ҚИНҒИРЛИКНИНГ УМРИ ҚИСҚА

Халқимиз “Меҳнатдан келса бойлик — турмуш бўлар чиройлик” деган ҳикматни бежизга айтмаган. Чиндан ҳам, инсон ҳалол меҳнат қилса, даромад топади ва рўзғорига барака киради, бирон-бир қинғир ишга қўл урмайди.
Ишлайман деган кишига эса, ҳамма вақт иш топилади. Бу — ҳаётий гап.
Афсуски, Ҳазорасп туманида туғилиб ўсган, қирқни қоралаб, ҳаётнинг пасту баландликларини кўрган уч нафар ҳамтовоқлар бу йўлдан бормади.
Бари 2024 йилнинг 19 июль куни туманнинг Паҳлавон Маҳмуд маҳалласида яшовчи Матёқуб Мардонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) уйида уюштирган зиёфатдан бошланди: тўкин дастурхон атрофидаги меҳмоннавозлик Жўрабек Сулаймонов томонидан ўртага ташланган “муҳим масала”нинг муҳокамасига уланди.
Гап мўмай даромад топиб, бир пасда бойиб кетиш хусусида кетди: аввал қўлга илашадиган маблағ топиш керак, деган хулосага келишгач, хонадон эгаси М. Мардонов ҳамтовоқларини ўзига қарашли “90 V 884 BА” рақамли “Матиз” русумли автомашинасида “Баркамол авлод” маҳалласи ҳудудига элтди. Уларнинг барчаси бу манзилни яхши билишарди: бу ерда аксарият хонадонларда қўй-моллар боқиларди. Автомашина шундай хонадонлардан бирининг молхонаси яқинида тўхтади.
Ҳайдовчи М. Мардонов автомашинада қолди, шериклари — Қобил ва Жўрабек эса, аста-аста қадам босиб, молхона томон кетишди. Етиб келгач, қўра эшигини секингина очиб ичкарига киришди. Улар бир бош семиз қўчқорни ипидан етаклаганча ташқарига чиқишди. Сўнг ўғирланган қўйни “Матиз”га ортиб, яна ортга қайтишди. Шумният кимсалар М. Мардоновнинг уйига етиб келишгач, ўғирланган қўчқорни ярим тун бўлишига қарамай сўйиб, гўштининг бир қисмини пиширишди, бир қисмини эса, сотишди… Сотувдан тушган пулни жиноий шериклар ўзаро тақсимлаб олишди.
Ҳамтовоқларнинг биринчи жиноий қилмиши шундай якун топди.
Орадан яна уч кун ўтгач, уларнинг моғорлаган кўнгли тағин ўғирликни қўмсаб қолди. Қобил Жуманов бу гал “ов”га якка ўзи чиқиб, “Ал-Хоразмий” маҳалласида жойлашган каттагина савдо дўконини “нишон”га олди. Чор-атроф тинч, одамлар уйқу оғушида. Қобил яқин-орада ҳеч ким йўқлигидан фойдаланди: дўкон эшигини осонгина бузиб, ичкарига кирди-да, 50 қути “Pall Mall Mix” сигарети ва 5 миллион сўм миқдоридаги нақд пулни ўмариб, воқеа жойидан ғойиб бўлди.
Орадан икки кун ўтгач, тунда у яна жиноий шериги Ж. Сулаймонов билан бирга ўзаро тил бириктирган ҳолда, “ов”га чиқишди. Ҳазорасп тумани буюм бозори ҳудудидан ўтувчи катта йўл бўйида қолдириб кетилган “90 Z 905 EA” рақамли “Нексия” русумли автомашинани ўмаришди: бир зумда унинг салонидаги 480 дона кийим-кечак ва 6 миллион 720 минг сўмни қўлга киритишди.
Одам боласи учун ҳакалак отган нафсни жиловлаш амри маҳол. Қобил Жуманов ҳам шундайлар сирасидан бўлиб чиқди: яна тўрт кундан сўнг тунги соат 3 лар атрофида туман марказидаги Э. Гаёзов кўчасида жойлашган чойхонага, гарчи якка ўзи эса-да, босқин уюштирди. Бино эшигини бузиб, ичкарига кирди-да, “Honor 6X” ва “Sicco” русмли 2 та телефон ускунаси, 200 АҚШ доллари ва 7 миллион сўмни ўмарди. Аммо у бу “ўлжа” билан чекланмай емакхона эгаларининг фуқаролик паспорти ва банк пластик картасини ҳам ғаразгўйлик ниятида олиб кетди.
Аммо бу нопок кимсаларнинг қилмиши узоққа чўзилмади, жабрланувчиларнинг мурожаати асосида уюштирилган кузатув ва назорат тадбирлари ўз самарини берди: уюшган жиноий гуруҳнинг давомли кирдикорлари тўлиқ фош этилди. Ўғрибошининг асл башараси ана шу жараёнда ойдинлашди. Маълум бўлишича, Қобил Жуманов шу пайтгача ўғирлик ва бошқа жиноий қилмишлари учун жами олти марта судланиб, тегишли жазога маҳкум этилган экан. Даставвал жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп тумани судининг 2000 йил 15 майдаги ҳукмига биноан — 8 йилга, 2001 йил 19 ноябрда жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судининг ҳукмига мувофиқ — 4 йилга, 2003 йил 21 ноябрда жиноят ишлари бўйича Боғот туман судининг ҳукмига кўра, 5 йилга, 2006 йилнинг 30 майида жиноят ишлари бўйича Янгиариқ тумани судининг ҳукмига асосан — 2 йилга, 2008 йил 20 майда жиноят ишлари бўйича яна Урганч шаҳар судининг ҳукми бўйича — 5 йилга, 2016 йил 8 июнда Россия Федерацияси Обнинск шаҳар судининг ҳукмига биноан 8 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Кўриниб турибдики, унга нисбатан қўлланилган жазонинг аксари оғир турдаги ўғирлик жиноятлари учун тайинланган. Унинг жиноий шериги, 1979 йилда туғилган Жўрабек Сулаймонов ҳам жиноий қилмишга рўжу қўйганлардан. Бу қабилдаги қора қилмиш муқаддам уни ҳам суд даргоҳига етаклаган: ўзганинг баданига шикаст етказгани учун жиноий жазога тортилган. Афсуски, ушбу жиноий қилмишлардан сўнг бундай қора қисмат 44 ёшли Матёқуб Мардоновнинг ҳам гарданига ёғилди.
Қонун ўзгаларнинг азият чекишига сабаб бўлган қилмишларни асло кечирмайди. Бинобарин, оғир айбларнинг бари шунга монанд тарзда жазо тайинлашни тақоза этади. Тафсилоти ҳукмингизга ҳавола этилган жиноий қилмишлар юзасидан ўтказилган суд жараёнларида барча ҳолатлар синчковлик билан ўрганилди, фуқаровий даъвогарларнинг ўзларига етказилган зарарни қоплаш ҳақидаги мурожаати инобатга олинди.
Судланувчи Қ. Жумановнинг давомли жиноий қилмишлари: муқаддам икки марта қасддан содир қилган жинояти учун 5 йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилингани, Россия Федерацияси ҳудудида янада оғир оқибатли жиноятга қўл ургани алоҳида баҳоланди ва Жиноят кодексининг 34-моддаси 3-қисми “б” бандига асосан, ўта хавфли рецидивист деб топилди. Зеро, оғир жиноий қилмишлардан ўзини тия олмаганнинг жазоси ва адолатнинг яққол намунаси ҳам – шу.
Қонун қилмишнинг содир этилиш жараёнида жиноят қуролига айланган ашёвий далиллар, воситаларга бўлган муносабатни ҳам назарда тутади.
Хусусан, Жиноят-процессуал кодексининг 211-моддасида ифодасини топган ҳолатларга кўра, судланувчига тегишли бўлган жиноят қуроллари мусодара қилинмоғи лозим. Шунга кўра, М. Мардоновга қарашли “Матиз” автомашинаси давлат эгалигига ўтказилди. Давомли жиноий хатти-ҳаракатларни амалга оширганликда айбланган шахслар эса, муқаррар жазога рўпара келдилар. Суд Қ. Жумановни Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди, 227-моддаси 2-қисми “а” банди бўйича — 5 йил-у бир ойга, Жўрабек Сулаймоновни ушбу кодекснинг 169-моддаси 3-қисми “а” бандига мувофиқ, кодекснинг 57-моддасини қўллаган ҳолда, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этди. Яна бир айбланувчи М. Мардонов эса, суд залидан озодликка чиқарилди. Суд уни Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “в”, “г” бандларига асосан, 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилди. Жиноят натижасида етказилган мулкий зиёнларни қоплаш мажбурияти Қ. Жумановнинг зиммасига юклатилди.
Албатта, буларнинг бари ҳақиқат ва адолат қарор топганидан далолат беради. Зеро, шу тариқа, халқимиз топиб айтганидек, қинғирликнинг умри қисқа эканлиги яна бир бор амалда ўз исботини топди. Чиндан ҳам, ўйламай ташланган бетайин қадамлар инсонни ҳамиша аччиқ қисмат домига етаклайди. Буни ҳеч қачон назардан қочирмаслик даркор.
Муродбек Рўзиматов,
жиноят ишлари бўйича
Ҳазорасп тумани суди раиси,
Абдулла Собиров,журналист