ОИЛА-НИКОҲ ИНСТИТУТИ ҲУҚУҚИЙ ЖИҲАТДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИЛМОҚДА

Ҳар бир жамиятнинг равнақида унинг бирламчи бўғини бўлмиш оиланинг ўрни беқиёсдир. Оила институти фуқаролик жамиятининг муҳим таянч нуқтаси ва барқарор пойдеворидир. Зеро, айни шу муқаддас даргоҳда инсон дунёга келади, улғаяди, маънан ва ахлоқан тарбия топади.
Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 76-моддасида оила жамиятнинг асосий бўғини ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасида эканлиги кафолатланган. Никоҳ Ўзбекистон халқининг анъанавий оилавий қадриятлари, никоҳланувчиларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқликка асосланади. Давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитларни яратади.
Ўз навбатида, Оила кодексига кўра, никоҳ фақат фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади. Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас.
Оила кодексининг 40-моддаси талабига кўра, никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар эр ёки хотиннинг аризасига биноан судлар томонидан ҳал этилади.
Статистик маълумотлар шуни кўрсатдики, Наманган вилояти фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан 2024 йилда никоҳдан ажратиш бўйича жами 4 минг 505 та иш кўриб, тамомланган. Шундан 4 минг 134 таси бўйича ҳал қилув қарори чиқарилган бўлиб, айни кўрсаткич 2023 йилда 4 минг 232 тани ташкил этганди.
Бошқача айтганда, кўрилган ишлар сони 2024 йилда 2023 йилдагига нисбатан 154 тага, судларнинг ҳал қилув қарорлари асосида никоҳдан ажратиш белгиланган ишларнинг сони эса, 182 тага камайган.
Судларда никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишни кўришда суд эр-хотинни яраштириш, фарзандларнинг келажагини таъминлаш ва оиладаги вазиятни соғломлаштириш чораларини кўришга мажбурлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Яна бир эътиборга молик жиҳат шундаки, эр-хотинни яраштириш чораларини кўришда суд тарафларнинг ёки улардан бирининг илтимосига кўра, улардан бундай таклиф чиқмаган ҳолатда эса, ўз ташаббусига кўра, ишнинг кўрилишини кейинга қолдиришга, эр-хотинга ярашишлари учун Оила кодексининг 40-моддасида кўрсатилган доирада, яъни олти ойгача муҳлат белгилашга ҳақли.
Бу муҳлат мобайнида ҳам оилани сақлаб қолиш масаласи барибир судларнинг эътиборидан четда қолмайди. Қонунчиликка биноан, суд яраштириш учун берилган муддатда эр-хотинни яраштириш мақсадида жамоатчилик асносида қўшимча чора-тадбирларни кўриш учун суд ажрими нусхаларини улар яшайдиган маҳалла фуқаролар йиғинларига юбориши лозим.
Судлар томонидан якуний қарор қабул қилишда никоҳдан ажратиш билан боғлиқ кўрилган ишлар бўйича тегишли маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳузуридаги яраштириш комиссияларининг хулосаларини олиш ҳам муҳим ўрин тутади.
Судьялар никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда асосий эътиборни имкони борича оилаларни сақлаб қолиш билан бир қаторда, бу борада профилактика чора-тадбирларини татбиқ этишга ҳам қаратадилар.
Кейинги пайтда жамиятимизда аёлларнинг оилавий зўравонликка учраши ҳолатлари кузатилмоқда. Ҳуқуқшунос сифатида шуни айтмоқчиманки, оилавий зўравонлик кўринишларига нафақат жисмоний зўравонлик, балки иқтисодий ва маънавий зўравонликлар ҳам киритилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Афсуски, бир жиҳатдан, ҳуқуқий маданият даражасининг етарли бўлмаганлиги оқибатида жамиятимизда аксарият қонунсиз (шаръий) никоҳлар асосида яшаётган аёлларга нисбатан оилавий зўравонлик ҳолатлари қўпроқ содир этилмоқда. Ваҳоланки, қонунсиз никоҳ асосида турмуш қурган аёлларнинг оиладаги ҳуқуқлари бирмунча чекланган бўлади.
Ўз-ўзидан, бу тоифадаги аёллар фарзандларига туғилганлик гувоҳномаларини олишда, уй-жойга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, оила мулкидан мерос олишда муаммоларга дуч келмоқдалар. Шу сабабли никоҳни расмийлаштиришда, албатта, қонунга риоя қилиш муҳим.
Ўрни келганда яна шуни айтиш керакки, қонун томонидан яратилган имкониятлардан бири — никоҳ шартномасини тузишдир. Оилани мустаҳкамлаш кафолати саналувчи ушбу шартномани тузиш орқали эр-хотин ўзининг мулкий ҳуқуқлари ҳимоясини кафолатлайди. Никоҳ шартномаси эр ва хотиннинг мол-мулкига доир ҳуқуқий тартиботни аниқлаштирувчи муҳим ҳужжатдир.
Оилаларни мустаҳкамлаш борасида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси асосида 2024 йил февраль ойидан бошлаб, “Оила судьялари” ташкил этилгани айни муддао бўлди.
Фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туманлараро суди томонидан соҳага оид қонун нормалари, ҳуқуқий ҳужжатлар ва суд амалиётини ўз ичига олган 500 дан зиёд нусхада ҳуқуқий қўлланмалар чоп қилиниб, барча маҳалла фуқаролар йиғинларига тарқатилди. Бундан мақсад — фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, оилавий низоларнинг олдини олиш, никоҳ ва оила муносабатларини мустаҳкамлашдир.
Бу борадаги ишларни келгусида янада кучайтириб борамиз. Зеро, мақсадимиз оилаларни мустаҳкамлаш, уларда соғлом муҳитни вужудга келтириш, янги ижтимоий-иқтисодий шароитларда хотин-қизларнинг манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш, вояга етмаган болаларни ҳимоялашга ҳуқуқий жиҳатдан кўмаклашиш воситасида жамиятимиз равнақига ҳисса қўшишдан иборат.
Бахтиёр Алимжонов,
фуқаролик ишлари бўйича
Янгиқўрғон туманлараро суди судьяси