АРЗ ҚИЛИНГАН ТАЛАБ ЁКИ ҲОКИМЛИК ЗИММАСИГА ЮКЛАТИЛГАН МАЖБУРИЯТ

Мамлакатимизда аҳолининг ҳеч кимдан кам бўлмаган муносиб даражада турмуш кечиришига устувор вазифа ва бош мақсад сифатида эътибор қаратилиб, бу борада барча имкониятлар яратилмоқда. Айниқса, эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга доир кенг кўламли чора-тадбирлар изчил амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Айтиш керакки, Президентимиз ташаббуси билан сўнгги йилларда юртимизда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, боқувчисини йўқотган хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган шахслар, оғир касалликка чалинганларга ғамхўрлик кўрсатишга қаратилган янги тизим яратилди.
Ушбу тизим ўз мазмун-моҳиятига кўра, фарзандларнинг ота-она бағрида ўсиб-улғайиши, муқаддас оила масканида миллий табиатимизга хос эзгу фазилатларни камол топтиришга қаратилган.
Эртанги кунимиз эгалари, хайрли ишларимизнинг муносиб давомчилари — фарзандларимизга ота-онанинг қуёш нуридек илиқ меҳри, тинч-тотув умргузаронлик қилиш, оқибатлилик ва ҳамжиҳатликни ёшлар онги-шуурига сингдирувчи оила тарбияси керак.
Шу ўринда маълумотларга назар ташлайдиган бўлсак, кейинги йилларда янги тизимга мувофиқ, “Меҳрибонлик уйлари”даги бир ярим минг нафарга яқин ўғил-қизлар оилаларга олинди. 116 та оилавий уй ташкил қилиниб, 700 нафарга яқин фарзандлар ота-она бағрида вояга етишлари учун шароитлар яратилди. Шунинг ҳисобига республикамизда ўнта “Меҳрибонлик уйи”, тўртта “Болалар шаҳарчаси” ва иккита “Болалар уйлари” ёпилди.
Ҳаётда ота-онасидан маҳрум бўлган, шунингдек, қонуний вакилларининг васийлигисиз қолган болалар ҳам учраб туради. Албатта, бундай фарзандлар давлатимиз ҳимояси остида. Улар давлат таъминотидаги муассасаларда ўқиб, тарбияланадилар. Вояга етганларидан сўнг уй-жой билан таъминланиб, ўзлари тарбияланган муассасани тарк этишади.
Яқинда судда “Меҳрибонлик уйи”да тарбияланган опа-сингил Нодира ва Моҳира Халиловалар (исм-шарифлар ўзгартирилди)нинг даъво аризаси кўриб чиқилди.
Воқеа тафсилоти шундай: аризачилар “Меҳрибонлик уйи”да тарбияланган, уларга Навоий шаҳар ҳокимининг 2021 йил 27 декабрдаги “Етим болалар ва ота-оналар қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш тўғрисида”ги 230-5-79-Q/21-сонли қарорига кўра, хизмат ордери ёзиш шарти билан 2 хонали турар-жой ажратилган.
Тўғри, опа-сингиллар бирга яшаганлари яхши. Лекин ўғилми, қизми, вақти етиб, мустақил оила қуради. Икки хонали уйда икки оиланинг биргаликда турмуш кечириши қийин. Шу боис қизлар ҳокимият мутасаддиларига ҳар бирига бир хонали алоҳида-алоҳида уй ажратишни сўраб, икки йил оғзаки мурожаат қилишади. Бироқ уларнинг мурожаати эътиборсиз қолиб кетади.
Ахийри, Нодира Халилова 2024 йил 19 апрелда Навоий шаҳар ҳокимлигига ариза билан мурожаат қилиб, ўзлари яшаётган икки хонали хонадонни иккита бир хонали хонадонга алмаштиришда амалий ёрдам беришни сўрайди.
Унинг бу мурожаати Навоий шаҳар ҳокимлиги томонидан ўрганиб чиқилган. Яъни ҳокимиятнинг 2024 йил 3 майдаги 01-04/372-сонли жавоб хати билан Нодира Халилованинг мурожаати рад қилинган. Бунга икки хонали хонадонни иккита бир хонали хонадонга алмаштириб бериш бўйича меъёрий ҳужжат мавжуд эмаслиги асос сифатида кўрсатилган.
Ўз навбатида, Нодира ва Моҳира Халиловалар ушбу жавоб хати ҳамда ҳокимлик мансабдор шахсларининг ҳаракатларидан норози бўлиб, судга мурожаат қилишди.
Айтиш керакки, суднинг ҳал қилув қарори билан аризачиларнинг талаби қаноатлантирилди. Жавобгар — Навоий шаҳар ҳокимлиги мансабдор шахсларнинг Н. Халилова ва М. Халиловага берилган икки хонали уйни иккита бир хонали уйга алмаштириб беришни рад этишда ифодаланган хатти-ҳаракатлари қонунга хилоф деб топилди. Шунингдек, Навоий шаҳар ҳокимининг 2021 йил 27 декабрдаги низоли 230-5-79Q/21-сонли қарорининг аризачиларга оид қисми ҳақиқий эмас, деб топилди.
Суднинг бундай тўхтамга келишига Президентимизнинг 2021 йил 9 августдаги “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тўлиқ асос бўлди. Чунки ушбу қарорнинг 2-банди а)-кичик бандида етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга уй-жойлар мулк ҳуқуқи асосида, бироқ улар 30 ёшга тўлгунга қадар уй-жойни сотиш, ҳадя қилиш ёки гаровга қўйиш ёхуд ижарага бериш ҳамда уй-жойда ўзи ва оила аъзолари (эри ёки хотини, фарзандлари)дан ташқари бошқа фуқароларни доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш ҳуқуқисиз ажратилиши алоҳида қайд этилган.
Шунингдек, мазкур ҳужжатда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш жараёнидаги тақиқлар ҳам аниқ-тиниқ кўрсатилган. Бунга кўра, битта кўп квартирали уй-жойнинг ҳар бир кириш йўлагидаги квартираларда бир нафардан ортиқ етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштириш, шу каби икки ва ундан ортиқ етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун кўп квартирали уй-жойдан битта квартира ажратиш (улар ўртасида никоҳ тузилган ҳоллар бундан мустасно) мумкин эмаслиги белгиланган.
Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатдан кўриниб турибдики, Н. Халилова ва М. Халиловага икки хонали эмас, балки уларнинг ҳар бирига алоҳида-алоҳида бир хонали квартира (уй-жой) мулк ҳуқуқи асосида ажратилиши керак эди. Лекин шаҳар ҳокимлиги томонидан аризачиларга низоли ҳоким қарори билан битта икки хонали квартира (уй-жой) хизмат ордери ёзиш шарти билан ажратилган. Бу билан уларнинг қонуний ҳуқуқлари бузилган.
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 189-моддаси иккинчи қисмида, “… суд устидан шикоят қилинаётган қарор ёки унинг айрим қисмлари ёхуд ҳаракатлар қонунчиликка зид эканлигини ҳамда аризачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузаётганлигини аниқласа, қарорни ёки унинг айрим қисмларини ҳақиқий эмас ёхуд ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади” дея қайд этилган.
Шу боис суд Президент қарори ҳамда қонунда белгиланган талабдан келиб чиқиб, аризачиларнинг талабини қаноатлантирди. Жавобгар — шаҳар ҳокимлиги зиммасига Н. Халилова ва М.Халилова “Меҳрибонлик уйи”да тарбияланганликлари сабабли, Президентимизнинг 2021 йил 9 августдаги 5216-сонли қарори талаблари асосида уларнинг ҳар бирини алоҳида-алоҳида доимий уй-жой билан таъминлаш мажбурияти юклатилди.
Мухтасар қилиб айтганда, юртимизда эҳтиёжманд оилаларга кўрсатилаётган кенг қамровли ғамхўрликлар мамлакатимизда Конституция ва қонунларимизнинг устуворлиги, инсонпарварлик, халқпарварлик ҳамда демократик тамойиллар ҳамиша бардавом эканлигининг ёрқин исботидир.
Давлат БОБОНОРОВ,
Навоий вилояти
маъмурий судининг судьяси,
Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ, журналист