МАЪМУРИЙ СУД ИШЛАРИНИ ЮРИТИШ БОРАСИДАГИ ҚОНУНЧИЛИКНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ – ДАВР ТАЛАБИ

Аввало шуни қайд этиш керакки, 2018 йил 1 апрелдан Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг қабул қилиниши маъмурий судларнинг процессуал фаолиятини тартибга солишнинг муҳим ҳуқуқий асоси бўлди.
Ўтган йиллар давомида, суд амалиёти тақозо этган ҳолатларни инобатга олган ҳолда, ушбу кодексга бир қатор муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, маъмурий судлар томонидан ҳал этиладиган ишлар доираси кенгайтирилди.
Яъни маъмурий судлар инвестиция низолари бўйича, рақобат тўғрисидаги, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган талаблар бўйича ундириш сўзсиз тартибда амалга ошириладиган ижро ҳужжати ёки бошқа ҳужжат устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни ҳал этиши белгиланди. Шунингдек, келишув битими тузиш институти амалга жорий этилди.
Бугунги кунда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳимояси кафолатларини янада ошириш, ўз навбатида, бу борада халқаро ҳуқуқ ва амалиётлардан кенг фойдаланишни тақозо этмоқда.
Президентимизнинг 2025 йил 30 январда қабул қилинган “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори айнан шу мақсадга қаратилган.
Қарорга кўра, маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари сифатида:
• давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ва самарали ҳимоя этилишини устувор равишда таъминлаш;
• фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тиклашда суднинг фаол иштироки принципини қўллаш механизмларини кенгайтириш;
• давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш;
• маъмурий суд ишларини юритишда низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш;
• фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш орқали аҳолининг суд тизимига бўлган ишончини янада ошириш;
• давлат органлари томонидан суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмларини тўлиқ жорий этиш;
• маъмурий юстиция тизими ривожланган давлатлар тажрибаси асосида маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштириб бориш каби муҳим масалалар белгиланди.
Шу ўринда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ва маъмурий суд ишларини юритишда низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш ҳам айни соҳанинг мустақил йўналишларидан бири этиб белгилангани алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлаш жоиз. Чунки маъмурий судлар фаолиятининг пировард мақсади нафақат давлат органлари ва улар мансабдор шахслари фаолиятида содир этилган қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан қарорлар қабул қилиш, балки келгусида ҳам бундай ноқонуний ҳолатлар рўй беришининг олдини олишдан иборатдир.
Мазкур йўналишни бошқа ихтисослаштирилган судлар фаолиятидаги суд назорати билан муқояса қилиш мумкин. Хусусан, жиноят ишлари бўйича судлар фаолиятида дастлабки тергов устидан суд назорати тушунчаси мавжуд бўлиб, унга кўра, суд томонидан суриштирув ва дастлабки тергов органлари фаолиятида қонунларга риоя этилиши устидан назорат олиб бориш ва уни таъминлаш бўйича муайян механизмлар яратилган ва ҳозирда амалиётда муваффақиятли қўлланилмоқда.
Маъмурий судлар фаолияти эса, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат бошқаруви органлари, маъмурий ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органлар, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари ё ҳаракатсизлигининг қонунга мувофиқлигини ўрганиш билан бевосита боғлиқдир. Шу маънода, маъмурий судларда суд назоратининг предмети мазкур маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг фуқаролар ва юридик шахслар, жумладан, тадбиркорлик субъектлари билан муносабатларида қонун устуворлиги тамойилига қатъий риоя этилиши, уларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган эркинликларига дахл қилмаслигини таъминлаш эканлиги англашилади.
Маъмурий суд ишларини юритишда низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш давлат органлари ва улар мансабдор шахсларининг фаолиятида йўл қўйилган қонунбузилиши ҳолатларини ортиқча сансалорликларсиз ўз вақтида бартараф этишга хизмат қилади.
Бу, биринчидан, фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини ўз вақтида тикланишини таъминласа; иккинчидан, маъмурий судларни бевосита суд аралашувисиз ҳам ҳал этилиши мумкин бўлган низоларни кўришдан холи қилиш асносида уларнинг иш юкламасини камайтиради.
Буларнинг барчаси, шубҳасиз, маъмурий судга тааллуқли бўлган ишларни синчковлик билан кўриш, иш сифати ва самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлади.
Қарорда маъмурий судлар фаолияти самарадорлигини ошириш, уларнинг давлат органлари ва улар мансабдор шахслари фаолиятида қонунчиликка риоя этилишини таъминлашга оид маъмурий судлар фаолиятига жорий этиш ҳақидаги таклифларга розилик берилган.
Мазкур таклифларда:
• қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлик) устидан шикоят қилинаётган давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили суд мажлисида мажбурий иштирок этишини таъминлаш;
• маъмурий суд иш юритувида ишларнинг тезкор ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлашга ҳамда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қўшимча имкониятлар яратишга қаратилган дастлабки эшитув институтини жорий этиш назарда тутилган.
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 188-моддасида маъмурий органлар, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги иш устидан шикоят қилинаётган қарорни қабул қилган ёки устидан шикоят қилинаётган ҳаракатни (ҳаракатсизликни) содир этган орган ёки мансабдор шахснинг вакиллари иштирокида кўриб чиқилиши, мансабдор шахснинг вакиллари суд мажлисига келишини суд мажбурий деб топиши ва уларни тушунтиришлар бериш учун суд мажлисига чақириши белгиланган.
Бу қоидадан кўриниб турибдики, амалдаги кодексда айнан давлат органи мансабдор шахсининг суд мажлисида мажбурий иштирок этишини таъминлаш назарда тутилмаган. Келгусида мансабдор шахснинг шахсан ўзи ҳам суд мажлисида мажбурий иштирок этишини таъминлаш масаласининг ҳал этилиши уларнинг фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қиладиган қарорлар қабул қилишда қонунчилик талабларига қатъий риоя қилиши борасидаги масъулиятини сезиларли даражада оширади.
Маъмурий судлар фаолиятида янги институт – дастлабки эшитув институти жорий этилиши ҳам муҳим амалий аҳамиятга эга. Бинобарин, дастлабки эшитув институти жиноят ишлари бўйича судлар фаолиятига 2021 йил февраль ойида жорий этилган ва ҳозирги кунда самарали қўлланилмоқда.
Шу ўринда табиий савол туғилади: дастлабки эшитув институти қандай процессуал жараён ва унинг мақсади нималардан иборат?
Дастлабки эшитув институтининг мақсади — суд мажлисида йўл қўйилиши эҳтимоли бўлган процессуал қонунбузилишларининг олдини олиш ва маъмурий ишни суд мажлисида мукаммал кўриш учун тайёрлашдан иборат.
Маъмурий суд иш юритувида дастлабки эшитув қонунда назарда тутилган ҳолларда ўтказилади. Дастлабки эшитувда аризачининг талаблари ва жавобгарнинг эътирозлари аниқлаштирилади, аризадаги камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилади, талабларни исботлаш учун аризачига зарур далилларни ҳамда жавобгарга фикрни ёзма равишда тақдим этиш бўйича тушунтиришлар берилади. Шу маънода, дастлабки эшитувни ишни суд муҳокамасига тайёрлаш сифатида кўриш мумкин.
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг аксарият нормалари фуқаролик процессуал қонунчилиги нормаларига монанд равишда қабул қилинган бўлса-да, ишни суд муҳокамасига тайёрлаш босқичига оид нормалари етарлича пухта баён этилмаган, хусусан, ишни судда кўришнинг мақсад ва вазифалари белгилаб берилмаган.
Қонунчиликдаги бундай бўшлиқни бартараф этиш мақсадида, Олий суд Пленумининг 2018 йил 19 майдаги “Маъмурий суд ишларини кўришда биринчи инстанция суди томонидан процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорида тегишли тушунтиришлар берилган бўлишига қарамай, бу нормаларнинг айнан процессуал қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйилиши мақсадга мувофиқ бўлади.
Бундан ташқари Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 141-моддасида суд муҳокамаси ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан эътиборан бир ойдан ошмаган муддатда тугалланиши белгиланган бўлиб, ишни суд муҳокамасига тайёрлаш учун алоҳида муддат назарда тутилмаган.
Ҳолбуки, Фуқаролик процессуал кодексида фуқаролик ишларини суд муҳокамасига тайёрлаш ариза қабул қилинган ва фуқаролик иши қўзғатилган кундан эътиборан ўн кунлик муддатдан кечиктирмай амалга оширилиши, алоҳида ҳолларда, бу муддат ўта мураккаб ишлар бўйича судьянинг асослантирилган ажримига биноан йигирма кунга узайтирилиши белгиланган.
Маъмурий ишларни судга тайёрлаш учун алоҳида процессуал муддат кодексда назарда тутилмаганлиги ишларни суд муҳокамасига тайёрлаш учун етарли имкон бермайди. Ишни суд муҳокамасига тайёрлашнинг пухта ўтказилмаслиги эса, суд муҳокамаси ва қабул қилинган суд ҳужжатининг сифатига салбий таъсир этиши мумкин.
Дастлабки эшитув ариза судга келиб тушган кундан эътиборан 20 кундан кечиктирмай ўтказилиши ва ушбу муддатни суд муҳокамаси учун белгиланган муддатга киритилмаслиги қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйилиши маъмурий ишларни суд муҳокамасига пухта тайёрлаш, суд муҳокамасини сифатли ўтказиш, иш юзасидан қонуний ва асослантирилган суд қарорлари қабул қилинишида муҳим омил бўлади.
Президент қарорида маъмурий судга низоларни ҳал этиш жараёнида судга ҳурматсизлик қилиниши ва суднинг хусусий ажрими бўйича чоралар кўрмасликка оид ҳуқуқбузарликлар аниқланганда, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриш ваколатини бериш назарда тутилган. Бу билан ҳам маъмурий судлар фаолиятини тартибга солувчи процессуал қонунчиликдаги бўшлиқ тўлдирилмоқда.
Чунки Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс амалга киритилган даврда маъмурий судлар нафақат оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий ишларни, балки маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни ҳам кодексда белгиланган асос ва тартибларда кўриш ваколатига эга бўлган.
Ўз навбатида, 2021 йилдан бошлаб маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш жиноят ишлари бўйича судлар ваколатига ўтказилгач, маъмурий судларнинг низоларни ҳал этиш жараёнида судга ҳурматсизлик қилиниши ва суднинг хусусий ажрими бўйича чоралар кўрмасликка оид ҳуқуқбузарликлар аниқланганда, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриш ваколати қонунчиликда ўзининг аниқ ечимини топмай қолди. Суд амалиётидаги ушбу муаммо қонунчилик доирасида ҳал этилиши маъмурий судлар томонидан зарур ҳолларда ушбу механизмдан фойдаланиш имконини беради.
Хулоса ўрнида Олий суд, Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Савдо-саноат палатасининг ишончнинг ҳимоя қилиниши принципини Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексда алоҳида белгилаш ҳақидаги таклифи маъқуллангани ва маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш концепцияси тасдиқланганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Табиийки, ушбу ҳужжатларнинг ижросини таъминлаш келгусида маъмурий судлар фаолиятида процессуал қонунчиликни тўғри қўллаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари билан муносабатлардаги ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишда муҳим амалий аҳамиятга эга бўлади.
Абдурасул Эранов,
Судьялар олий мактабининг
“Маъмурий ҳуқуқ” кафедраси ўқитувчиси