ХУСУСИЙ АЖРИМ СУД ҲОКИМИЯТИ ВАЗИФАЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШДА ПРОЦЕССУАЛ ВОСИТАДИР

Мамлакатимизда судларнинг асосий вазифаси фуқароларнинг Конституция ва қонунлар, халқаро шартномаларда, шунингдек, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда кафолатланган ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини, давлат ва жамоат манфаатларини, юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.
Мазкур қоида “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасида белгиланган.
Шу асосда судлар суд ишларини юритишда ўзига берилган қонуний ваколатлар асосида қонунчиликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамиятда қонунга ва судга нисбатан ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантириш каби муҳим вазифаларни ҳам амалга оширади.
Хусусий ажрим эса, қонун ҳужжатлари асосида судларга юклатилган муҳим вазифаларнинг ижросини таъминлашнинг муҳим процессуал воситаларидан биридир. У қонунчилик ҳужжатларини бузилиш ҳолатларига ва уни бузаётган шахсларга нисбатан суд томонидан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чораси ҳисобланади.
Бошқа суд ҳужжатлари каби суднинг қонуний кучда бўлган хусусий ажрими ҳам барча давлат органлари, жамоаат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун бажарилиши мажбурийдир. Хусусий ажримни ижро этмаганлик ва бу ҳақда судга хабар бермаганлик учун қонун ҳужжатларида қатъий жавобгарлик чоралари белгилаб қўйилган.
Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 181-моддасига кўра, мансабдор шахс томонидан суд чиқарган хусусий ажримни (қарорни) кўриб чиқмаслик ёхуд ажримда (қарорда) кўрсатилган қонунни бузиш ҳолларини бартараф этиш чораларини кўрмаслик, худди шунингдек, хусусий ажримга (қарорга) ўз вақтида жавоб бермаганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилиши белгиланган.
Ўз навбатида, Жиноят кодексининг 232-моддасида муайян ҳаракатларни содир этиш ёхуд содир этишдан ўзини тийиш мажбуриятини юкловчи суд ҳужжатини бажаришдан бўйин товлашни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин давом эттириш, шунингдек, суд ҳужжати ижро этилишига тўсқинлик қилиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган.
Суднинг хусусий ажримининг ўз вақтида ва тўлақонли ижро этилиши жамиятда қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ва суд ҳокимияти обрўсини оширишнинг муҳим ва таъсирчан воситасидир.
Иқтисодий процессуал кодекснинг 200-моддасига кўра, ишни кўриш вақтида давлат органи ёки бошқа органнинг, юридик шахснинг, мансабдор шахснинг ёки фуқаронинг фаолиятида қонунчилик ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган тақдирда, уларнинг ишда иштирокидан қатъи назар, суд хусусий ажрим чиқаришга ҳақлидир.
Хусусий ажрим билан суд тегишли органдан ёки мансабдор шахсдан қонунчилик ҳужжатларининг бузилишида айбдор бўлган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалани ўзларининг ваколатига мувофиқ кўриб чиқишни талаб қилиши мумкин.
Хусусий ажрим тегишли давлат органларига ва бошқа органларга, юридик шахсларга, мансабдор шахсларга, фуқароларга юборилади. Улар кўрилган чоралар тўғрисида бир ойлик муддатда судга хабар қилиши шарт.
Мухтасар айтганда, иқтисодий судлар иқтисодий низоларни кўриш жараёнида қонунчилик ҳужжатларининг бузилиши низо билан боғлиқ ёки боғлиқ эмаслигидан қатъи назар, қонунчилик ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган ҳар бир ҳолатда хусусий ажрим чиқаришга ҳақли. Бундан кўзланган мақсад — қонунчилик бузилишига барҳам бериш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва процесс иштирокчиларини ҳуқуқий тарбиялашга қаратилган.
Абдулло Аллаев,
Навоий вилояти суди раиси