СУДНИНГ АДОЛАТЛИ ҚАРОРИ НОҲАҚЛИК ВА ДИЛХИРАЛИКЛАРГА БАРҲАМ БЕРДИ

Қўшработлик Икром Мардиқулов (исм-шарифлар ўзгартирилди) ташвишли бир воқеани бошидан ўтказди.
Гап шундаки, у туманнинг “Оқтепа” ҳудудидан ўғлининг номига янги уй-жой қурганди. 2024 йил 11 ноябрь куни Кадастр агентлиги туман бўлими мутахассислари мониторинг ўтказиб, 5567-контурда 348 квадрат метр ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, деган хулосага келишади ва ушбу ҳолат бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузишади.
Аммо И. Мардиқулов қўлидаги мавжуд ҳужжатларни кўрсатиб, мулк эгаси унинг ўғли Олмос Бердиқулов эканлигини қанча тушунтирмасин, унинг сўзларига ҳеч ким қулоқ солмайди. Аксинча, 2024 йилнинг 26 ноябрь куни Кадастр агентлиги туман бўлими бошлиғи Б. Суюновнинг маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорига асосан И. Мардиқуловга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси 3-қисми бўйича 56 миллион 250 минг сўм жарима жазоси тайинланади.
Албатта, бундан И. Мардиқулов норози бўлади ва судга мурожаат қилади.
Шу ўринда табиий савол туғилади: хўш, ким ҳақ, кадастр агентлиги мутахассисларими ёки ҳуқуқбузар деб топилган И. Мардиқулов?
Бу саволга судда тўлиқ ойдинлик киритилди.
Бу ҳақида фикр юритганда, шуни айтиш керакки, 2020 йилда Самарқанд вилояти ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг Қўшработ тумани филиали томонидан кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқ эгаси сифатида И. Мардиқуловнинг ўғли Олмос Икром ўғли номига кадастр йиғма жилди тайёрланган. Ҳужжат ўша пайтдаги филиал раҳбари Ф. Қўчқаров, филиал бош муҳандиси С. Эшмаматов ва ижрочи М. Абдуазизов томонидан имзоланган ҳамда филиал муҳри билан тасдиқланган. Кадастр йиғма жилди тайёрланган пайтда ушбу ер майдонида бир хонали уй ва битта ёрдамчи хона бўлган.
Судда Кадастр агентлиги Қўшработ тумани бўлими бош инспектори, гувоҳ Н. Толибованинг кўрсатмаси масалага янада аниқлик киритди.
2020 йилда ушбу кўчмас мулк объектига кадастр йиғма жилди тайёрланган бўлса-да, ушбу ҳужжатдаги ер участкасининг кадастр рақами электрон дастурга киритилмаган. Мониторинг ўтказиш пайтида ҳужжатда ёзилган кадастр рақами базада мавжуд бўлмаган. Шу сабабли, бино ноқонуний қурилган деб топилган. Иморатлар расмийлаштирилган кўчмас мулк объектига кадастр йиғма жилди ҳужжати доирасида қурилган, четга чиқилмаган.
Маълумки, амалдаги қонунчиликда ерга нисбатан ўзбошимчалик билан муносабатда бўлиш тегишли жавобгарликни келтириб чиқариши аниқ белгилаб қўйилган. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси 3-қисмида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, ажратилган ер участкасига туташ бўлган ва туташ бўлмаган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга оширганлик учун жавобгарлик назарда тутилган. Унга кўра, ҳуқуқбузар ўзбошимчалик билан эгаллаб олган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга ошириш бўйича ҳаракатлар содир этаётганини англайди ва бу ҳаракатни содир этишни хоҳлайди.
Мазкур кодекснинг 11-моддасида эса, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс ўз ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги ғайриҳуқуқий эканлигини билган бўлса, унинг зарарли оқибатларига кўзи етган, юз беришини истаган бўлса ёки бу оқибатларнинг келиб чиқишига онгли равишда йўл қўйган бўлса, бундай маъмурий ҳуқуқбузарлик қасддан содир этилган деб ҳисобланиши қайд этилган.
Юқорида қайд этилганлардан кўринадики, И. Мардиқулов ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасида қурилиш ишларини амалга оширмаган. Чунки 2020 йилда Кадастр агентлиги Қўшработ тумани филиали томонидан кўчмас мулк объектига кадастр йиғма жилди тайёрланган ва 2024 йил 11 ноябрь куни маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома тузилганига қадар И. Мардиқулов ушбу ерни ўғли О. Бердиқуловники деб ҳисоблаган ҳамда қурилиш ишларини амалга оширган.
И. Мардиқуловнинг ҳаракатларида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга оширишга қаратилган қасд, шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси 3-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик таркиби мавжуд эмас.
Шу сабабли, суд Кадастр агентлиги Қўшработ тумани бўлими раҳбарининг 2024 йил 26 ноябрдаги QSAM 2424105697037-рақамли маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорини бекор қилди. И. Мардиқуловнинг ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломати йўқлиги сабабли, ишни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддаси биринчи бандига асосан, иш юритишдан тўхтатди.
Юқорида баён қилинган воқеа давлат идоралари ходимлари ўз фаолиятида ўта эътиборли бўлиши лозимлигини, шошмашошарлик билан иш тутиш оқибати қимматга тушишини кўрсатади.
Ўрни келганда шуни айтиш жоизки, И. Мардиқулов бу ташвиш бошига тушганда, довдираб қолмай қонуний йўл тутди, ушбу низога ойдинлик киритишни сўраб, судга мурожаат қилди. Гувоҳи бўлганингиздек, суднинг адолатли қарори ноҳақликка ва бир оила аъзоларининг дилхираликларига барҳам берди.
Баҳодир АҲМЕДОВ,
жиноят ишлари бўйича
Қўшработ тумани судининг
тергов судьяси