Click to listen highlighted text!

ГЕРМАНИЯ МАЪМУРИЙ СУДЛАРИДА МАЪМУРИЙ АКТНИНГ ҚОНУНИЙЛИГИНИ ТЕКШИРИШ АЛГОРИТМИ

photo_2024-12-20_17-16-10

Дунёнинг тараққий этган давлатларининг амалдаги қонунчилиги билан яқиндан танишиш соҳадаги ислоҳотларнинг муваффақиятини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Шу маънода, биз, 5 нафар маъмурий суд судьялари Германия Федератив Республикасининг Макленбург ўлкасидаги Висмар Шарқ институтида тажриба алмашиб қайтдик. Мазкур лойиҳа дастури доирасида судьяларда “Германия маъмурий судларида маъмурий актнинг қонунийлигини текшириш алгоритми” мавзуси катта қизиқиш уйғотди.

Маълумки, Ўзбекистон Маъмурий судлари маъмурий актнинг қонунийлигини, у аризачининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузиши ёки бузмаслигини текшириши белгиланган. Бироқ назарий жиҳатдан, бунда маъмурий актнинг қонунийлиги айнан қайси мезонлар бўйича текширилиши, ушбу мезонлар бўйича маъмурий актни ҳуқуқий баҳолаш кетма-кетлиги тизими ишлаб чиқилмаган.

Бу борада Германияда маъмурий актнинг қонунийлигини текшириш алгоритми ишлаб чиқилган бўлиб, у бўлажак судьялар учун ўқув дастурлари ва якуний имтиҳонларнинг мажбурий қисми ҳисобланади.

Шунингдек, амалиётда судьялар айнан шу алгоритм асосида маъмурий актнинг қонунийлигига баҳо беради ва суд қарорида ўз хулосаларини алгоритмдаги кетма-кетликда баён этади.

Алгоритм — маъмурий актнинг қонунийлигига баҳо беришда қўлланиладиган мезонлар ва уларнинг тизимли кетма-кетлиги деганидир.

Яъни маъмурий актнинг қонунийлигини текширишда унинг бир мезон бўйича ноқонунийлиги аниқланишининг ўзи уни қонунга хилоф деб эътироф этишга асос бўлиб, бунда кетма-кетликдаги кейинги мезонлар бўйича баҳо бериш зарурати мавжуд бўлмайди. Кейинги текшириш мезонига фақат аввалгисига ижобий баҳо берилгандагина ўтилади.

Мазкур алгоритмнинг туб моҳияти қуйидаги мезонларда намоён бўлади.

Биринчи мезон – маъмурий актнинг қабул қилинишига ҳуқуқий асос мавжудлиги. Ушбу мезон ижро ҳокимиятининг ваколатлари қонун билан чегараланганлигини, яъни қонунийлик ва ҳуқуқийлик тамойилларини ифода этади.

Маъмурий ҳуқуқ концепциясига кўра, фуқаролар учун – “қонун билан тақиқланмаган ҳамма нарсага рухсат этилган” қоидаси амал қилади.

Маъмурий органлар учун эса, бунинг тамомила тескариси – “фақат қонунлар билан йўл қўйилган нарсаларга рухсат берилган ҳисобланади” қоидаси ишлайди.

Мазкур мезонга кўра, низолашилаётган маъмурий актни қабул қилишда бунга йўл қўядиган моддий ҳуқуқ нормаси мавжуд ёки мавжуд эмаслиги текширилади.

Иккинчи мезон – маъмурий актнинг расмий ва шаклий жиҳатдан қонунийлиги. Бунда:

– биринчидан, маъмурий актнинг шаклан тўғрилиги (масалан, туман ҳокими ер ажратиш ҳақидаги ноқонуний қарори Е-қарор электрон базасида кўринмаслиги мақсадида уни қарор шаклида эмас, балки фармойиш шаклида чиқариши каби ҳолатлар);

– иккинчидан, маъмурий актнинг асослантирилганлиги (агар маъмурий актда унинг қабул қилиниши асоси кўрсатилмаган бўлса, у ноқонуний ҳисобланади, боиси — судлар унинг қонунийлигига айнан унда келтирилган асос бўйича баҳо беради);

– учинчидан, маъмурий органнинг маъмурий актни қабул қилиш ваколати бўлган ёки бўлмаганлиги (предмет бўйича, ҳудуд бўйича, вертикал инстанция бўйича);

– қарор қабул қилишда тартиб-таомилларга риоя этилганлиги, маъмурий орган маъмурий қарорида ҳал этган масала идоравий тааллуқлигига мувофиқ ёки тааллуқли эмаслиги текширилади.

Учинчи мезон – маъмурий актнинг моддий ҳуқуқ нормаси мазмунига мувофиқлиги. Бу ўринда, бошқача айтганда, ҳуқуқ нормасига кўра, маъмурий орган шундай қарор қабул қилиш шартида белгиланган ҳолат мавжуд бўлганда, қонун нормасида назарда тутилган чорани қўллаганлиги, маъмурий орган қўллаган чора моддий ҳуқуқ нормасида назарда тутилган ва ушбу нормада шарт қилиб белгиланган ҳолатда қўлланилганлиги ҳақида сўз бормоқда.

Масалан, қонун нормаси матни: “Агар тадбиркорлик субъектининг инсофсизлигини тасдиқловчи аниқ фактлар мавжуд бўлиб ҳамда жамоат манфаатлари ҳимояси учун унинг фаолиятини тақиқлаш зарурати бўлса, бундай тадбиркорлик субъектининг фаолияти тақиқланиши лозим”.

Мазкур нормага кўра, маъмурий орган тадбиркорлик фаолиятини тақиқлаши учун 2 та шартли ҳолат мавжуд бўлиши зарур.

Биринчиси — тадбиркорлик субъектининг инсофсизлигини тасдиқловчи аниқ фактлар мавжудлиги; иккинчиси — жамоат манфаатлари ҳимояси учун унинг фаолиятини тақиқлаш зарурати мавжудлиги.

Ушбу иккала шарт мавжуд бўлгандагина, маъмурий орган қонун нормасида белгиланган чорани қўллаши, яъни тадбиркорлик фаолиятини тақиқлаши мумкин, шунда маъмурий акт қонуний ва асосли ҳисобланади.

Бироқ бундай ҳолатда шартлар билан қўлланилган чоралар мутаносиб бўлиши лозим. Масалан, тадбиркорнинг инсофсизлиги жамоат манфаатларига унчалик салбий таъсир қилмаслиги ёки фаолиятни буткул тақиқлаш даражасичалик аҳамиятли бўлмаслиги мумкин.

Тўртинчи мезон – маъмурий органда дискрецион ваколат, яъни маъмурий ихтиёрийлик мавжуд бўлганида, маъмурий актни қўшимча равишда қуйидаги мезонлар бўйича ҳам текшириш зарурати пайдо бўлади. Яъни:

– маъмурий ихтиёрийлик қонун нормасининг мақсадига мувофиқ амалга оширилганлиги (масалан, пенсия ёшининг белгиланишидан мақсад — кексаларга муносиб турмуш тарзини кафолатлаш, ишчилар корпусини “ёшартириш” эмас);

– маъмурий ихтиёрийликнинг доирасидан, яъни чегарасидан чиқилмаганлиги;

– мутаносиблик принципига риоя этилганлиги.

Хулоса қилиб айтганда, Германия маъмурий суд-ҳуқуқ тизими билан танишиш жараёнида баъзи масалаларда уларнинг ютуқларини эътироф этган бўлсак, баъзи масалаларда ўзимизнинг ёндашувимиз тўғрироқ экан, деган фикрга ҳам келдик. Фақат Германия амалиётида муваффақиятли қўлланилаётган маъмурий актнинг қонунийлигини текшириш алгоритми бизга жуда маъқул келди.

Нега деганда, бугунги кунда баъзи ҳолатларда судлар томонидан низоли маъмурий актнинг қабул қилиниши тартиб-таомилларига риоя этилганлигини текшириш билан чекланиб, моддий ҳуқуқ нормаси нуқтаи назаридан асослилиги эътибордан четда қолиши ёки тамомила аксинча ҳолатлар ҳам амалиётда учраб туради. Шунингдек, дискрецион ваколатнинг тўғри амалга оширилганлиги ҳам тўлақонли текширилмасдан қолиб кетиш ҳоллари ҳам йўқ эмас.

Шу маънода, алгоритм тажрибаси низоли маъмурий актларнинг қонунийлиги ва асослилигини аниқ мезонлар асосида тизимли, чуқур, атроф­лича текширилиши — қабул қилинадиган суд қарорларининг сифат жиҳатидан яхшиланишига хизмат қилади, деган фикрдамиз.

Нодира Ҳакимова,Олий суд судьяси

#thegov_button_676c6037a30c3 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_676c6037a30c3:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_676c6037a30c3 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_676c6037a30c3:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!