АЙБГА ИҚРОРЛИК БЎЙИЧА КЕЛИШУВ ИНСТИТУТИ: МАЗМУН-МОҲИЯТИ ВА УНИ ҚЎЛЛАШ ТАЖРИБАСИ

Мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар негизида жиноят процессида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишнинг илғор хорижий тажрибага асосланган замонавий механизмлари миллий қонунчилигимизга имплементация қилинаётганлиги ижобий жараёндир. Бунга мисол тариқасида айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув институтини келтириш мумкин.
Процессуал қонунчилигимизда мутлақо янги ҳисобланган ушбу ҳуқуқий институт АҚШда, шунингдек, Европа ва МДҲ мамлакатларида кенг қўлланилиб келинади. Бу борада бир ярим асрлик амалий тажрибага эга бўлган АҚШда ҳар йили жиноят ишларининг 95 фоизга яқини судлар томонидан соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилади.
Бу кўрсаткич Швейцарияда — 90%, Эстонияда — 80%, Японияда — 75%, Германияда — 70%, Испанияда 30% ни ташкил қилади.
Ушбу ҳуқуқий институт 2021 йил 18 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан процессуал қонунчилигимизга киритилган. Айни пайтда у Жиноят-процессуал кодексининг алоҳида тоифадаги жиноят ишларини юритиш бобидан жой олган.
Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув – жиноят ишини юритишни ўзига нисбатан қўйилган гумонга, айбловга рози бўлган, жиноятнинг очилишига фаол кўмаклашган ва келтирилган зарарни бартараф этган гумон қилинувчининг ёки айбланувчининг илтимосномасига асосан, назорат қилувчи прокурор билан ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ва оғир жиноятлар бўйича тузиладиган келишувдир.
Жиноят процессида келишув асосида соддалаштирилган иш юритишнинг аҳамияти шундаки, у жиноятлар тез ва қисқа муддатларда фош этилишига замин яратади. Бунда:
• жабрланувчига етказилган зарар тез суръатда бартараф этилади;
• узоқ давом этадиган тергов ва суд босқичларини қисқартириш орқали ортиқча оворагарчиликка чек қўйилади;
• тергов ва судларнинг иш юкламаси сезиларли даражада енгиллашади;
• вақт ва маблағлар тежалади;
• ўз навбатида, судларнинг иш юритувидаги қолган ишларни ҳар томонлама, синчковлик билан кўриб чиқиш имкониятлари кенгаяди.
Яна шуни таъкидлаш керакки, турли хил салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида қонунчилигимизда айбга иқрорлик тўғрисидаги келишувни суд томонидан тасдиқлаш ҳам белгилаб қўйилган. Суд бундай келишув гумон қилинувчи, айбланувчи томонидан ихтиёрий равишда тузилган-тузилмагани, келишувнинг моҳияти ва шартларини тушунган-тушунмагани, унинг оқибатларини англаб етгани, судланувчининг ўзи шахсан келишувни қўллаб-қувватлашини аниқлайди.
Қонунда келишувнинг мазмунига ҳам муайян талаблар қўйилган.
Жумладан, Жиноят-процессуал кодексининг 586-5-моддасига кўра, унда:
• келишув тузилган сана ва жой, келишув тузаётган прокурор тўғрисидаги маълумотлар, келишув тузаётган гумон қилинувчининг, айбланувчининг фамилияси, исми ва отасининг исми, бошқа маълумотлари;
• ҳимоячи ҳақидаги маълумотлар;
• жиноят содир этилган жой ва вақтнинг, шунингдек, исботланиши лозим бўлган бошқа ҳолатларнинг тавсифи;
• Жиноят кодексининг мазкур жиноят учун жавобгарликни назарда тутувчи моддаси, қисми, банди;
• гумон қилинувчига, айбланувчига қўлланилиши мумкин бўлган жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар;
• айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузилган жиноятлар бўйича жазо тайинлаш тартиби;
• содир этилган жиноятни фош этиш, жиноят иши бўйича далилларни тақдим этиш, жиноий йўл билан орттирилган мол-мулкни аниқлаш бўйича гумон қилинувчи, айбланувчи келишув имзоланганидан кейин бажаришни ўз зиммасига оладиган ҳаракатлар;
• етказилган зарарнинг миқдори ва унинг ўрни қопланиши;
• Жиноят-процессуал кодексининг 586-3-моддаси бешинчи қисмида назарда тутилган шартларни бажармаганлик оқибатлари кўрсатилган бўлиши керак.
Агар иш бўйича гумон қилинувчи, айбланувчи сифатида бир неча шахс жалб этилган бўлса, айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув ҳар бир гумон қилинувчи, айбланувчи билан алоҳида-алоҳида тузилади.
Келишув прокурор, гумон қилинувчи, айбланувчи, унинг ҳимоячиси томонидан имзоланади. Келишув имзолангунига қадар гумон қилинувчи, айбланувчи келишув тузиш масаласини ва унинг оқибатларини ҳимоячи билан холи қолиб ва махфий ҳолда муҳокама қилиш ҳуқуқига эга.
Шуни айтиш жоизки, процессуал қонунчилигимизда белгиланган айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув институти хорижий давлатларда мавжуд бўлган бу каби институтлардан баъзи жиҳатлари билан фарқ қилади.
Мисол учун АҚШ қонунчилигига кўра, келишув тузиш жараёнида жабрланувчининг розилиги келишувни амалга оширишда деярли инобатга олинмайди. Миллий қонунчилигимизда эса, бу масалага кенг қамровли ёндашилган бўлиб, етказилган зарарнинг бартараф этилганлиги бундай келишув тузишнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.
Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишувга доир ишлар, иш судга келиб тушган пайтдан эътиборан, бир ойдан кечиктирмай кўриб чиқилади. Суд ишни кўриб чиқиб, келишувни тасдиқлаш ёки рад этиш ва ишни прокурорга юбориш ҳақида қарор чиқаради. Келишув тасдиқланган ҳолларда, суд айблов ҳукми чиқариб, жазо тайинлайди.
Жиноят кодексининг 57-2-моддасига кўра, айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузилган жиноятлар бўйича тайинланадиган жазонинг муддати ёки миқдори Жиноят кодексининг Махсус қисми тегишли моддасида (қисмида) назарда тутилган энг кўп жазонинг ярмидан ошмаслиги керак.
Ушбу процессуал қоидаларни қўллаш орқали жиноят ишларини тергов қилиш муддатини қисқартириш, судда ишларни соддалаштирилган тартибда кўриш эвазига одил судловни тезкор таъминлаш кўзланганига қарамасдан, бу ҳуқуқий институтнинг амалиётда қўлланиш салмоғи кўрилаётган жами ишларга нисбатан пастлигича қолмоқда.
Масалан, жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар суди томонидан 2023 йилда — 471 нафар шахсга нисбатан 370 та, 2024 йилда 505 нафар шахсга нисбатан 394 та жиноят иши кўриб тамомланган бўлса-да, айбга иқрорлик тўғрисида келишув асосида бирорта иш кўрилмаган.
Фикримизча, бунинг сабаблари сифатида:
биринчидан, ушбу процессуал тартибнинг мазмун-моҳияти ҳар бир иш бўйича гумонланувчи, айбланувчиларга етарли даражада тушунтириб берилмаётгани;
иккинчидан, уни амалиётда қўллаш механизми бўйича нормаларни такомиллаштириш лозимлигини кўрсатиш мумкин.
Шунга кўра, айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув институтини янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва мулоҳазаларимизни билдиришни лозим топдик.
Жиноят процессида ушбу келишувга келиш учун ташаббус кўрсатиш ҳуқуқи гумон қилинувчи ёки айбланувчига тегишлидир. Бу тоифадаги ишларда ҳимоячининг иштироки шарт ҳисобланади. Шунга қарамасдан, аксарият ҳолларда улар ўзларининг ушбу ҳуқуқлари ва унинг оқибатлари тўғрисида етарли маълумотга эга эмас.
Шу нуқтаи назардан, жиноят ишини юритаётган шахс томонидан гумoн қилинувчи ёки aйблaнувчигa айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув тузиш шартлари ва уни қўллаш оқибатларини тушунтиришни норма сифатида Жиноят-процессуал кодексининг 46, 48-мoддaларига киритиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз.
Шунингдек, Жиноят кодексининг 57-2-моддасини ҳам такомиллаштирш лозим, назаримизда. Айни модда санкциясидаги жазолар шундай белгиланганки, аксарият ҳолларда айбланувчи келишув тузмасдан ҳам, ўзининг аҳволини енгиллаштирадиган натижага эришса бўлади.
Масалан, уй-жойга ғайриқонуний равишда кириб, ўғрилик содир этган шахсга Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “г” бандига асосан, энг кўп — беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин. Айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузилган ҳолларда, унга ушбу жазо муддатининг ярмидан, яъни икки ярим йилдан ортиқ бўлмаган жазо тайинланади.
Бу жиноятнинг санкциясида шундоқ ҳам озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган муқобил жазолар назарда тутилган бўлиб, шахсга фақат озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиши эҳтимоли жуда кам. Бундай ҳол шахсни келишув тузишга рағбатлантирмайди. Шу туфайли бундай ишлар амалиётда кўп кўрилса-да, аммо айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув тузиш ҳолатлари кам учрайди.
Шу сабабли, санкцияда муқобил жазолар назарда тутилган ҳолларда, жазо миқдори ярмидан ошмаслик кераклиги ҳақидаги қоида барча жазоларни қўллашда татбиқ этилиши ҳақида қўшимча киритиш лозим бўлади.
Шунингдек, иш фаолияти билан бевосита боғлиқ жиноятни содир этиб, кейинчалик айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув тузган шахсга нисбатан жазо тайинлашда Жиноят кодексининг 45-моддасига асосан, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазосини қўллаш масаласида турлича ёндашувлар мавжуд. Масалан, баъзи амалиётчилар қонунда тақиқ бўлмаганлиги сабабли, Жиноят кодексининг 45-моддасини қўллашга ҳеч нарса монелик қилмаслигини айтсалар, баъзилари келишув тузилганлиги сабабидан шахсга модда санкциясида назарда тутилмаган жазони қўллаш мақсадга мувофиқ эмаслигини, бу, моҳиятан, қонун мазмунига зид бўлишини таъкидлайдилар.
Шундай экан, айни масалада Олий суд Пленуми томонидан тегишли тушунтириш берилса, бундай қадам мазкур йўналишда ягона суд амалиётини шакллантиришга хизмат қилган бўлар эди.
Хулоса қилиб айтганда, халқаро тажрибадан ўтган процессуал институтларнинг мамлакатимиз қонунчилигига янада такомиллаштирилган ҳолда киритилиши шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлашда муҳим омил бўлади.
Хайруллохон Камолов,
жиноят ишлари бўйича
Чирчиқ шаҳар суди раиси