабул қилинмагунига қадар тўхтатиб турилади. Бу, ўз навбатида, қолган ишлар бўйича суд қарорларининг барқарорлигини таъминлайди.

Намунавий иш бўйича қарор қабул қилиниб, у қонуний кучга киргач, қолган тўхтатилган ишлар бўйича иш юритуви тикланади. Бунда суд соддалаштирилган (ёзма) тартибда иш юритиши мумкин бўлади.

Соддалаштирилган тартибда иш юритишда оғзаки суд муҳокамаси ўтказилмайди. Суд намунавий иш бўйича аниқланган барча ҳолатлар ва далилларни тикланган ишга қабул қилиши, уларга асосланиши ва намунавий иш бўйича чиқарилган қарор билан аниқланган ҳолатларга ҳавола қилган ҳолда суд ҳужжатини чиқариши мумкин.

Башарти, тикланган ишдаги аризачининг важларига намунавий иш бўйича қабул қилинган суд қарорида жавоб топилмаса, у ҳолатда суд соддалаштирилган тартибда иш юритишга ўта олмайди. Балки иш юритиш тикланганидан сўнг иш ҳолатларини ва қўшимча далилларни ўрганиш учун суд муҳокамасини тайинлаши лозим бўлади.

Агар суд тўхтатилган иш бўйича муҳим ва ўзига хос ҳолатлар мавжуд деб ҳисобласа, оғзаки суд муҳокамасига ўтиши ва қўшимча далилларни текшириши мумкин.

Бу борадаги қиёсий тадқиқотлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига “Соддалаштирилган (ёзма) тартибда иш юритиш” ва “Намунавий иш юритиш”га оид қуйидаги қоидаларни ўз ичига олувчи янги бобларни киритиш таклиф этилади:

– Суд тарафлар ва учинчи шахсларнинг розилиги билан, шунингдек, намунавий иш юритиш тартибида кўрилиши тўхтатилиб тикланган маъмурий ишни соддалаштирилган (ёзма) тартибда кўриши мумкин.

– Маъмурий иш соддалаштирилган (ёзма) тартибда кўрилиши ҳақида суд ажрими чиқарилади.

– Бундай иш юритиш тартибида маъмурий иш суд ўз ташаббуси билан талаб қилиб олган ва ишда иштирок этувчи шахслар томонидан тақдим этилган далилларга, шу жумладан, талабга оид ёзма тушунтириш ва эътирозларга ҳам баҳо бериш йўли билан кўрилади. Бунда оғзаки суд муҳокамаси ўтказилмайди.

– Соддалаштирилган тартибда иш юритишда суд ўз ташаббуси билан ишда иштирок этувчи шахслардан тегишли маълумотларни ёки далилларни тақдим этишни ёзма равишда талаб этиши мумкин. Бунда суд ишда иштирок этувчи шахсларга қўшимча далиллар  ва илтимосномалар келтириши мумкин бўлган муддатни белгилайди ва маълум қилади.

– Суд илтимосномаларни кўриб чиққач, уларнинг натижалари ҳақида ишда иштирок этувчи шахсларни ёзма равишда хабардор қилади.

– Тарафлар ва учинчи шахслар иш бўйича суд ҳужжати қабул қилингунига қадар ишнинг соддалаштирилган (ёзма) тартибда кўрилишига берган розилигини қайтариб олишга ҳақли.

– Тарафлар ва учинчи шахслар ишнинг соддалаштирилган (ёзма) тартибда кўрилишига берган розилигини қайтариб олса, суд умумий тартибда иш юритишга ўтади.

– Суд ишни тўғри ҳал этиш учун лозим деб топганда, ишда иштирок этувчи шахсларнинг розилигидан қатъи назар, соддалаштирилган тартибдаги иш юритишдан умумий тартибда иш юритишга ўтишга ҳақли.

– Соддалаштирилган тартибда кўрилган маъмурий иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжати оғзаки ўқиб эшиттирилмасдан, ишда иштирок этувчи шахсларга қонунда белгиланган муддатда ёзма равишда юборилади.

– Соддалаштирилган тартибда кўрилган маъмурий иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжати ушбу Кодекс талабларига жавоб бериши лозим ва унинг устидан умумий тартибда шикоят келтирилиши мумкин.

– Бир судда айни бир жавобгарга нисбатан айни бир асос ва талаб­лар билан мурожаат қилган турли аризачиларнинг ариза ё шикояти бўйича қўзғатилган 10 дан ортиқ маъмурий иш мавжуд бўлганда, бундай ишлар намунавий иш юритиш тартибида кўрилиши мумкин.

– Бунда дастлабки эшитув босқичида бир ёки бир нечта иш намунавий иш юритиш тартибида кўриб чиқиш учун танлаб олинади ва бу ҳақда ажрим чиқарилади. Танланган иш(лар) бўйича суд ҳужжати қабул қилиниб, у қонуний кучга киргунига қадар қолган ишлар бўйича иш юритиш тўхтатиб турилади.

– Тикланган иш бўйича иш юритиш соддалаштирилган тартибда олиб борилиши мумкин.

– Намунавий иш бўйича кассация ёки тафтиш шикояти берилганида, қолган ишлар бўйича иш юритиш ушбу шикоят кўриб чиқилгунига қадар тўхтатилади.

– Намунавий иш доирасида аниқ­ланган ҳолатлар тикланган ишларни кўришда қайта исбот талаб қилмайди.

– Намунавий ишда мақбул далил деб эътироф этилган далиллар тикланган иш бўйича суд ҳужжатини қабул қилишда ҳам инобатга олиниши ва уларга асосланилиши мумкин. Ушбу далилларнинг мақбуллиги шубҳа остига олинишига асос бўлувчи ҳолатлар бундан мустасно.

Юқорида таклиф этилаётган қонун нормаларининг миллий қонунчилигимизга киритилиши бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида жадал кечаётган  экологик, шаҳарсозлик, урбанизация, стратегик аҳамиятдаги замонавий инфратузилмалар яратилишига оид катта кўламли янги лойиҳалар ва ислоҳотлар ҳамда аҳолининг фуқаролик позицияси фаоллашуви жараёнларида жуда долзарб ҳисобланаётган масалалар ва давр  талабларига муносиб ечим бўла олади, деб ўйлаймиз.

Нодира Ҳакимова,

Олий суд судьяси

#thegov_button_6804a709e2968 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6804a709e2968:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6804a709e2968 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6804a709e2968:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!