ЕР УЧАСТКАЛАРИДАН САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШ МЕХАНИЗМЛАРИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛМОҚДА

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ер ресурсларидан оқилона ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш, ерларни ноқонуний эгаллаб олишнинг олдини олиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Бироқ айрим ҳудудларда ер қонунчилигига риоя қилмаслик, жумладан, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ва ноқонуний қурилмалар қуриш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Бу эса, ўз навбатида, айни соҳада давлат назоратини янада кучайтиришни тақозо этади.
Прокуратура, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ваколатли давлат органлари томонидан жойларда ер тўғрисидаги қонунчиликнинг ижроси ўрганилганда, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш, улардан ноқонуний фойдаланиш ва сотиш, кадастр ҳужжатларини сохталаштириш, аукцион савдоларига сохта маълумотлар киритиш орқали ер участкаларини қўлга киритиш каби қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган.
Бу борада Президентимиз томонидан 2024 йил 15 ноябрда имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ер участкаларидан самарали фойдаланиш, соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун алоҳида аҳамиятга эга.
Қонунда ер тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузганлик билан боғлиқ қилмишлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чораларининг кучайтирилиши, шунингдек, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш каби жиноятлар прокуратура органларининг терговига тааллуқлилиги алоҳида белгилаб қўйилди.
Ушбу қонун билан Жиноят кодексига киритилган ўзгартишларга кўра, ер участкалари ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги учун, агар худди шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, ушбу кодекснинг 229-1-моддаси биринчи ва иккинчи қисмлари санкциясидаги жавобгарлик чоралари тегишинча, беш йилгача озодликни чеклаш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш, беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан кучайтирилди.
Жиноят кодексининг ер бериш тартибини бузиш учун жавобгарликни назарда тутувчи 229-4-моддасига ҳам тегишли ўзгартиришлар киритилди.
Яъни ер бериш тартибини бузиш жинояти учун, агар шундай ҳаракат учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, Жиноят кодексининг 229-4-моддаси биринчи ва иккинчи қисмлари санкциясидаги жавобгарлик чоралари тегишинча, бир йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш, беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан кучайтирилиб, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, шундай жиноятнинг содир этилиши оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланиши белгиланди.
Шунингдек, ерга оид қонун бузилиши ҳолатлари учун маъмурий жавобгарлик чоралари кучайтирилди. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси иккинчи қисми билан ер участкалари ўзбошимчалик билан эгаллаб олинса, шу жумладан, ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда улардан фойдаланилса, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг — ўттиз баравари, мансабдор шахсларга эса, етмиш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу Кодекснинг 60-моддаси учинчи қисмига биноан, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, ажратилган ер участкасига туташ бўлган ва туташ бўлмаган ер участкаларида қурилиш ишлари амалга оширилса, фуқаролар базавий ҳисоблаш миқдорининг — икки юз баравари, мансабдор шахслар эса, тўрт юз баравари миқдорида жаримага тортилади.
Шу билан бир қаторда, қонунга асосан Фуқаролик процессуал кодекси ва Иқтисодий процессуал кодекс ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, давлат мулкида бўлган ер участкасини қайтариш, ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиб ташлаш тўғрисидаги ишлар бўйича алоҳида иш юритилишини назарда тутувчи янги 23-2-боб билан тўлдирилди.
Илгари бу борада фуқаролик ва иқтисодий ишларни суд муҳокамасига тайёрлаш учун 10 кун, ишларни судда кўриб чиқиш ва ҳал қилиш учун 30 кун, қабул қилинган ҳал қилув қарорининг қонуний кучга кириши учун яна 20 кун вақт талаб этилар эди. Битта ноқонуний қурилмани буздириш ҳақидаги суд ҳал қилув қарорининг қонуний кучга кириши ва ижрога қаратилиши 80 кун муддатни ташкил қиларди.
Муддатларнинг бундай узоқ белгиланганлиги ноқонуний қурилиш бошланган вақтда аниқланган тақдирда ҳам, суднинг ҳал қилув қарори ваколатли ижро органига келиб тушгунига қадар ушбу қурилишнинг давом эттирилишига шароит яратилиб, келгусида унинг бартараф қилинишида муайян қийинчиликларни келтириб чиқарарди.
Шу боис, юқорида қайд этилган қонун билан ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларини қайтариш ва бундай ер участкаларида қурилган уй-жой, бино, иншоот ёки бошқа кўчмас мулк объектларини бузиш бўйича ишларни қисқартирилган муддатларда кўриб чиқиш тартиби белгиланди.
Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларини қайтариш ва бундай ер участкаларида қурилган уй-жой, бино, иншоот ёки бошқа кўчмас мулк объектларини бузиш бўйича ишларни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш тизими жорий этилганлиги ҳамда судларда ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш мақсадида, бундай ишлар бўйича даъво аризасига илова қилинадиган ҳужжатлар рўйхати аниқ қайд этилди.
Бундай ишларни судларда кўриб чиқишнинг ўзига хос хусусиятлари бир неча ҳолатларда яққол намоён бўлади:
биринчидан, иш даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан эътиборан йигирма кундан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилади;
иккинчидан, жавобгар ёки унинг вакили томонидан даъво аризаси юзасидан имзоланган ёзма фикр даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан эътиборан ўн беш кунлик муддатда судга, асосланаётган ҳужжатлар ва далиллар илова қилинган ҳолда, тақдим этилиши мумкин ва унга ёзма фикрнинг кўчирма нусхаси даъвогарга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат, вакил томонидан имзоланган ёзма фикрга ишончнома ҳам илова қилинади;
учинчидан, даъво аризасининг судга юборилиши тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган жавобгар томонидан даъво аризаси юзасидан ёзма фикр тақдим этилмаганлиги даъво аризасини кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди;
тўртинчидан, бундай иш бўйича келишув битими ёки медиатив келишув тузилишига йўл қўйилмайди.
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, давлат мулкида бўлган ер участкасини қайтариш тўғрисидаги даъво талаби қаноатлантирилганда, суд ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида, ушбу кодексларда назарда тутилган маълумотлардан ташқари, қайтарилаётган ер участкасининг майдони ва жойлашган жойи (манзили), ер участкаси тасарруфига қайтарилаётган давлат органи ҳам кўрсатилиши лозим.
Ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиб ташлаш тўғрисидаги даъво талаби қаноатлантирилганда эса, суд ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида ушбу кодексларда кўрсатилган маълумотлардан ташқари ўзбошимчалик билан қурилган иморатнинг манзили ва тавсифи, бузилиши лозим бўлган иморат ҳам кўрсатилиши керак. Агар ушбу талаблар биргаликда билдирилган ва улар қаноатлантирилган бўлса, у ҳолда, суд ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида юқорида кўрсатилган маълумотлар қайд этилади.
Суднинг ҳал қилув қарори, агар апелляция шикояти (протести) берилмаган бўлса, у қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ўтгач, қонуний кучга киради.
Яна бир эътиборли жиҳат: бундай иш бўйича суд ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхаси у қабул қилинганидан кейин уч иш куни ичида суд томонидан ишда иштирок этувчи шахсларга юборилади ёки тилхат асосида топширилади. Башарти, ушбу шахсларнинг электрон манзиллари мавжуд бўлса, у ҳолда, ҳал қилув қарори электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин.
Шундай қилиб, эндиликда ноқонуний қурилмани буздириш ҳақидаги суд ҳал қилув қарорининг қонуний кучга кириш ва ижрога қаратиш муддати 80 кундан 40 кунга қисқартирилди.
Суднинг ҳал қилув қароридан норози бўлган тақдирда, ишда иштирок этувчи шахслар, қонунда назарда тутилган ҳолларда прокурор, шунингдек, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар, унинг устидан апелляция шикояти (протести) ҳал қилув қарори қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида берилиши мумкин ва иш апелляция шикояти (протести) судга келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида кўриб чиқилади.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин, апелляция тартибида кўрилмаган ҳал қилув қарори устидан белгиланган муддат ичида умумий тартибда кассация шикояти (протести) берилиши мумкин.
Апелляция ёки кассация инстанцияси судининг қарори устидан белгиланган тартиб ва муддат ичида тафтиш тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
Шу билан бирга, “Давлат божи тўғрисида”ги қонуннинг 8 ва 9-моддалари биринчи қисмлари маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фуқаролик ишлари бўйича судларда ва иқтисодий судларда ер тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги билан боғлиқ даъволар бўйича Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига давлат божини тўлашдан озод этилишини назарда тутувчи тегишинча, 22-1 ва 37-1-бандлар билан тўлдирилди.
Мазкур қонун нормаларининг иккинчи қисмларига киритилган қўшимчаларга кўра, ушбу шахсларнинг талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда, давлат божи шу шахсларнинг ўзидан талабларининг қаноатлантирилиши рад этилган миқдорига мутаносиб равишда ундирилади. Шу маънода, ушбу қонун талаби маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан судларга асоссиз равишда даъво аризалари тақдим этилишининг олдини олишга қаратилгандир.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу қонун ер участкаларидан самарали ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш механизмларини такомиллаштиришга, уларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ва ўзбошимчалик билан иморатлар қуриш ҳолатларининг олдини олишга, ер тўғрисидаги қонунчилик бузилиши билан боғлиқ қилмишларни содир этганлик учун қўлланиладиган таъсир чораларининг мутаносиблиги ва етарлилиги принципларини таъминлашга хизмат қилади.
Иброҳим Алимов,
Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари –
иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси